Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламнинг махфий даъватлари неча йил давом этган?

873

Савол: Assalomu alaykum. Siyrat solnomasini o’qiganimda bir savol tug’ildi: Rаsululloh alayhissalomning maxfiy da’vatlari necha yil davom etgan?…

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Алҳамду лиллаҳи ваҳдаҳ. Вассолату вассаламу ъала ман ла набийя баъдаҳ. Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Биринчи ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижратдан аввалги 13 йил рамазон ойида[1] нозил бўлган (бу милодий 610 йилнинг августига тўғри келади).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи ваҳийни қабул қилишлари ва буюк фаришта Жаброил алайҳиссалом билан илк бор учрашишлари сабаб, у Зотда пайдо бўлган табиий қўрқувни тарқатиш ва ваҳийнинг қайтишига соғинчларини уйғотиш учун иккинчи ваҳийнинг келиши бироз кечикади. Ана шу вақт мобайнига, яъни биринчи ваҳий билан иккинчи ваҳий оралиғига сийрат истилоҳида «фатратул ваҳий» дейилади.

Фатратул ваҳийнинг муддати ҳақида ҳар хил маълумотлар мавжуд бўлиб, улар ичида ҳақиқат ва воқеликка яқинлари «бир неча кун», «ўн кун», «ўн беш кун» ва «қирқ кун»лардир.

Шунга кўра, иккинчи ваҳий шаввол[2] ёки зулқаъда[3] ойларида келган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи ваҳий келиши биланоқ даъватни махфий суратда бошлаб юборганлар ва нубувватнинг тўртинчи йили муҳаррам[4] ойида ошкора даъватга ўтганлар.

Демак, махфий даъват нубувватнинг биринчи йили бор-йўғи икки ёки уч ой, иккинчи йили тўлиқ ва учинчи йили ҳам тўлиқ бўлган.

Хулоса:махфий даъват икки йилу икки (ёки уч) ой давом этган.

 


[1] Рамазон – қамарий ойларнинг тартиб бўйича 9-си ҳисобланади.

[2] Шаввол – қамарий ойларнинг тартиб бўйича 10-си ҳисобланади.

[3] Зулқаъда – қамарий ойларнинг тартиб бўйича 11-си ҳисобланади.

[4] Муҳаррам – қамарий ойларнинг тартиб бўйича 1-си ҳисобланади.

 

Мулоҳаза билдиринг