Ҳазрат Абу Бакрнинг халифаликка сайланишлари

3 йил аввал 2773 siyrat.uz

Ҳазрат Абу Бакр Мадинада, Пайғамбар масжидида ўқиган бу хутбалари билан асҳобнинг ҳаяжонини босишга қандай муваффақ бўлган бўлсалар, ўша куни халифаликка сайлов ишида шошқалоқлик қилган ансорни ҳам энг тахликали йўлдан қайтариб, Ислом бирлигининг парчаланишига йўл қўймаган эдилар. Бинобарин, ўзлари мусулмонларнинг илк халифаси (давлат бошлиғи) этиб сайландилар.

Расули акрамдан кейин Ислом бирлигини сақлаб қолмоқ учун мусулмонларнинг бошига буюк бир Зот ўтиши керак эди. Давлат бошлиғини (халифа) сайлаш ишида асҳоб орасида уч хил фикр ўртага чиқди35:

1. Ансорнинг (мадиналик мусулмонларнинг) фикри: мадиналиклар мусулмонликка қилган хизматларини назарда тутиб, ўзларини амирликка (халифаликка) лойиқ кўраётган эдилар. Шу муносабат билан Бани Саида суфасига тўпланишди. Ансор фирқасининг номзоди Убода ўғли Саъд эди.

2. Муҳожирларнинг (маккалик мусулмонларнинг) фикри: булар халифанинг Қурайш қабиласидан бўлишини талаб қилишди. Муҳожирлар фирқасининг номзоди ҳазрат Абу Бакр эдилар.

3. Ҳошимийлар фикри: ҳошимийлар халифалик ишида ақраболикни аҳамиятли деб билишган, халифа Пайғамбарнинг энг яқин ақрабоси ичидан танланишини исташаётган эди. Ҳошимийлар фирқасининг номзоди ҳазрат Али эдилар.

Ҳазрат Абу Бакр Масжиди Набийдаги хутбаларидан кейин ҳазрат Умар икковлари Расули акрамнинг ҳужраларига кирдилар. Энг яқин қариндошлари билан биргаликда Пайғамбаримизни сўнгги йўлга кузатишга ҳозирлик кўра бошлашди.

Худди шу пайтда муҳожирлардан Шуъба ўғли Муғийра ташвишли бир аҳволда кириб келди. Ҳазрат Умарга:

— Бани Саида суфасида ансор йиғилган, ўз-ўзларидан бир қарорга келишса, яхши бўлмайди. Ўртамизда уруш чиқади! − дея хабар берди. Умар Абу Бакрга қарадилар ва:

— Ансор биродарларимизнинг ёнларига борайлик. Нима қилаётганларини кўрайлик! − дедилар. Ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Абу Убайда ҳазрат Умарнинг фикрларига қўшилишди. Учовлари бир бўлиб тезда йиғилиш майдонига томон шошилишди. Ансор бошлиқлари Саъдга байъат қилишга шай ҳолда эдилар. Лекин ўзиям роса вақтида етиб келган эдилар. Ҳаётдалик пайтларида Расули акрам ҳар йиғилишда ўнг томонларига Абу Бакрни, чап тарафларига Умарни олар, Абу Убайда ҳақида эса: «Бу умматимнинг аминидир (ишончли кишисидир)!» дер эдилар. Бу уч зотнинг тўсатдан у ерда пайдо бўлиши йиғилганларга қаттиқ таъсир кўрсатди. «Пайғамбар тирилди!» деб ўйладилар. Касал бўлишига қарамасдан Саъд ҳам ўша ерда эди.

Ҳазрат Абу Бакр билан ҳазрат Умар Расули акрамнинг уйларидан ансорнинг йиғилганлигидан хабар олар-олмас, у жойга югурган пайтларида ҳазрат Али билан ҳошимийлар ҳазрат Фотиманинг уйларига тўпланишган эди36.

Ансорга қарата сўзлаган нутқида Саъд шундай деди:

— Эй ансор! Сизнинг мусулмонликда қозонганингиз фазилат бошқа қабилаларда йўқ. Расули акрам қабилалар ичида йилларча қолиб, уларни Исломга даъват қилганлари ҳолда ичларидан жуда кам киши иймонга кела олган. Вақтики, Аллоҳ саодатингизни истади, сизни мусулмонлик билан шарафлантирди. Пайғамбарни ва асҳобларини ҳимоя қилишни сизларга насиб этди. Бутун араб қабилалари сизнинг қиличларингиз ёрдамида бўйсундирилди. Расули акрам сиздан хушнуд ҳолда дунёдан ўтдилар. Энди амирлик, бошлиқлик мартабаси сизнинг ҳаққингиздир. Бошқага бермангиз!

Ансордан бошқа бири эса:

—Биз Пайғамбарнинг ансори, ёрдамчиларимиз, Исломнинг лашкаримиз. Эй муҳожирлар! Сизлар бизнинг даргоҳимиздан паноҳ топган бир жамоатсиз. Амирлик ҳаққи бизникидир! − дея янада баланд келди.

Шундан сўнг ҳазрат Абу Бакр Расули акрам каби Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб:

— Бу уммат илгари бутга сиғинар эди. Аллоҳ бир элчи юборди. Уларни тавҳидга (Якка Тангри эътиқодига) чақирди. Лекин эски динини ташлаш араб қавмига оғир келди. Илк муҳожирлар Расули акрам билан дўст бўлдилар. У Зот билан бирга мушрикларнинг ҳар турли азият-жафоларига дош бердилар. Жанг қилдилар. Ер юзида энг аввал Аллоҳга ва Пайғамбарига иймон келтирганлар шу илк муҳожирлар бўлди. Қуръонда сиздан олдин улар зикр этилди. «Муҳожирлардан ва ансордан энг аввал мусулмонликка кирганлар ва уларга яхшилик билан тобе бўлганлар», дейилди. Расули акрамнинг илк дўстлари, вафоли ҳамроҳлари ана шулар эди. Улар Пайғамбарнинг ўз қабиласидан, Пайғамбарга энг яқин кишилар эди. Ҳаммадан зиёда амирликка лойиқ бўлган шулардир... Эй ансор! Сизнинг ҳам диндаги фазилатларингиздан, мусулмонлик йўлидаги хизматларингиздан кўз юмиб бўлмайди. Аллоҳ динига, Пайғамбарига ёрдам бериш учун сизни танлади. Элчисининг ҳижратини сизнинг юртингизга насиб этди. Илк муҳожирлардан кейин сизнинг даражангизга ҳеч кимса етишолмайди. Расулуллоҳга ёрдам бердингиз! Бизлар муҳожирлар, сизлар ансорсиз! Дин қариндошларимизсиз! Ғанимат (ўлжа)да шерикларимизсиз. Душманга қарши курашда бизнинг ёрдамчиларимизсиз. Ўз ҳақингизда на қадар яхшиликдан баҳс этсангиз ҳам, ҳаммасига лойиқсиз. Ер юзида ҳаммадан кўра мақтанмоқ сизларга ярашади. Бироқ араб қабилалари ёлғиз қурайшийларни тан олади. Бошқанинг амирлигини қабул қилмайди. Чунки Қурайш қабиласи арабларнинг энг фазилатлисидир. Биз амирмиз, сиз вазирсиз. Ҳеч бир машваратдан четда қолдирилмагайсиз. Раъйингизни олмай бирор иш қилинмайди! − дея гапларини тугатдилар37.

Ҳазрат Умар ансорга бундай хитоб қилдилар:

— Расули акрам бемор ётганларида сизни бизга васият этдилар. Агар сиз амир бўлсангиз, у пайт бизни сизга васият этардилар!− деб ҳазрат Абу Бакрнинг сўзларини маъқулладилар.

Ансордан Мунзир ўғли Ҳубоб ўртага чиқди:

— Биздан бир амир, сиздан бир амир сайлансин! − дея бир таклиф киритди. Умар бу таклифни рад этдилар:

— Икки амир бирлашолмайди. Пайғамбар қайси қабиладан бўлса, халифаси ҳам ўша қабиладан бўлмас экан, бошқа халифани, валлоҳи, араблар қабул қилмайди, бошқага итоат этмайди!

Гапга Абу Убайда ҳам қўшилди:

— Эй ансор! Бу динга илк ёрдам берган сиз бўлдингиз, зинҳор уни илк бузувчи сиз бўлманг! − дея айни даъвони ҳимоя қилди.

Шу аснода ансорнинг пешқадамларидан Саъд ўғли Башир ўрнидан туриб:

— Эй ансор! Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш қабиласидандир. У Зотнинг қабиласи халифаликка янада лойиқдир. Албатта, бизнинг Аллоҳ йўлида жиҳод ва уруш ишларидаги ҳаққимиз, дин масалаларидаги хизматларимизни инкор этиб бўлмайди. Фақат бизнинг мақсадимиз Аллоҳ ризолигини, Расулининг севгисини қозонмоқдир. Биз бу ишларнинг мукофотини бу дунёда истамаймиз. Ҳақ соҳиблари билан тортишиб ўтиришни ҳам тўғри деб билмайман. Аллоҳдан қўрқинглар, биродарлар!− дейиши билан ҳазрат Абу Бакр дарров Умар билан Абу Убайдани кўрсатиб:

— Мен сизга мана бу икки зотни танладим. Иккисидан бирига байъат этингиз! − деган таклифни ўртага қўйдилар.

Абу Бакр бир қўллари билан Умарнинг, иккинчиси билан Абу Убайданинг қўлларини ушлаб олган, икковларининг ўртасида турардилар. Бироқ буларнинг икковлари ҳам Абу Бакрнинг бу таклифларини қабул қилмадилар. Узр сўрадилар. «Расули акрам имомликка ўтказган бир Зотнинг олдига ким ўта олади?» дедилар.

Тортишув кучайди, сўз чўзилгандан чўзилиб кетди. Ҳар калладан ҳар фикр чиқарди. Шовқин-сурон бошланди. Овозлар баланд чиқа бошлади. Ниҳоят ҳазрат Умар чидай олмадилар. Баланд бир овозда ҳайқирдилар. Тортишувни тўхтатдилар. Абу Бакрга қайрилиб дедилар:

— Эй Абу Бакр! Диннинг энг буюк тамали бўлган намозда Расулуллоҳ сени ҳаммамизга имом этиб тайинламадими? Шундай экан, сен у Зотнинг халифасисан! Биз сенга байъат қилиш билан Пайғамбарнинг энг севгани кимсага итоат этган бўламиз. Қўлингни узат, сенга байъат қилайин!

Бу сўзлар Расули акрамнинг орзу ва иродаларини ифодалаганидан ҳаммага ўз таъсирини ўтказди, шу туфайли ихтилоф йўқолди. Бу томондан бирданига Башир югуриб келди. Ҳаммадан олдин Абу Бакрнинг қўлини тутди. Биринчи бўлиб байъат этди. Кейин муҳожирлардан Умар билан Абу Убайда, сўнг ансор Абу Бакрга байъат этдилар.

Авс қабиласи ҳам бошлиқлари билан бирга келдилар. Абу Бакрнинг қўлларини сиқиб, итоатларини билдирдилар. Қолганлари ҳам уларга эргашдилар. Шу тариқа ансорнинг иттифоқи тарқалди. Бутун асҳоб гуруҳ-гуруҳ кела бошладилар. Илк ва умумий байъатни тамомладилар (ҳ. 11 й. 1-рабиъул-аввал/м. 632 й. душанба). Байъат этувчилар шу қадар тезлик билан ҳаракат қилишдики, ансорнинг номзоди Убода ўғли Саъд ҳатто тўполонда оёқ ости бўлиб кетишига оз қолди.

Ҳазрат Абу Бакр Бани Саида суфасида ўтказган бу сайлов ҳақиқий сайлов эди. Инсоният тарихида илк марта кўринган эркин бир сайлов намунаси эди. Ислом тўпларининг барча вакиллари бу йиғилишда қатнашдилар. Муҳожирларнинг вакиллари Абу Бакр ва ўртоқлари эдилар. Ансорнинг бир қўли бўлган Ҳазраж қабиласи номидан Саъд ва унинг тарафдорлари, бошқа қўли бўлган Авс қабиласи номидан эса Усайд билан ўртоқлари вакил сифатида қатнашишди.

Ҳазрат Али билан ҳошимийлардан (Зубайр, Миқдод, Салмон, Абу Зарр, Аммор, Утба каби зотлардан) бошқа барча гуруҳлар бу ерга тўпланишган эди. Ҳошимийлар ва уларнинг тарафдорлари мақсадлари амалга ошишига кўзлари етмагани учун сайлов ўтказилаётган жойга келишмади.

Қўмондон Усома Расули акрамнинг эшиклари олдига қўйган байроқни халифа Абу Бакрнинг уйлари олдига тиклаб қўйди. Ҳазрат Абу Бакр эса байроқни Усоманинг эшиги олдига қўйдирдилар.

Эртаси сешанба куни эди.

Ҳазрат Абу Бакр Мадина масжидига келдилар. Биринчи сўзни Умар олдилар.

— Мен Пайғамбар яшайдилар, деб ўйлардим. Бироқ Аллоҳ таоло бизга Пайғамбарини ҳам, бизни ҳам тўғри йўлга бошлаган Китобини қолдирди. Бу Китобга мустаҳкам боғлансангиз, Ҳақ таоло Пайғамбарини иршод этган ҳидоятга ноил бўлгайсиз. Ҳозир Расули акрамнинг дўсти атрофида бирлашмоқдамиз. Ўрнингиздан туринг, унга байъат этинг! − дея хитоб қилдилар.

Ҳамма туриб Абу Бакрга байъат этди.

Шундан сўнг ҳазрат Абу Бакр минбарга чиқдилар. Ўта ҳакимона бўлган тарихий нутқларини сўзладилар. Аллоҳга ҳамду санодан сўнг шундай дедилар:

— Эй инсонлар! Мен сизга амир бўлдим. Ҳолбуки, сизнинг яхшиларингиз эмасман. Агарда яхшилик қилсам, менга ёрдам берингиз! Ёмонлик содир этсам, менга тўғри йўлни кўрсатингиз! Тўғрилик − аминлик, ёлғончилик − хоинликдир. Сизнинг ичингизда заиф бўлганлар Аллоҳнинг ёрдами ила менинг ёнимда кучлидирлар. Чунки заифнинг ҳақини кучлидан оламан. Кучли бўлганингиз эса менинг олдимда заифдир. Ундан ҳам бошқанинг ҳақини оламан. Иншааллоҳ, ҳеч бирингиз жиҳодни (Аллоҳ йўлида жангни) ташламассиз. Жиҳоддан қочганларни Аллоҳ оёқ ости қилгай. Бир миллат ичида ёмонликлар ортиб ёйилса, Аллоҳ у миллатнинг ҳаммасининг бошига бало юборади. Мен Аллоҳга ва Пайғамбарига итоат этарканман, сиз ҳам менга эргашинг. Агар мен Аллоҳга ва Пайғамбарига қарши чиқсам, у пайт менга итоат этишингизнинг кераги йўқ. Қани, намозга турингиз! Аллоҳ барчангизни мағфират қилсин!38

Уч фирқадан ансорнинг номзоди Убода ўғли Саъд билан ҳошимийлар номзоди ҳазрат Али сайланишмади. Муҳожирларнинг номзоди ҳазрат Абу Бакр кўпчиликнинг овозига эга бўлдилар. Ижмои уммат билан илк халифа бўлдилар. Ислом тарихида ўттиз йил давом этган (жумҳурият тузумига ўхшаш) Хулафои Рошидин даври бошланди (ҳ. 11/м. 632).

Бироқ ансорнинг номзоди Саъд ўлгунча илк халифа Абу Бакрга ҳам, иккинчи халифа Умарга ҳам байъат этмади.

Ҳазрат Убода ўғли Саъд халифаликка номзоди кўрсатилгани ҳолда умумий йиғилишда мағлуб этилганлиги учун ҳазрат Абу Бакрга байъат қилмаган, бироқ янги қурилган ҳукуматга қарши бирор хатти-ҳаракатда ҳам бўлмаган эди39.

Расули акрамнинг амакиваччалари ва куёвлари бўлганлари учун ҳазрат Алига халифаликни лойиқ кўрган ҳошимийлар билан уларнинг тарафдорлари ҳам ҳазрат Абу Бакрга байъат қилишни истамадилар. Улар:

— Биз ҳам Абу Бакрнинг шарафини, фазилатини тақдирлаймиз. Абу Бакр ҳижрат асносида Расули акрамнинг ғордаги шериклари эди. Ҳаётдаликларида Расули акрам Абу Бакрни имомликка ўтказдилар. Халифаликка ҳаммадан кўра кўпроқ Абу Бакр лойиқдир. Буни тасдиқлаймиз. Бироқ сайлов йиғилишида чақирилиб, биз билан истишора қилинмаганлиги учун байъат этишга қийналдик, − дейишарди40.

Халифалик масаласи мусулмонларнинг энг катта ва муҳим даъвоси эди. Расули акрам вафот этгач, бу даъво учун бутун асҳоб бирлашиши, ораларидан бировни ўзаро келишган ҳолда халифаликка сайлашлари керак эди. Ҳазрат Али, ҳазрат Зубайр, ҳазрат Аббос каби ҳошимийлардан бўлган асҳобнинг эътиборли зотларини ҳам сайлов мажлисига чақириш, уларнинг ҳам фикрларини олиш лозим эди. Бироқ вақт зиқ ва ўта нозик бўлгани учун уларни чақиришга фурсат бўлмади. Чунки Бани Саида суфасида тўпланган асҳоб ўзаро халифа сайловига ҳам киришиб кетган эди. Абу Бакр билан шериклари роса вақтида у ерга келиб улгуришган эдилар. Акс ҳолда ансор Саъдга дарҳол байъат қилар, у пайт эса катта фалокатлар содир бўлиши мумкин эди.

Аввало, ансор иккига бўлиниб кетиши, Авс қабиласи билан Ҳазраж қабиласи ўртасида бир-бирини кўролмаслик муносабати пайдо бўлиши мумкин эди. Ансорнинг номзоди Саъд Ҳазраж қабиласининг раиси эди. Авс қабиласининг раиси Усайд эса Абу Бакрнинг ёнларида, у киши билан бирга эди.

Иккинчидан, ансор сайлайдиган халифани қурайшийлар ҳам тан олмас, шу билан мусулмонлар ўртасида катта бир бўлиниш юз берар эди. Абу Бакрнинг халифаликка сайланишлари билан бу катта тахликанинг олди олинди.

Ҳазрат Али Бани Саида суфасига бормаган, ансор билан муҳожирлар ўртасида бошланган тортишувга ҳошимийлик масаласини қўшмаган эдилар. Бироқ завжалари ҳазрат Фотиманинг вафотларига қадар ҳазрат Али ва тарафдорлари ҳазрат Абу Бакрга байъат қилмадилар.

Ҳазрат Абу Бакр бир муддат сабр билан кутдилар. Охири Абу Убайдани ҳазрат Алига юбордилар. У кишини байъатга чақирдилар. Умумий байъатдан олти ой ўтганди, ҳазрат Фотима ҳам вафот этган эдилар.

Ҳазрат Али ҳазрат Абу Бакр билан ярашишга ошиқаётган эдилар. Дарҳол келдилар. Шаҳодат келтириб, байъат этдилар. Кечикканликларининг сабабини айтдилар. Ҳазрат Алининг бу байъатлари мусулмонларни беҳад қувонтириб юборди. Ислом бирлигини мустаҳкамлади. Ансорнинг номзоди Убода ўғли Саъддан бошқа ҳазрат Абу Бакрга байъат қилмаган қолмади.

Мусулмонлик Арабистондан айри-айри яшаётган бутун араб қабилаларини бирлаштирган эди. Лекин бу бирлик сиёсий бир бирлик эмас, исломий бирлик эди. Расули акрамнинг раҳбарликлари бу араб жамоати устидаги сиёсий раҳбарлик эмас, диний раҳбарлик эди. Арабларнинг Расули акрамга итоатлари ҳам ҳар турли сиёсий итоатдан устун бўлган бир иймон итоати эди. Арабларнинг Пайғамбар атрофларида тўпланишлари ҳам Аллоҳнинг амрларини ўрганиш учун бўлган диний бир тўпланиш эди. Чунки Расули акрам ўртоқларига Қуръон оятларини ўқир, Исломнинг буюк хизматини тушунтирар эдилар.

Бу ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг араблар устидаги раисликлари бевосита пайғамбарлик билан боғлиқ бир дин раислиги эди. Расули акрам вафот этгач, у кишининг ўринларига ҳеч кимса ўтолмас, ҳазрат Пайғамбарнинг «дин меросчиси» бўлолмас эди. Чунки ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг охиргиси эдилар. Пайғамбарлик эса ҳеч кимга мерос бўлиб қолмайдиган, тортиқ қилинмайдиган, ваколат йўли билан бошқа бировга ўтмайдиган бир раисликдир41.

Бироқ ҳазрат Пайғамбарнинг вафотлари билан бу Ислом жамоатини тарқатмаслик учун мусулмонларнинг бошига бир раҳбар ўтиши лозим эди. Лекин бу раҳбарлик Расули акрамнинг раисликлари каби диний раислик эмас, бир давлат раислиги бўла оларди. Давлат раҳбарлигининг дин раҳбарлиги билан ҳеч бир алоқаси йўқ эди. Бинобарин, шундай бўлди ҳам. Муҳожирлар билан ансор ўртасида рақобат бошланди. Асҳоб ичида сайлов борасидаги тортишувлар жуда шиддатли бўлди. Охири ҳазрат Абу Бакр байъат йўли билан Ислом тарихидаги илк давлат раҳбари бўлдилар.

Аммо Абу Бакрга қилинган бу байъат (садоқат итоати) диний эмас, сиёсий эди. Қурилган бу янги давлат куч-қувват асосига таянган бир араб ҳукумати эди. Ҳолбуки, мусулмонлик инсонийлик динидир42. Чунки фақат арабнинг, фақат ажамнинг эмас, балки бутун инсонларнинг динидир. Лекин бу қурилган янги араб давлати «мусулмонликни ёйиш» сиёсатига таянарди. Мақсади ҳам «Исломга даъват» вазифасини ҳимоя қилмоқ эди. Шу сабабдан бу давлатнинг Исломни кенгайтириш ва юксалтириш йўлидаги катта хизматлари намоён бўлди.

Расули акрам арабларга дин раҳбари бўлиб, бир араб бирлигини тузган эдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўлимларидан кейин ҳазрат Абу Бакр давлат йўлбошчиси сифатида Расули акрам тузган араб бирлигини сиёсий шаклда яшатдилар. Халифа номини олдилар. Бу ном остида «Расули акрамнинг халифаси» бўлдилар. Халифа деган ном ҳам арабларнинг ҳазрат Муҳаммад соллаллоғу алайҳи васалламга итоатлари каби ҳазрат Абу Бакрга итоат этишларини таъминлади. Айниқса, Пайғамбарнинг ёнларида Абу Бакрнинг мавқелари анча баланд эди. Мусулмонликнинг ёйилишида ҳам Абу Бакрнинг кўрсатган фидокорликлари таҳсинга лойиқдир. Мусулмонларнинг севгиси ва ҳурматини қозонган бир зот эдилар. Бутун ишларида Расули акрамнинг йўлларидан бордилар. Шу сабабдан илк халифа ҳазрат Абу Бакр илк жумҳурраиси бўлиб, давлатида Исломий бир сиёсатни юргизган, бу давлатига дин шаклини берган эдилар. Қуръонни Асосий Қонун ўлароқ татбиқ қилган, барча ишларида адолатни ҳоким қилган эдилар.

Изоҳлар

     

35. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Хилафоти Исломия» мақоласи «Сироти мустақим» мажмуаси, 1325 йил 17 сентябрь.

36. «Асри Саодат», Садри Ислом, 6-жилд, 61-бет. Саҳиҳ Бухорий.

37. «Қиссаси Анбиё», 3-жилд, 345-бет; «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 452-бет.

38. «Ҳазрат Муҳаммад Мустафо», 453-бет; «Қиссаси Анбиё», 3-жилд, 356-бет; Супҳи Пошо. «Ҳақойиқул Калом», 130-бет; Ибн Саъднинг «Табақот»и; «Асри Саодат», 6-жилд, 51-бет.

39. «Асри Саодат», 10-жилд, 71-бет.

40. «Қиссаси Анбиё», 3-жилд, 357-бет.

41. Мисрлик Али Абдураззоқ. «Исломият ва ҳукумат», 89-90-бетлар.

42. Айни асар, 95-бет.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ