Аллоҳнинг сифатлари баёни

3 йил аввал 4351 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Иброҳим алайҳиссалом қавмига фақат Аллоҳ таолонинг борлигини айтиш билан кифояланмадилар. Балки уларга Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларини ҳам батафсил баён қилиб бердилар.

Иброҳим алайҳиссалом қавмини санамларга ибодат қилиш ва унга боғлиқ барча бидъатлардан озод қилиш учун кураш олиб бордилар. У зот уларни ер юзидаги ҳар бир инсон учун лозим бўлган улкан ҳақиқатни – Аллоҳнинг ягона Ўзига иймон келтириб, ибодат қилиш зарурлигини англаб етишларига ҳаракат қилдилар.

Ана ўша уринишларидан бир кўринишни «Шуаро» сураси қуйидагича васф қилади:

«Ва уларга Иброҳимнинг хабарини тиловат қилиб бер.

Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган эди» (69–70-оятлар).

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари ҳам, қавм­лари ҳам нотўғри йўлдан бориб, буту санамларга ибодат қилар эдилар. Иброҳим алайҳиссалом буни яхши билар эдилар. Шунинг учун у кишининг:

«Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган саволлари аслида инкор этиш учун берилди. Иброҳим алайҳиссаломнинг саволларига жавоб қуйидагича бўлди:

«Улар: «Санамларга ибодат қилмоқдамиз. Ва уларга берилиб ибодат қилишда бардавом бўлурмиз», дедилар», дедилар («Шуаро» сураси, 71-оят).

Иброҳим алайҳиссаломнинг саволларига қавми:

«Санамларга ибодат қилмоқдамиз», деб жавоб беришларидан уларнинг ўзлари худога эмас, санамларга сиғинаётганларини тан олганликлари билиниб турибди.

Шу билан бирга, улар залолатдан қайтиш ниятлари йўқ эканлигини фахр-ла эълон қилмоқдалар.

«Ва уларга берилиб ибодат қилишда бардавом бўлурмиз».

Улар Иброҳим алайҳиссалом санамларга ибодат қилишни тарк этишни таклиф қилиб қолиши мумкин, дея жавобни олдиндан айтиб қўймоқдалар. Ақл ишлатмай, бир нарсага муккасидан кетишнинг оқибати доимо шундай бўлади.

Иброҳим алайҳиссалом қавмларидан санамларга ибодат қилишда бардавомлик қарорини эшитгач, уларга қуйидаги саволни бердилар:

«У деди: «Илтижо қилганингизда улар сизни эшитадиларми? Ёхуд фойда ёки зарар етказа оладиларми?» («Шуаро» сураси, 72–73-оятлар).

«Худо дегани ҳеч бўлмаганда, ўзига илтижо қилаётган одамнинг сўзини эшитиши керак. Сизнинг санамларингиз

«Илтижо қилганингизда улар сизни эшитадиларми?»

«Яна худо деган зот ўзига топинганларга фойда ёки зарар етказиши ҳам керак. Унинг фойдасидан умидвор бўлиб, зарар етказишидан эҳтиёт бўлиб, унга ибодат қилса ярашади. Хўш, сизнинг санамларингиз

«Ёхуд фойда ёки зарар етказа оладиларми?»

Улар Иброҳим алайҳиссаломнинг бу ҳаққоний саволларига тўғридан-тўғри жавоб бермадилар. Чунки жавоб беришса, ўзлари шарманда бўлишлари аниқ. Санамлари уларнинг илтижоларини эшитмаслиги ҳаммага маълум. Ўзлари тош ёки ёғочдан йўниб ясаб олган ҳайкаллари нимани ҳам эшитарди?

Шунингдек, у санамлар мушрикларга ҳам, ўзларига ҳам фойда-зарар етказа олмайдилар.

Мушриклар санамларга ибодатларининг сабабини пардали қилиб баён этдилар:

«Улар: «Йўқ, ота-боболаримизни шундай қилаётган ҳолларида топганмиз», дедилар» («Шуаро» сураси, 74-оят).

Яъни «Санамлар бизнинг илтижоларимизни эшитмайдилар, бизга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайдилар, аммо ота-боболаримизнинг санамларга шундай ибодат қилаётганларини кўрдик ва биз ҳам уларга ўхшатиб ибодат этмоқдамиз», дедилар.

Кўр-кўрона тақлид оқилона тасарруфли одамнинг иши эмас.

Иброҳим алайҳиссалом мушриклардан бу жавобни эшитгач:

«У деди: «Нимага ибодат қилаётганингизни кўрдингизми?! Сиз ва қадимги оталарингиз?!» («Шуаро» сураси, 75–76-оятлар).

Яъни «Нимага ибодат қилаётганингизни ҳеч ўйлаб кўрдингизми ўзи?»

«Албатта, оламлар Роббидан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди («Шуаро» сураси, 77-оят).

Иброҳим алайҳиссалом мушрикларга санамларнинг ҳеч бир ишга қодир эмаслигини билдириб қўйиш учун кўпчилик олдида уларнинг ўзларига душман эканлигини ошкора эълон этдилар.

Сўнгра уларга Роббул Оламийн бўлган Аллоҳ таолони васф қилишга ўтдилар:

«У мени яратган Зотдир. Бас, мени ҳидоят қиладиган ҳам Унинг Ўзи» («Шуаро» сураси, 78-оят).

Мени йўқдан бор қилган Зот ўша Роббул Оламийндир. Энди мени тўғри йўлга ҳам Ўша Зотнинг Ўзи бошлайди.

«Ва мени едирадиган ва ичирадиган ҳам Унинг Ўзи» («Шуаро» сураси, 79-оят).

Менинг ризқимни Унинг Ўзи беради. Ўша Роббул Оламийннинг Ўзи мени едириб, ичиради.

«Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи» («Шуаро» сураси, 80-оят).

Тафсирчи уламоларимиз шу ўринда Иброҳим алайҳиссаломнинг улкан одоб намунасини кўрсатганларини эслатиб ўтадилар. У зот бемор бўлишни ўзларига, шифо беришни Аллоҳ таолога нисбат бердилар. Зотан, банданинг беморлиги ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади.

«Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзи» («Шуаро» сураси, 81-оят).

Бу дунёда жонимни олиб, ўлдирадиган ҳам, у ­дунёда қайта тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир.

«Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам Унинг Ўзи» («Шуаро» сураси, 82-оят).

Чунки у кунда Роббул Оламийндан ўзга ҳукмдор бўлмайди. Фақат Унинг Ўзигина ҳукм чиқаради. Бандаларни мағфират қилиш ҳам фақат Унинг ихтиёрида бўлади.

Демак, мушрикларнинг илтижони эшита олмайдиган, фойда ёки зарар келтира олмайдиган санамларидан фарқли ўлароқ, Роббул Оламийн ҳамма нарсага қодирдир. У одамларни ва бошқа нарсаларни йўқдан бор қилиб яратади, ҳидоятга солади, таомлантиради, сув беради, даволайди, ўлдиради, қайта тирилтиради, қиёмат куни мағфират қилади.

Шунинг учун санамлардан воз кечиб, Роббул Оламийнга ибодат қилиш, фақат Унинг Ўзига илтижо этиш лозим.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ