Ислом халифалигида вазифалар, шартлар ва сайлов шакллари

1 ўн йил аввал 3061 siyrat.uz

Ислом халифалигида халифа бажарадиган вазифалар буюк эди, муҳим эди. Шаръий ҳукмларни адо этмоқ (барпо этмоқ), Ислом динини қўримоқ, халқнинг ишларига қарашмоқ, душман билан жанг қилмоқ ва ҳоказолар. Шу сабабдан Ислом ҳуқуқшунослари (мужтаҳидлар) Ислом халифасининг шахсида билхосса тўрт шартнинг бўлиши, мужассамлашиши кераклигида ҳамфикрдирлар: илм, адолат, иқтидор, қусурсизлик (саломати ҳавос)1.

Бу шартларга кўра, билгисиз (саводсиз) жоҳиллар шаръий ҳукмларни татбиқ этолмас, золимлар халифа бўлолмас эдилар. Иқтидори бўлмаган ожизлар Ислом динини ва Ислом мамлакатларини қўриқлай олармиди? Беш туйғунинг биридан маҳрум бўлганлар бу юксак мақомга келтирилмаганлар.

Ислом тарихида бир-бирига ўхшамаган тўрт хил сайлов шакли қурилди: умумий сайлов, номзод усули, хусусий сайлов йўли, қилич ҳаққи.

Биринчиси умумий сайлов шакли (шўройи омма тариқи) бўлиб, бу сайловга кўра, барча уммат байъат қилиши лозим. Бунга «бир босқичли сайлов усули» деса ҳам бўлади. Бу усулда кўпчиликнинг халифа номзодига байъат этиши кофий (етарли) кўрилгандир. Хулафои Рошидин даври халифаларидан биринчи халифа ҳазрат Абу Бакр билан тўртинчи халифа ҳазрат Али ва бешинчи халифа ҳазрат Ҳасан бу илк сайлов шакли билан халифаликка сайланишди. Аввал ҳазрат Абу Бакрга, сўнгра ҳазрат Умарга байъат этмаганлар бўлгани каби кейинроқ ҳазрат Алига ҳам баъзи асҳоб байъат этишмаган эди.

Иккинчи шакл номзод усули (валояти аҳд тариқи) эди. Иккинчи халифа ҳазрат Умар бу шаклда халифа бўлиб сайландилар. Халифалик шартларини ўзида мужассам этган бу кишини эски халифа валиаҳд ёхуд номзод ўлароқ кўрсатади ва бу номзод уммат томонидан қабул этилади.

Учинчи сайлов шакли хусусий сайлов йўлидир (шўройи хосса тариқи). Эски халифа танлаб олган саноқли эътиборли зотлар томонидан янги халифани сайлаш тарзидир. Бу бир жиҳатдан «икки босқичли сайлов йўли» эди. Учинчи халифа ҳазрат Усмон бу учинчи сайлов усули билан халифаликка сайланганлар.

Дастлабки пайтларда халифалар бу уч шаклдан бири билан сайланишар, «ижмои уммат» билан халифа бўлишар эди.

Тўртинчи шакл қилич ҳаққи (тағоллуб тариқи) эди. Мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиқиб, бир амир топилмаса, номзодлар кўпайиб, улардан бирортасининг халифалигига уммат рози бўлмаса, ўша пайт умматнинг сиёсатини ўзига қаратишга кўзи етган бир зотнинг халифаликни исташи жоиз бўлади. Халқ унга истар-истамас итоат этади. Ўрталик тинчиб қолгач, бундай бир зотнинг халифалиги ҳам саҳиҳ бўлади. Бу усул ҳам уламо томонидан зарурий ўлароқ қабул қилингандир.

Хулафои Рошидин даврида халифалик ирсий эмасди. Отадан ўғилга ўтмасди. Халифа уммат томонидан, истишора билан сайланарди. Ҳатто ҳазрат Умар: «Бир уйдан бир қурбон етар!» деб ўғлининг халифаликка сайланмаслиги учун шўрога танбеҳ берган эдилар. Ҳазрат Али эса ўғлининг халифалиги учун: «Буйруқ ҳам бермайман, ман ҳам этмайман!» дейиш билан халифалик ишини тамомила умматга қўйиб берган эдилар.

Ислом тарихида илк ўлароқ халифаликни салтанат шаклига киргизган, ирсий, яъни отадан ўғлига ўтадиган ҳолга келтирган Шом волийси Абу Суфён ўғли Муовия бўлди. Умавийларнинг бу мутлақият (монархия) тузумини умавийлардан кейин аббосийлар, аббосийлардан кейин эса усмонлилар татбиқ этишди. Бироқ бу тўртинчи шакл сунгу (найза) қувватига суянгани учун қилич ҳаққи (таҳаккум тариқи) бўлди.

Изоҳлар

 

1. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли. «Хулофоти Исломия» мақоласи. «Сироти мустақийм» мажмуаси, 1325 йил 17 сентябрь. Пайғамбаримизга ваколат этганларга «халифа ва имом» номи берилгандир. «Исломият ва ҳукумат», 8-бет.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ