У зотнинг бутларни парчалашлари

3 йил аввал 3226 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Бутлар ҳақидаги тортишувлардан биридан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бутларни парчалаш ҳақидаги ниятларини амалга оширишга қарор қилдилар. Иброҳим алайҳиссалом нобакор қавмнинг додини бериш, бутларнинг қўлидан ҳеч вақо келмаслигини амалда исбот қилиш мақсадида бош­қача тасарруф қилишга ўтдилар.

Бу тасарруфни «Вас-соффаат» сурасида қуйидагича васф қилади:

«Бас, юлдузларга бир назар солди. Ва: «Албатта, мен беморман», деди» (88–89-оятлар).

Тафсирчи уламоларимизнинг келтиришларича, Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмида маълум ва маш­ҳур байрамлар бўлган. Улар байрамларда ўйин-кулги ва кайфу сафога чиқишар эди. Чиқишдан олдин эса сохта худолари ҳузурига турли мева-чевалар қолдириб кетишарди. Ўйин-кулги ва кайфу сафодан кейин келиб, ўша таомларни муборак таом сифатида қайтариб олишарди.

Қавмининг тўғри йўлга юришидан умиди узилганидан кейин Иброҳим алайҳиссалом ўзларича бир режа тузиб, мазкур байрам кунини кутдилар. У зот қавмидан кўрган нобакорлик, саркашликлар оқибатида юраклари жуда сиқилган, ҳузур-ҳаловатларини йўқотган, қавмлари учун қайғуриб, ноқулай ҳолатга тушиб қолган эдилар.

Байрамга отланиб чиққан қавм аъзолари Иб­ро­ҳим алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у зотнинг ўзлари билан байрамга чиқишларини сўрашди. Шунда:

«Бас, юлдузларга бир назар солди...»

Ҳалиги одамларга жавоб беришдан олдин худди ибодатхонадаги бошқа одамлар каби, осмонга ўзига хос бир назар солдилар. У зотнинг бу ҳолатлари суҳбатдошларида «У осмондаги юлдузлардан бирор нарсани билиб олди шекилли», деган гумон пайдо қилиши мумкин эди.

«Ва: «Албатта, мен беморман», деди».

Юраги сиқилавериб, ноқулай ҳолатга тушиб қолганларини, қавмларига куявериб, қалблари дардга тўлганини билдирдилар. Шошилиб турган одамлар бу гапдан кейин дарҳол Иброҳим алайҳиссаломни қолдириб, йўлларида давом этишди.

«Дарҳол ундан ортга қараб юз ўгириб кетдилар» («Вас-соффаат» сураси, 90-оят).

Улар кетишганидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом олдилари таомга тўла сохта худолар билан ибодатхонада ёлғиз ўзлари қолдилар.

«Бас, тезда уларнинг илоҳларига бурилди ва деди: «Қани, емайсизларми?! Сизга нима бўлди?! Гапирмайсизлар?!», деди («Вас-соффаат» сураси, 91–92-оятлар).

Иброҳим алайҳиссалом дарҳол мушрикларнинг ибо­датхонасидаги бут ва санамларига қараб, уларнинг олдидаги одамлар қўйган таомларни кўрсатиб:

«Қани, емайсизларми?!» дедилар.

Бундай дейишлари ўша сохта худолар ва уларни худо деб юрган жоҳил мушриклар устидан истеҳзо эди. Олдига қўйилган таомни ҳис қила олмайдиган бут ва санамни худо деб, унга сиғиниш, илтижо қилиш, ундан ёрдам сўраб, мағфират кутиш инсоният учун уятли бир ҳолдир.

Иброҳим алайҳиссаломнинг гапларига бут ва санамлар лом-мим дея олмай туравердилар. Иброҳим алайҳиссалом сўзларида давом этиб:

«Сизга нима бўлди?! Гапирмайсизлар?!» деди».

«Эй худолар! Сизга нима бўлди ўзи?! Жим турибсиз?! Савол берса ҳам жавоб бермайсизлар?»

«Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўл билан ура бошлади» («Вас-соффаат» сураси, 93-оят).

Яъни Иброҳим алайҳиссалом бут ва санамларга яқинлашиб, уларни ўнг қўлларидаги болта билан уриб, синдира бошладилар.

«Бас, уларни майда-майда қилиб ташлади. Магар энг каттасини, шоядки, унга қайтсалар, деб (қолдирди)» («Анбиё» сураси, 58-оят).

Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар ва энг катта бутга тегмасдан, қолдириб қўйдилар. Бу хабарни эшитган қавм:

«У томон шошиб, бир-бирларини туртиб келишди» («Вас-соффаат» сураси, 94-оят).

Мушриклар Иброҳим алайҳиссалом томон шошиб-пишиб, тезроқ бориш учун бир-бирларини туртишиб-суришиб етиб келишди.

Байрамдан қайтиб келган қавм бутларини парчаланган ҳолда кўриб, даҳшатга тушди ва:

«Улар: «Бизнинг илоҳларимизга ким бундай қилди?! Албатта, у золимлардандир!» – дедилар» («Анбиё» сураси, 59-оят).

Бу саволга жавоб излай бошладилар. Ана ўшандагина худолари ҳақида уларга ёқмайдиган гап айтиб юрган Иброҳим исмли йигит эсларига келди.

«Улар: «Уларни тилга олаётган бир йигитни эшитган эдик, уни Иброҳим деб айтиларди», дедилар» («Анбиё» сураси, 60-оят).

Яъни «Худоларимизни ёмонлик ила эслаб юрган бир йигит ҳақида эшитган эдик. Унинг исми Иброҳим эди. Эҳтимол, бу ишни ўша Иброҳим қилгандир», дейишди.

«Улар: «Уни одамлар кўз олдига олиб келинглар. Шоядки, гувоҳ бўлсалар», дедилар» («Анбиё» сураси, 61-оят).

Мушриклар худоларини синдирган кишининг адабини бериб қўйишга қарор қилдилар. Улар бу жазо чорасининг бошқа одамлар кўзи олдида бўлишини афзал кўрдилар. Шоядки, бошқалар кўриб, ибрат олиб, «Бундан кейин ҳеч ким худоларимизга қўл теккизмаса», деб ўйладилар. Ва ниҳоят, Иброҳим алайҳиссаломни одамлар қошига келтириб, сўроқ қила бошладилар.

«Улар: «Илоҳларимизга буни сен қилдингми, эй Иброҳим?!» – дедилар» («Анбиё» сураси, 62-оят).

Яъни «Худоларимизни парча-парча қилиб ташлаган сенмисан?» дедилар.

Уларнинг бу саволига жавобан:

«У: «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди. Улардан сўраб кўринглар, агар нутқ қиладиган бўлсалар», деди» («Анбиё» сураси, 63-оят).

Иброҳим алайҳиссалом: «Йўқ, бу ишни ўша худоларингизнинг каттаси қилди, ҳамма кичик худоларни синдириб ташлаб, ўзи бутун қолди. Агар менга ишонмасанглар, гапирадиган бўлсалар, уларнинг ўзларидан сўраб кўринглар», дедилар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гапларида ҳар қандай жоҳилнинг ҳам ҳушини жойига келтирадиган ҳақиқат бор эди: «Бутлар худо бўлса, қандай қилиб парча-парча бўлиб кетадилар? Қандай қилиб ўзларини ким синдирганини айтиб бера олмайдилар?

Эй мушриклар, сизлар бутларга худо деб сиғинмоқдасизлар. Лекин парчаланиб кетадиган нарса худо бўла оладими? Ўзини ким синдирганини айтиб бера олмайдиган нарса худо бўла оладими?»

Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гаплари мушриклар қавмига таъсир қилди.

«Бас, улар ўзларига келдилар ва: «Албатта, сизлар ўзингиз золимларсиз», дедилар» («Анбиё» сураси, 64-оят).

Иброҳим алайҳиссаломнинг мантиқли саволларидан кейин мушриклар ўзларига келдилар. Ҳеч нарса қўлидан келмайдиган бутларни «худо» деб юрганлари нотўғри эканлигини тушундилар ва бир-бирларига:

«Албатта, сизлар ўзингиз золимларсиз», дедилар».

«Ҳақиқий Аллоҳнинг ҳаққига зулм қилиб, ўзингиз ясаб олган бутларни худо деб юрибсиз», дедилар.

«Сўнг, яна бошлари айланиб: «Батаҳқиқ, буларнинг нутқ қилмаслигини билар эдинг-ку!» – дедилар» («Анбиё» сураси, 65-оят).

Ақли жойида одам мушрик бўлармиди? Ақллари кирганда ҳақиқатни тан олишди. Ақли кетиб, яна эски ҳолларига қайтдилар ва Иброҳим алайҳиссаломга ҳужумни давом эттирдилар:

«Батаҳқиқ, буларнинг нутқ қилмаслигини билар эдинг-ку!» – дедилар»

Шу тарзда Иброҳим алайҳиссаломга осилиб кетишди:

«Сен худоларимизнинг гапирмаслигини олдиндан билар эдинг. Яна нимага бизларга «Агар улар гапирадиган бўлсалар, ўзларидан сўранглар», деяпсан?» деб дўқ уришди.

Шунда Иброҳим алайҳиссалом ҳам очиқчасига ўтдилар:

«У деди: «Аллоҳни қўйиб, ҳеч манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган нарсага ибодат қила­сизми?! Суф сизга! Аллоҳни қўйиб, ибодат қила­ётган нарсаларингизга ҳам! Ақл юритмайсизларми?!» («Анбиё» сураси, 66–67-оятлар).

Яъни «Ўйлаб кўрмайсизларми? Буларнинг нимасига сиғиняпсиз ўзи?! Булар сизга фойда ҳам бермаса, зиён ҳам етказа олмаса, нима учун фойда берадиган, зиён етказа оладиган Аллоҳни қўйиб, буларга топинмоқдасизлар?! Сизга ҳам суф! Аллоҳни қўйиб, ибодатини қилаётган «худо»ларингизга ҳам суф! Ақл юритиб кўрмайсизларми?!»

Ақл ва мантиқ бобида мағлубиятга учраган мушрик қавм одатдагидек, ўз рақибини жисмоний йўқ қилиш йўлига ўтдилар.

«Улар: «Уни куйдиринглар! Агар (бир иш) қиладиган бўлсангиз, илоҳларингизга ёрдам беринг!» – дедилар» («Анбиё» сураси, 68-оят).

Яъни мушриклар бир-бирларига «Иброҳимни куйдириб, худоларингизга ёрдам беринглар, Иброҳимни куйдириб юборишингиз худоларингизга ҳақиқий ёрдам бўлади», дедилар.

Лекин улар гапларида катта нуқсон борлигини, бу талаблари худоларининг сохта эканлигини исбот этишини ўйлаб кўришмас эди. Бандасининг ёрдамига муҳтож худо қандай қилиб худо бўлиши мумкинлиги устида фикр юритишмас эди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ