Иброҳим алайҳиссаломнинг меҳмонлари

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил­дан бошқа фарзанд беришни ҳам ирода қилган эди. Ана ўша хурсандчилик хабарни ўзига хос бир услубда етказишни ирода қилди.

Бу ҳолни бизга «Зарият» сурасидаги оятлар очиб беради:

«Сенга Иброҳимнинг икром қилинган меҳмонларининг хабари келдими?» (24-оят).

Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига келган меҳмонлар ёш, хушрўй йигитлар суратидаги фаришталар эди. Уларни Аллоҳ таоло «карамли» деб сифатлади, чунки улар Аллоҳнинг ҳузурида мукаррам эдилар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг бундан хабарлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам улар кириб, у зотга салом берганларида алик олдилар-да, танимаётганларини изҳор қилдилар.

«Улар унинг ҳузурига кириб, «Салом» деганларида, у «Салом, нотаниш қавмлар», деди» («Зарият» сураси, 25-оят).

Сўнгра:

«Аҳлига махфий бориб, семиз бузоқни (пишириб) келтирди» («Зарият» сураси, 26-оят).

Ушбу оятда Иброҳим алайҳиссаломнинг ниҳоятда меҳмондўст зот эканликлари очиқ-ойдин кўрсатилмоқда. Ҳузурларига нотаниш кишилар келиб, салом беришлари билан алик олиб, меҳмонларга билдирмай, дарров аёлларига бориб, семиз бузоқни пиширтириб, олиб келишлари сахийлик ва меҳмондўстликнинг юқори даражадаги аломатларидандир.

«Уни уларга яқин сурди ва: «Емайсизларми?»– деди» («Зарият» сураси, 27-оят).

Яъни меҳмонлар олдиларига қўйилган гўштни емай ўтираверганларидан сўнг Иброҳим алай­ҳиссалом бузоқ гўштини уларга яқинроқ суриб, «Емайсизларми?» дедилар.

Фаришталар овқат емайдилар, шунинг учун улар яна овқатни емай, ўтиравердилар. Одатда меҳмон мезбондан норози бўлса, унга ёмонликни раво кўрса, овқатини емайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом:

«Бас, улардан хавфсиради. Улар: «Қўрқма», дедилар ва унга илмли ўғил башоратини бердилар» («Зарият» сураси, 28-оят).

Яъни Иброҳим алайҳиссаломда таомларини емаётган меҳмонлардан қўрқиш аломатлари пайдо бўлди. Буни меҳмонларнинг ўзлари ҳам сездилар-да, у зотга «Қўрқма, биз Аллоҳ тарафидан юборилган фаришталармиз, сенга бир илмли ўғил фарзанд кўришингнинг башоратини олиб келдик», дедилар.

Бу гапларни Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам эшитиб турган эканлар.

«Бас, хотини бақирганча келди ва юзига шапалоқ тушириб: «Қари, туғмас кампир-а?!» – деди» («Зарият» сураси, 29-оят).

Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом тўқсон ёшларигача фарзанд кўрмаганлар. Сўнгра кичик хо­­тинлари Хожар онамиздан Исмоил алай­­ҳис­­саломни кўрганлар. Ундан сўнг ҳозир ҳикоя қилинаётган ҳодисалар бўлиб ўтган. Башорати берилаётган фарзанд – Исҳоқ алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг катта хотинлари – Сора онамиздан туғилган фарзанд эканлиги оятдан билиниб турибди.

Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ўзларининг туғмасликларини яхши билар эдилар, бунинг устига, қариб-қартайиб, фарзанд кўришдан бутунлай умидлари узилган эди. Шунинг учун ҳам хабарни эшитиб, даҳшатга тушдилар. У киши бу Аллоҳнинг амри эканлигини, хабарни фаришталар келтирганини англай олмаган эдилар. Бу ҳақиқатни онамизга фаришталарнинг ўзлари англатдилар.

«Улар: «Роббинг шундай деди. Албатта, Унинг Ўзи Ҳакийм ва Алиймдир», дедилар» (30-оят).

Яъни фаришталар Иброҳим алайҳиссаломнинг аёлларига «Бунақа даҳшатга тушма, ажабланма ҳам, бу гапларни сенинг Парвардигоринг айтди, у ҳамма нарсага қодир», деган маънодаги гапни айт­дилар. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Аллоҳ тао­ло катта ёшдаги икки қари бандасига илмли, кейинчалик пайғамбар бўладиган Исҳоқ исмли ўғил фарзанд берди.

Аллоҳ таоло ота-онанинг қўшилишидан фарзанд дунёга келишини асосий қоида қилиб қўйган. Бу қоидага кишилар шунчалик ўрганиб кетишганки, кўплари ҳақиқий яратувчи Аллоҳ таоло эканлигини унутиб, иш фақат эру хотин билан битаверади, деган бузуқ ақидага ҳам борадилар. Бандалар Аллоҳ таолони эсдан чиқармасликлари учун Яратганнинг Ўзи баъзи ҳолларда юқоридаги қоидани «бузиб» туради. Баъзи кишиларга фақат ўғил беради, қизга зор қилиб қўяди. Баъзиларга фақат қиз беради, улар ўғилга зор бўлишади. Баъзиларга ўғил-қизни аралаш беради. Баъзиларни эса бутунлай фарзандсиз қилиб қўяди. Демак, эр-хотиннинг қўшилиши асосий омил эмас, Аллоҳ тао­лонинг иродаси асос эканлигини мазкур ҳолатлар доимо эсимизга солиб турмоғи лозим.

Қариб қолган аёлларнинг туғмаслиги ҳам умумий қоида. Айниқса, улар ёшликларидан туғмас бўлиб ўтган бўлсалар. Бу ҳам кишиларнинг онгига сингиб кетган. Ҳатто Иброҳим алайҳиссаломдек улуғ пайғамбарнинг аёллари ҳам бу қоидадан ташқарига чиқишни хаёлларига сиғдира олмадилар. Лекин Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳамма нарса осон. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Меҳмонларнинг ким эканлигини очиқ-ойдин билиб олган Иброҳим алайҳиссалом уларга савол бера бошладилар.

«У: «Ишингиз недир, эй элчилар?!» – деди» («Зарият» сураси, 31-оят).

Иброҳим алайҳиссалом меҳмонлар фаришталар эканликларини билдилар. Улардан Аллоҳ ўзларига илмли ўғил фарзанд беришни ирода қилганлиги ҳақидаги хушхабарни ҳам эшитдилар.

Лекин улуғ пайғамбар бўлган у зот бу фаришталарнинг бошқа ишлари борлигини сезиб турган бўлсалар керак. Улардан:

«У: «Ишингиз недир, эй элчилар?!» – деди» деб сўрадилар.

«Улар дедилар: «Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз.

Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тош­ларни ташлашимиз учун. Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилганларни» («Зарият» сураси, 32–34-оятлар).

Оятдаги «жиноятчи қавм»дан мурод Лут қавмидир. Бу қавм инсоният тарихида бўлмаган улуғ жиноятни содир этган. Улар ўзларига эркак билан эркакнинг жинсий алоқа қилишини раво кўрдилар.

Пайғамбар Лут алай­ҳиссалом уларни бу жиноятдан кўп қайтардилар, лекин самара бермади. Оқибатда улар Аллоҳнинг азобига дучор бўлдилар.

Ўша жиноятчи қавмга Аллоҳ таоло ирода қилган азобни етказиш Иброҳим алай­ҳиссалом билан суҳбатлашиб турган ушбу фаришталарга топширилган эди. Шу билан бирга, уларга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссаломга илмли ўғил башоратини бериб ўтиш ҳам буюрилган эди.

Аммо Иброҳим алайҳиссалом уларни саволга тутиб қолганларидан кейин ўзларининг бажаришлари лозим бўлган асосий ишлари ҳақида ҳам ахборот бера бошладилар.

«Улар дедилар: «Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз».

Яъни аслида биз Аллоҳ таоло томонидан жиноятчи Лут қавмига юборилганмиз.

«Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тошларни ташлашимиз учун».

Яъни ўша жиноятчи қавм аъзолари устидан лойдан пиширилган қаттиқ тошларни ташлаб, ўлдиришимиз керак.

«Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилганларни», дедилар.

Ўша лойдан пиширилган қаттиқ тошлар Аллоҳ таоло томонидан исрофчилар учун белгилаб қўйилган, баъзи ривоятларда айтилишича, ҳар бир гуноҳкорни ўлдириш керак бўлган тошга унинг исми ёзиб қўйилган эди.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан