Юксак ахлоқлари

3 йил аввал 2336 siyrat.uz

Расули акрам саййидимизнинг устун ахлоқлари ҳам фитратлари (яратилишлари) каби эди. Илк ваҳий келгандан сўнг Ҳиро (Нур) тоғидан ҳазрат Хадижанинг ёнларига қайтган пайтларида завжалари Хадижа у кишига тасалли бериб: «Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон Аллоҳ сизни уялтириб қўймайди. Чунки сиз ақраболарнинг ҳолидан хабар оласиз. Қарздорларнинг қарзини тўлайсиз. Камбағалларга ёрдам берасиз. Меҳмон кутасиз. Тўғриларни қўллайсиз. Муҳтожларнинг оғирини енгил қиласиз!» деган, Пайғамбаримизнинг юксак ахлоқларини баён қилган эдилар6.

Бошқа завжалари ҳазрат Оиша эса Расули акрамнинг ҳол ва шонлари ҳақида сўрашганида: «Расулуллоҳнинг ахлоқлари Қуръон эди», дея жавоб берганлар.

Дарҳақиқат, Расули акрамнинг ҳаётлари Қуръоннинг жонли бир кўриниши бўлган. У кишининг шахсларида Қуръоннинг бутун амрлари кўринар эди. Қуръон инсонларнинг руҳ ва баданидаги бутун қувватларни ёритувчи бир юксак ахлоқ мажалласи бўлгани каби, Расули акрамнинг умрлари ҳам юксак ахлоқнинг амалий бир соҳаси эди. Шу сабабли мусулмонларнинг икки иршод манбалари бўлиб, улардан бири Аллоҳнинг китоби, иккинчиси эса комиллик намунаси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидир7.

Ислом дини юксак ахлоқнинг тамали бўлганидек, Расули акрам ҳам: «Мен фақат гўзал ахлоқни мукаммаллаштирмоқ учун юборилдим», дея марҳамат қилдилар8.

Қуръони каримда эса:«(Эй мўминлар), сизлар учун − Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун − Аллоҳнинг Пайғамбарида (иймон-эътиқод ва хулқи-атворида) гўзал намуна бордир», дея марҳамат қилингандир9.

Жаноби Ҳақ пайғамбарини гўзал ахлоқли қилиб яратди. Расули акрам фазилатни фазилат бўлгани учун ёқтирардилар. Ўртоқларига чексиз ҳурмат-эҳтиромли эдилар. Самимий севгиларини билдириш учун ўртоқларини оилада қўйилган ҳақиқий исмлари билан чақирганлар. Уларнинг даврасида ўтирарканлар, жой танламас, қаер бўш бўлса, ўша ерга дарҳол ўтириб олар, ҳеч кимга томон оёқларини узатмас эдилар. Шу қадар дона-дона гапирардиларки, эшитаётганлар у кишининг сўзларини ёдлай оларди. Аммо ҳеч қачон сўзларига амирлик безагини бермас, фойдасиз сўз сўзламас, ўзлари ҳақларида баландпарвоз гаплар ишлатмас эдилар.

Виқорли ва мутавозеъ бўлганлар. Қўпол эмасдилар. Кулар юзли, ширин сўзли бўлганлар. Ҳеч кимга ёмон гап сўзламаганлар, ҳеч кимга қўпол муомала қилмаганлар.

Бутун ҳаракатларида ва ишларида ўртачаликни танлаганлар. Бирор жойга бормоқчи бўлсалар, ўнг-сўлга бурилмасдан, шошилиб, тўғри йўлдан борганлар. Юрганларида ёнларидагилар орқада қолиб кетар, ҳатто у кишига етиб олиш учун югуришга мажбур бўлишар эди.

Асҳобнинг ёнига келсалар, ҳеч кимнинг ўзлари учун ўрнидан туришини истамасдилар. «Ажамлар каби ўринларингдан турманглар!» дея ўзларининг Аллоҳнинг бир қули эканликларини, ҳаммага ўхшаб еб-ичишликларини сўзларига илова этганлар. Бир куни одамлардан бири муборак қўлларини ўпмоқчи бўлган, ўшанда Расули акрам қўлларини тортиб олиб: «Бу ҳам ажам одатидир», дея марҳамат қилганлар.

Учраган ҳар кимга Расули акрам биринчи бўлиб салом берар, қўл олиш учун олдинроқ ҳаракат қилар эдилар. Қўл ила кўришиш чоғи дарҳол қўлларини тортмас, қулоқларига пичирлаганларнинг сўзини эшитиб бўлмасдан юзларини қайирмас эдилар. Бир томонга буриларканлар, вужудлари билан бирга бурилар эдилар.

Расули акрам муноқашани ёқтирмасдилар, керагидан ортиқча гапирмасдилар, ўзларига алоқадор бўлмаган ишларга аралашмасдилар. Фақат бутун халққа фойдали бўладиган масалалар билан машғул бўлардилар. Кимсани танқид ё ҳақорат этмас, бошқаларнинг сирларини тушунишга ҳаракат қилмас эдилар.

Умрларида оғизларидан бирор марта бўлса-да, ёмон сўз чиққан эмас. Гапирсалар, сўзнинг энг тотлиси, энг чиройлисини гапирганлар. У кишининг сўзларини бутун асҳоб бошини эгиб, жон-қулоқлари билан тинглар эди.

Пайғамбаримиз ёлғондан, ёлғончилардан нафратланганлар. Гапираётган одамни диққат билан эшитар, ҳеч кимнинг гапини бўлмас эдилар. Ҳамма кулганида Расули акрам фақатгина табассум қилганлар. Пайғамбаримизга қаттиқ, қўпол сўз айтилганида рўпарадаги одамнинг бу сўзларини сабр билан қарши олар, ўзларини мақтаганларни эшитишни ёқтирмас эдилар.

Бир куни Расули акрамни зиёрат этишга келган бир одам у Зоти бобаракотнинг гапларини эшитиб бўлгач:

— Аллоҳнинг ва сизнинг хоҳлаганингиз бўлади! − дейиши билан Расули акрам:

— Сен Аллоҳга шерик қўшяпсан! Ёлғиз Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади, дегин! −дея огоҳлантириб, у одамнинг сўзларини тузатганлар.

Ҳазрат Пайғамбар ҳеч кимни койимаганлар, бирор мусулмоннинг номини тилга олиб лаънатламаганлар, аёлга, хизматчига, жория ёки қулга ёхуд ҳайвонга озор етказмаганлар, ҳеч бир кимсанинг шариатга мувофиқ илтимосини рад этмаганлар10.

Асҳобдан ҳазрат Анас қуйидагиларни эътироф этади: «Ўн йил Расули акрамнинг хизматларида бўлдим. Менга бир марта бўлсин «Уф!» деганларини эшитмадим».

Расули акрам ўзларига ёмонлик қилганлардан интиқом олмаганлар. Уҳуд ғазотида яраланиб ерга йиқилганларида ўртоқларидан бири душманни дуои бад қилишларини хотирлатган, шунда Пайғамбаримиз: «Мен дунёга Аллоҳнинг ғазабини сўраш учун келмадим. Мен оламга раҳмат бўлмоқ учун юборилдим. Эй Аллоҳим! Қавмимни тўғри йўлга бошлагин. Чунки улар жоҳилдирлар!» дея дуо этганлар.

Маккалик мушриклардан интиқом олмоқ учун энг катта ва қулай фурсат Макканинг фатҳи куни эди. Ҳолбуки, ўша кун Расули акрам йилларча у кишига ва барча мусулмонларга ҳар турли қийноқ ва азобларни қўллашдан тап тортмаган барча маккаликларни авф этдилар. Пайғамбаримизнинг энг суюкли амакилари ҳазрат Ҳамзани ўлдирган Ваҳший билан Ҳамзанинг юракларини чайнаган Ҳинд (Абу Суфённинг хотини) ҳам афвга ноил бўлишган эди.

Расули акрам шахсларига қарши уюштирилган суиқасдларни ҳам афв этардилар. Бироқ Аллоҳнинг амрларига қарши чиққанлар ўзлари лойиқ бўлган жазони кўрар, давлат душманларига омонлик берилмас эди.

Расули акрамни биринчи бор кўрганлар у Зотнинг виқор ва ҳайбатлари олдида титраб қолар, аммо у киши билан дўст бўлгач, Сарвари оламга мафтун бўларди-қоларди. Бир куни бир одам жаноб Пайғамбарнинг зиёратларига келиб, ҳузурларида титрай бошлаган. У одамнинг бу ҳолини кўрган Расули акрам: «Ўртоқ! Титрамагин. Мен бир малик (ҳукмдор) эмасман. Мен Қурайшдан қуруқ (фақатгина) нон еган бир аёлнинг ўғлиман!» деганлар11.

Ўзларига нисбатан ортиқча сифатларнинг қўлланишига рухсат бермасдилар. Яна бир куни бошқа бир одам Расули акрамга «Хожамиз, энг хайрлимиз, энг хайрлимизнинг ўғли!» каби хитоблар қилаётганини эшитиб: «Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқингиз! Шайтонга эргашмангиз! Мен Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммадман, холос. Аллоҳ мени пайғамбарлик билан шарафлантирди. Менга бундан ошиқча таъзим кўрсатишингизни истамайман!» сўзлари билан кескин жавоб берганлар12.

Йўлда кетарканлар, эркакми, аёл ё болами, ким бўлмасин, ҳар учраган кимсага салом берардилар. Фақирларни севар, ҳар оқшом бир камбағални камтарона дастурхонларига олар, бошқа фақир-ночорларни асҳобнинг уйларига мусофир қилиб тарқатар эдилар.

Расули акрам ҳаётларида ҳеч бир фақирни эшикларидан қайтармаганлар. Энг оғир дамларда ҳам, ҳатто ўзлари оч бўлишларига қарамай, муҳтожларни тўйдирар эдилар. Садақа олмас, дарҳол тарқатар, фақат ҳадя қабул қилар эдилар.

Расули акрам тиланчиларни ҳам, тиланчиликни ҳам асло хушламас эдилар. Инсон ҳаётининг давомийлиги учун ҳамиша меҳнат қилмоқлиги лозимлигини тайинлаб: «Меҳнат қилиш биздан, муваффақият Аллоҳдандир», дер эдилар. Ўзлари ҳам пайғамбарлик вазифалари билан бир қаторда яна ҳар қанақа ишни бажариб кетаверардилар. Уй юмушларида завжаларига ёрдам берардилар. Меҳмонларига ўзлари хизмат кўрсатар, уларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилар эдилар.

«Қавмнинг энг азизи − шу қавмга хизмат қилганидир−, дея марҳамат қилганлар13.

Тулларга, етимларга, ожизларга меҳрлари зиёда эди. Йўлларда туриб шикоятчиларнинг арзини тинглар, уларга тасалли берар эдилар. Айниқса, болаларни жуда яхши кўрганлар. Учраган боланинг бошини силар, эркалатар эдилар.

«Аллоҳ болаларни кимларга севдирса, улар ҳам болаларни ҳақ-рост севишлик билан севишса, оташдан қутуладилар», дея марҳамат қилганлар14.

Ҳазрат Пайғамбарнинг бир болани эркалаб ўтирганларини кўрган бир бадавий: «Сиз ёш болаларни жуда яхши кўрасиз. Менинг ўнта неварам бор. Улардан бирортасини ҳам қучоғимга олиб эркалатмадим», деган эди, Расули акрам унга: «Аллоҳ сени шафқат туйғусидан маҳрум этибди!» деган жавобни берганлар15.

Расули акрам бир байрам куни завжалари ҳазрат Оишанинг ҳужраларида дам олар эдилар. Ўша чоқда ташқарида қиз болалар ўйин-кулги қилиб, қўшиқ айтишарди. Шу орада у ерга келган ҳазрат Абу Бакр болаларга танбеҳ бермоқчи бўладилар. Шунда ҳазрат Пайғамбар уйқудан уйғониб, Абу Бакрга: «Уларни ўз ҳолига қўйинг, ўйнасинлар! Бугун уларнинг байрамидир!» дея марҳамат қилганлар.

Қуллар ўзларига «қул» деб хитоб қилинишидан озор топадилар. Расули акрам қулларга «Авлодим!», жорияларга «Қизим!» деб мурожаат қилинишини буюрдилар.

Ҳазрат Пайғамбарнинг қўлларига бир қул ўтса, уни дарҳол озод қилиб юборардилар. Ҳатто озод қилган қуллари Зайдни фарзандликка олган эдилар.

Пайғамбаримиз инжа руҳли бир инсон эдилар. Фалокатга учраганларга бефарқ қараб турмас, беморни кўришга борар, жанозаларга қатнашар эдилар. У кишини ҳатто бир қул таклиф қилса ҳам, ижобат этардилар.

Расули акрам ўта ҳаёли бўлганлар. У пайтлар бутун дунёда ва хусусан, Арабистонда одоб-ахлоқ ва ҳаёга аҳамият берилмасди. Араблар яланғоч ҳолда ювинишар, Каъбани қип-яланғоч тавоф этишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутпарастларнинг бу ёмон одатларидан нафратланардилар: «Чўмилаётганда ёпинингиз! Вужудингизни ёпингиз!»16 деганлар.

«Ҳаё (уялмоқ) иймоннинг бир бўлагидир!»17 дея марҳамат қилган Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам ниҳоятда уятчан эдилар.

Расули акрам ўта сахий ва жўмард бўлганлар. Ибн Аббос дейдики: «Расули акрам инсонларнинг энг олийжаноби эдилар. Айниқса, рамазон ойида у Зотнинг карамлари чексиз бўларди. Умрларида бир тиланчини рад этган эмаслар. Ўзлари доимо: «Мен тарқатувчиман, холос. Бергувчи Аллоҳдир!» дер эдилар18. Кунларнинг бирида бир одам ўтлоқда эчкиларни санаб турган Расули акрамдан бир нечта эчки сўраган, Пайғамбаримиз унга сурувни бериб юборганлар19. Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир кечаси ҳазрат Пайғамбар билан бирга бир йўлдан ўтардим. Расули акрам менга боқдилар ва: «Эй Абу Зарр, бутун Уҳуд тоғи олтинга айланса-ю, у меники бўлса, унинг бир динорини ҳам уч кеча ёнимда сақламасдим. Фақатгина қарзимни тўлашга етадиган миқдордагисини ажратиб қўярдим», дедилар"20.

Расули акрам инсонларнинг энг жасури эдилар. Душманларидан ҳеч қачон қўрққан эмаслар. Ҳаётларига қарши суиқасд уюштирилаётган бир пайтда у Зоти муборак кечаю кундуз Макка кўчаларида қўрқмасдан кезиб юрдилар. Барча ўртоқларига Мадинага ҳижрат қилишлари учун изн берганлари ҳолда ўзлари Маккада, душманлар орасида якка-ёлғиз қолдилар. Ҳижрат асносида Расули акрамни топиш, Қурайш ваъда қилган катта мукофотни олиш учун Савр ғори олдида қўрқинчли қароқчилар келган пайтда ҳижратдаги ҳамроҳлари ҳазрат Абу Бакрнинг безовталанганларини кўриб: «Қўрқманг! Аллоҳ биз билан биргадир!» деган эдилар.

Ҳазрат Али бундай дейдилар: «Бадрда муҳораба бутун шиддати ила давом этарди. Биз Пайғамбаримизнинг орқаларига ўтиб олган эдик. Энг жасуримиз у киши эдилар. Душман сафларига энг яқин ерда у Зот турардилар»21.

Уҳуд ғазотида ҳам тарқоқлик бошланиб, Ислом қўшини гўё душман томонидан тузоққа тушиб қолган бир нозик пайтда Расули акрам тарқоқ ҳолга келган аскарларни тўплаш учун энг баланд овозда ҳайқириб, ўзларига келадиган таҳдидни ҳам писанд қилмаганлар.

Ҳунайн ғазвасида ҳам урушнинг бошида мусулмон қўшини тарқалиб, қоча бошлаган. Расули акрам эса хачирларини илгарига, фақат илгарига, душманга томон ҳайдаган эдилар. Яқинларида турган саҳобалар у кишини қўйиб юбормасликка ҳаракат қилишарди («Маккалик бўлмаган мушрикларга қарши олиб борилган жанглар: Ҳунайн ғазоти» бобига қаранг).

Ҳазрат Анас: «Бизнинг энг жасуримиз ҳазрат Расули акрам эдилар», деган эди.

Расули акрам қанчалик жасур бўлсалар, шунчалик марҳаматли ҳам эдилар. Марҳаматлари фақат инсонларгагина эмас, ҳайвонларга нисбатан ҳам зиёда эди. Кексаларни ҳам, болаларни ҳам бир хилда ҳурмат қилар эдилар.

Изоҳлар

6. «Тажрид» таржимаси, 1-жилд, 10-бет; «Саҳиҳи Бухорий». «Асри Саодат», 2-жилд, 872-бет.

7. Мавлоно Муҳаммад Али. «Пайғамбаримиз», 249-бет.

9. Аҳзоб сураси, 21-оят.

10. Муслим ва Абу Довуд. «Асри Саодат», 2-жилд, 873-бет.

11. Термизий.

12. «Асри Саодат», 2-жилд, 925-бет.

13. Ҳадис матни:

14. Бухорий. «Асри Саодат», 2-жилд, 972-бет.

15. Бухорий ва Муслим. «Асри Саодат», 2-жилд, 973-бет.

16. «Асри Саодат», 2-жилд, 929-бет.

18. Бухорий. «Асри Саодат», 2-жилд, 894-бет.

19. Бухорий. «Асри Саодат», 2-жилд, 894-бет.

20. Бухорий. «Асри Саодат», 2-жилд, 896-бет.

21. Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал. «Асри Саодат», 2-жилд, 934-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ