Чекиш таҳоратни синдирадими, агар…

2137

Савол: Chekish tahoratni sindiradi, deb eshitganman. Masalan: sigaret, nos… Agar haqiqatdan нam tahoratga zarari bölsa, boshqatdan töliqligicha tahorat olish kerakmi, yoki og’iz-burunni chayqash kifoya qiladimi?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Алҳамду лиллаҳи ваҳдаҳ, вассолату вассаламу ала ман ла набийя баъдаҳ.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Саволингиз siyrat.uz сайтимиз мавзусига алоқаси бўлмаса-да, мазкур масала бўйича айрим намозхонларимиз орасида тушунмовчиликлару келишмовчиликлар бўлаётгани, ҳамда forum.islom.uz да ёшларимиз ўртасида баҳс-мунозаралар кечаётгани сабаб, содда услубда жавоб беришга ҳаракат қилдик:

21 аср Ислом уламолари сигарет, нос каби ифлос нарсаларни чекишнинг қатор зарарларини ўрганиб чиқиб, «усулул фиқҳ», яъни фиқҳий далиллар асосида: «Сигарет ва нос чекиш ҳаромдир», дея бир овоздан фатво чиқаришди.

Бироқ улар чекиш таҳоратни бузишбузмаслиги ҳақида турли фикрларни билдиришяпти.

«Бузмайди» дея фатво бераётган олимлар: «Чекиш таҳоратни бузиши ҳақида далиллар йўқ», дейишса, «Бузади» деб фатво бераётган уламоларимиз («Мухтасари жунг» китоби мисолида): «Буларнинг ҳаромлигини билатуриб, яна чекишни давом эттираётган кашандаларга «зажр сиёсати»ни қўллаб, «ижтиҳодий қавллар» ичидан «оммага манфаатлироқ қавл»ни олиб фатво беряпмиз», дейишмоқда.

Қоида:

1) бир масаланинг далиллари «қатъий далолатга»эга бўлса, яъни бир маънога далолат қилса, бу масаланинг ҳукми ҳам бир хил бўлади ва бу борада ихтилоф қилинмайди, чунки «қатъий далолат»ли далилларга эга масалаларда мужтаҳид уламолар ҳам ижтиҳод қилишмайди;

2) бир масаланинг далиллари «зонний далолат»га эга бўлса, яъни бир неча хил маънога далолат қилса, мужтаҳид уламолар ўша масаланинг ҳукмини аниқлаш учун бор илмларини ишга солиб, ижтиҳод қилишади, яъни мавжуд далиллар асосида ҳукм чиқаришади, шариат эгасининг ўша масала бўйича муродини аниқлашга ҳаракат қилишади ва баъзан «зонний далиллар» туфайли чиқарган ҳукмлари ҳар хил бўлиб қолади.

Дарвоқе, мужтаҳидлар тарафидан айтилган ҳукмларга фиқҳий истилоҳда «қавллар», дейилади.

Саволларга жавоб берувчи ва муаммоларни ҳал этувчи уламоларимиз бир неча мужтаҳидларнинг турли «қавллар»и ичидан энг муносибини олиб, эълон қилишларига эса, шаръий истилоҳда «фатво», дейилади.

«Қавллар»нинг «энг муносиби»дан мурод саҳиҳроғи ё кучлироғи ёки оммага манфаатлироғидир.

Энди, «чекиш таҳоратни синдиради», деяётган уламоларимиз кашанда ва носкаш мусулмонларнинг ҳалолу ҳаром масаласига енгил муносабатда бўлаётганлари сабабли, «зажр сиёсати»ни қўллаб, «оммага манфаатлироқ» бўлган «қавл»га асосланиб, «Чекиш таҳоратни синдиради», деб фатво беришяпти…

Аллоҳ таолонинг Ўзи уламоларимиздан рози бўлсин, бизларга эса инсофу тавфиқ берсин, Сироти мустақимда барқарор қилсин, илмларимизни зиёда, иймонларимизни бақувват ва эътиқодларимизни мустаҳкам этсин ҳамда ҳаммамизни ҳаромдан ҳазар қиладиган тақводор мусулмонлардан қилсин, зеро жаннат тақводор мусулмонлар учун ваъда қилинган, омийн!

 

Мулоҳаза билдиринг