Ислом динида аёлнинг мавқеи

1 ўн йил аввал 4577 siyrat.uz

Мусулмонликда оила икки киши томонидан ташкил қилинган бир ширкатга ўхшатилади. Ширкатни бошқариш эркакка берилган, эҳтиёжларни таъминлаш масъулияти ҳам унга юклатилгандир.

Расули акрам ҳаж мавсумида Маккада Вадоъ ҳажида туя устида туриб сўзлаган машҳур Вадоъ хутбаларида:

— Эй инсонлар! Хотинлар борасида Аллоҳдан қўрқингиз! Сизнинг хотинларингиз устида ҳақларингиз бордир. Хотинларингизнинг ҳам сизнинг устингизда ҳақлари бордир! − дея хитоб этиб, еттинчи асрдаёқ юз йигирма тўрт минг мусулмон ҳожи номзодига қарата хотинларнинг ҳақларини биринчи бўлиб тушунтирган эдилар.

Бошқа бир ҳадиси муборакларида: «Сизнинг энг хайрлингиз − завжасига энг яхши муомалада бўлганингиздир», деганлар. Қуръони каримда ҳам: «Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор», деб марҳамат қилингандир34.

Тарихда аёлга табиий ҳақини ва ҳурриятини берган, илк дафъа аёлнинг мавқеини юксалтирган ҳам Ислом дини бўлади. Мусулмонлик эндигина туғилаётган пайтлари ер юзидаги барча қавмларнинг аёллари хақир ва хор-зор бир ҳаёт кечирарди. Бирор масалада хотин билан эркак ўртасида ҳамкорлик йўқ эди. Бу икки синф бир-бирларига тенг ҳисобланмасди. Фақат Қуръони карим берган талқинот соясида аёл эгаллаб тургани паст даражадан секин-аста юксалди. Эркак ҳам ўзи ноҳақ ишғол қилиб турган азаматли мавқеидан туша-туша, охирида аёл билан эркак тенглик ва адолат майдонида кўришишди. Ҳар икки томоннинг ҳам ҳақлари ҳимоя қилинди35.

Маданият жабҳасида миллатлар эркаклари билан тараққий этади. Лекин аёл бу тараққиётни мукаммаллаштиради. Эркаксиз олдинга силжиш бўлмайди. Аёлсиз ҳам ривожланиш оқсайди. Аёл эркак билан, эркак аёл билан юксалади. Эркакнинг либоси аёл, аёлнинг либоси эркакдир36.

Аёл билан эркак ўртасида яратилиш жиҳатдан фарқ бор. Ислом дини баданий ва руҳий яратилишларидан ташқари эркак билан аёл ўртасида тенглик эълон қилгандир. Аёл вужуд жиҳатидан эркакка қараганда заифроқдир. Эркакчалик ирода соҳиби ҳам эмас. У эркак каби сабрли бўлолмайди. Машаққатларга дош беролмайди. Бироқ бола тарбиясида аёл эркакка кўра тажрибалидир. Оила ҳаётида, оила ишларида эркакка ёрдамчидир.

Ислом дини ҳақларни эркакларга, вазифаларни аёлларга ажратиб берган эмас. Икки жинсни ҳам вазифа ва ҳақ соҳиби қилгандир. Бироқ бу ҳақ ва вазифаларда аёл билан эркак ўртасида тенглик бўлишининг имкони йўқ.

Дарвоқе, аёл эркак каби фикрда, иродада истиқлол соҳибидир. Эркак ҳам, аёл ҳам бир-бирига таҳаккум (зўравонлик, зуғум) этолмайди. Бироқ эркак оила бошлиғидир. Аёл эркакнинг ризолиги бўлмай, ҳеч қаерга чиқолмайди. Эрининг молидан ҳеч кимсага бир нарса беролмайди.

Эркак ҳаётнинг машаққатларига кўкрак керган, маишат юкини ҳам, аёлнинг нафақасини ҳам ўз бўйнига олган. Эркак бу оғир вазифани зиммасига олиши баробарида аёлдан машруъ ишларда итоат ҳақига молик бўлади*. Эркак аёлни ҳурмат қилади. Оила ишларида хотинни ҳамкор этади. Эркаклик обрўига ярашган бир тарзда хотинни ҳимоясига олади. Хотин бой бўлса ҳамки, эри унинг нафақасини тадорик этишга мажбурдир. Аёл эркак каби таҳсил кўради. Олим бўлади. Муфтий бўлади. Ҳуқуқ ҳокими бўлади. Мужтаҳид бўлади. Фақат халифа бўлолмайди. Ислом аёллари орасида жуда кўп олимлар, орифлар етишиб чиққан. Аёлнинг ҳам маданий ҳуқуқлари бордир. Муомалотда аёлнинг ҳақлари эркакнинг ҳақлари каби. Аёл ўз молини хоҳлаганидай тасарруф этиши мумкин.

Аёлнинг ёпиниб юриши ҳурриятини бўғиб қўйиш учун эмас, балки унинг шарафини, иффатини қўриш (қўриқлаш) учундир. Аёлнинг иззати иффатидадир. Иффат ҳам аёл учун, ҳам эркак учун бир фазилатдир.

Ислом динида аёл никоҳ муносабати билан табиий ҳақларидан ҳам, маданий ҳақ-ҳуқуқларидан ҳам ҳеч бир нарса йўқотмайди. Чунки никоҳ икки томон ҳақ-ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши учун ўтказилган бир аҳдномадир. Никоҳдан аввал икки томон ўзлари эга бўлган хусусий ҳақларини муҳофаза этишади. Никоҳ туфайли насл-насаб ҳимоя қилинади.

Ислом динида талоқ иши фақат эрнинг ихтиёрига берилгандир. Бу тадбир ҳам оила ҳаётининг давомийлигини таъминлаш учундир. Чунки эркак оила бошлиғидир. Оиланинг қўриқловчисидир. Аёлнинг маҳрини (никоҳ бадалини) бериш мажбуриятидадир. Шунинг билан бирга хотин ҳам бир қанча ҳақларга соҳибдир. Хотин талоқ ишида эрнинг қўлида бўлган айни ҳақнинг ўзига берилишини никоҳ қийилаётган пайтда исташи мумкин. Бундан ташқари хотин киши ҳакам воситаси билан ҳам никоҳни бузишга ҳаққи бор37.

Ислом дини никоҳнинг бардавом бўлишини истайди. Никоҳ ишларида бир қанча қулайликлар бўлганидек, талоқда бир қанча мушкулотлар бор.

Ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва шиийларнинг кўплари талоқни мубоҳ ҳисоблайдилар, бироқ бу ҳақнинг сабабсиз қўлланишини гуноҳ деб қабул қиладилар38.

Ислом динига кўра, аёл ҳам эркак каби исломий ғоя учун яратилгандир. Диний ибодатларини адо этган аёл эркак каби савоб қозонади. Бир эркак нақадар гуноҳ қилса, аёл ҳам шу қадар гуноҳ соҳиби бўла олади.

Бир эркак ўзи эътиқод этадиган мазҳабини завжасига ёки қизига мажбуран қабул эттиришга ҳаққи йўқдир. Ислом дини мусулмон эркакларга аҳли китобдан бўлган яҳудий ва христиан қизларга уйланишига рухсат берган ва лекин аҳли китобдан бўлган у хотинларнинг эътиқодларини буздириш ҳаққини бермагандир. Фақат мусулмон қизларнинг мусулмон бўлмаган эркакларга турмушга чиқишларини Ислом дини мутлақ ҳаром қилди. Чунки мусулмон бўлмаганларнинг боғлиқ бўлган асосларига кўра, хотин киши никоҳлангач, эрининг динига кирган ҳисобланади, оила исми (фамилия)ни ташлаб, эриникини олади. Мусулмонликда эса никоҳланган аёл истаса, оила исмини ҳам, мазҳабини ҳам йўқотмайди.

Никоҳланган бир аёлнинг оила исмини йўқотиш одати аёллар асир деб ҳисобланган эски замонлардан қолган бир одатдир. Ҳолбуки, хотиннинг эри билан бўлган алоқаси муваққатдир, узилиши ҳам мумкин. Ота ва она билан боғланган боғи эса доимийдир, ҳеч узилмайди39.

Шуни ҳам алоҳида илова этиш керакки, бир яҳудий ёхуд христиан қизига уйланмоқчи бўлган бир мусулмон эркак яҳудийлар ва христианлар тан оладиган ҳазрат Мусо билан ҳазрат Исони, Ислом эътиқодига кўра, бир Пайғамбар сифатида тан оладилар, шунга мажбурдир. Ҳолбуки, мусулмон қизини олмоқчи бўлган яҳудийлар ё христианлар мусулмонларнинг Пайғамбари ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳеч тан олишмайди. Бундан ташқари, христиан черкови ҳам христиан бир аёл билан христиан бўлмаган бир эркак ўртасида қийилган никоҳни саҳиҳ, деб қабул қилмайди40.

Изоҳлар

34. Бақара сураси, 228-оят:

35. «Инглизистон черковига жавоб». Шоир Муҳаммад Окиф таржимаси, 251-бет.

36. Проф. И. Ҳаққи Измирли. «Ал-Жавобус-садийд фий баёни динит-тавҳид», 125-бет.

37. Проф. И. Ҳаққи Измирли. Кўрсатилган асар, 144-145-бетлар.

38. «Руҳи Ислом», 209-бет.

39. «Инглизистон черковига жавоб», 253-бет.

40. «Руҳи Ислом», 211-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ