Ҳажнинг бошланиши

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айни ўша зотга раво кўрди.

Инсоният тарихидаги ана шу энг улкан ҳоди­салардан бири қандай кечганлигини «Ҳаж» сура­сининг ушбу оятларидан ўрганамиз:

«Эсла, Биз Иброҳимга Байтнинг жойини бел­гилаб бердикки: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қил­гувчилар учун поклагин.

Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон узоқ-узоқ йўллардан пиёда юриб, озғин уловлар устида келурлар.

Токи ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар ва маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари узра Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар, бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.

Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «Байтулъатийқ»ни тавоф қилсинлар» (26–29-оятлар).

Демак, Байтуллоҳни қуриш иши Аллоҳ таолонинг Ўзининг бевосита кўрсатмалари асосида бўлган.

«Эсла, Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бердикки…»

Ҳатто Каъбаи Муаззамани қаерга қуришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Белгилаб берганда ҳам, Ўзининг Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга белгилаб берган.

Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ кўрсатилган жойга Байтуллоҳни қуриб битирганларидан сўнг Аллоҳдан қуйидаги фармон келди:

«Менга ҳеч нарсани шерик қилма…»

Яъни «Менга дунёдаги ҳеч бир нарсани шерик келтирма. Байтнинг эгасига ширк келтириш мумкин эмас. Унинг шериги йўқ».

«…Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин».

Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга мусулмонлар ҳақлидирлар.

«Одамларни ҳажга чақир…»

Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир.

«…улар сен томон узоқ-узоқ йўллардан пиёда юриб, озғин уловлар устида келурлар».

«Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Йўл узоқлигидан, машаққатлилигидан уловлари озиб-ҳориб кетса ҳам, келсинлар».

Байтуллоҳнинг эгаси унинг қурувчисига шундай деб турганидан кейин мусулмонларни ундан тўсишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

«Токи ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар».

Байтуллоҳни ҳаж қилишда ҳар бир ҳожи учун кўплаб дунё ва охират манфаатлари бор. Ҳажда ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатлар кўп. Ҳажга келувчилар аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, қолаверса, бир-бирлари билан танишадилар, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Уларнинг бу манфаатларидан баҳраманд бўлишга ҳақлари борлигини Аллоҳнинг Ўзи эълон қилиб қўйган.

«Ва маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари узра Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар».

Ҳаж палласи Аллоҳ таолони зикр қилиш авжига чиқадиган мавсумдир. Бу мавсумнинг авжи эса ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Ҳар бир ҳожи Аллоҳнинг йўлида барча нарсани қурбон қилиш рамзи сифатида Аллоҳнинг номини зикр этиб туриб, туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини қурбонлик қилади.

«Бас, улардан енглар, бечора ва фақирларга ҳам егизинглар».

Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади.

Масжидул Ҳаромнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ таолонинг бу амрига қарши мусулмонларни ўша манфаатлардан, қурбонлик қилишдан, Аллоҳнинг номини зикр этишдан тўсишга Қурайш кофирларининг нима ҳаққи бор?

«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар…»

Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бош­қа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда

«…ўзларидаги кирларни кетказсинлар…» дейишдан мақсад шу.

«…ва «Байтулъатийқ»ни тавоф қилсинлар».

«Байтулъатийқ»дан (Қадимги уй) мурод Каъба­тул­лоҳдир. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этиш билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.

Масжидул Ҳаромнинг тарихи ва унда қилинадиган амаллар ана шулардан иборат. Аллоҳ таоло у ернинг ҳурматини сақлашга чақирган. У ерда маълум ишларни ҳаром қилган. Бунга ҳамма амал қилиши керак.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қариган чоғларида ато этган ҳалим ўғил Исмоил билан боғлиқ ҳодисалар ана шулардан иборат. Энди гапни бош­қа тарафдан эшитинг.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан