Сафар ойларида юз берган тарихий воқеалар

1374

Нубувватнинг 14 йили сафар ойи охирлари (мил. 622 йил сентябрь бошлари)

Барча саҳобалар Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб бўлишди.

Нубувватнинг 14 йили 26 сафар, пайшанба куни эрталаб (мил. 622 йил 8 сентябр)

Қурайш раҳбарияти «Дорун Надва» (Макка парламенти) мажлисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш ҳақидаги ёвуз қарорини қабул қилди.

Нубувватнинг 14 йили 27 сафар, жумага ўтар кечаси (мил. 622 йил 9 сентябрь)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларини ўраб олган душманлар орасидан мўъжизавий суратда чиқиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Макканинг Мадинага нисбатан орқа томонидаги Савр тоғи чўққисига кўтарилдилар ва у ердаги кичик бир ғорчада уч кун қолдилар (сўнг душманларни доғда қолдириб, Мадина сари равона бўлдилар).

Ҳижрий 2 йил, сафар ойи (мил. 623 йил август)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кенжа қизлари Фотима розияллоҳу анҳони ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга турмушга бердилар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари етмиш кишилик муҳожирлар гуруҳига бош бўлиб, Қурайш карвонини қаршилашга чиқдилар. Ваддон деган жойгача етиб бордилар, аммо бирон ёмонликка дуч келмадилар (бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи ғазотлари бўлиб, «Абво» ва «Ваддон» ғазоти[1] деб аталади);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сафарларида Бани Зомра қабиласининг раиси Амр ибн Махший билан сулҳ (тинчлик битими)ни тузиб қайтдилар.

Ҳижрий 4 йил, сафар ойи (мил. 625 йил июль-август)

– Ражиъ ва Биъру Маъуна воқеалари юз берди.

Ҳижрий 5 йил, сафар ойи (мил. 626 йил июль)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйландилар.

Ҳижрий 7 йил, сафар ойи (мил. 628 йил июнь)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларнинг Ҳайбардаги қалъалари билан Қуро водийсини фатҳ қилдилар;

– Ҳайбар ғазоти сўнгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари Жаъфар ибн Абу Толиб ўн олти эркак (аҳли-аёл ва бола-чақаларидан ташқари) ҳамда Абу Мусо Ашъарий 50 дан ортиқ қавмдошлари билан Ҳабашистондан иккита кемада Мадинага ҳижрат қилиб келишди (қолган муҳожирлар илгарироқ етиб келишган эди);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абон ибн Саид розияллоҳу анҳу бошчилигида Наждга бир сария (махфий жанговор гуруҳ) йўлладилар (улар ўзларига юклатилган вазифани тўлиқ адо этиб, қайтиб келишди);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Назир қабиласи раҳбари Ҳуяй ибн Ахтабнинг қизи София онамизни асирликдан озод қилиб, унга уйландилар;

– Хайбар фатҳ этилиб, уруш ҳаракатлари тинганидан сўнг яҳудийлардан Саллом ибн Мишкамнинг хотини Зайнаб бинти Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қовурилган ва заҳарланган қўй гўшти келтириб заҳарламоқчи бўлди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фадак яҳудийлари билан сулҳ туздилар, сўнг Қуро водийини фатҳ қилдилар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Таймо яҳудийлари билан сулҳ туздилар.

Ҳижрий 7 йил, сафар ойи охирлари ёки рабиъул аввал бошлари (мил. 628 йил июль)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга Хайбар ғазоти сафаридан Мадинага қайтиб келишди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Суфён қизи Умму Ҳабиба онамиз билан бир ёстиққа бош қўйиб, яшай бошладилар;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғолиб ибн Абдуллоҳ Лайсий розияллоҳу анҳу амирлигида Қудайддаги Бану Мулавваҳ қабиласига сария юбордилар.

Ҳижрий 8 йил, сафар ойи (мил. 629 йил июнь)

Машҳур саркарда Холид ибн Валид[2], Миср фотиҳи Амр ибн Ос[3] ва Каъба калити эгаси Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳум сингари буюк саҳобалар Макка фатҳидан олдин Исломни қабул қилишди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғолиб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бошчилигида 200 кишилик сарияни Бани Мулавваҳ қабиласи устига қасос олиш учун юбордилар. Бу қабила аъзолари Башир ибн Сувайд розияллоҳу анҳунинг ҳамроҳларини ўлдиришган эди. Сария тунда бориб, қабилага ҳамла қилди ва ўлдирганларини ўлдириб, чорваларини ҳайдаб кетди. Ортидан душманнинг каттагина қўшини қувиб чиқди ва мусулмонларга яқинлашиб қолганида ёмғир қуйиб, улкан сел оқими икки гуруҳ ўртасини тўсиб қўйди. Саҳобалар саломат қайтиб келишди.

Ҳижрий 9 йил, сафар ойи (мил. 630 йил май-июнь)

Узра қабиласидан ўн икки киши элчи бўлиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам элчиларни яхши кутиб олдилар, уларга Шом фатҳи ҳақида мужда бердилар, фолбинлардан савол сўрашдан ва Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйишдан қайтардилар. Улар Исломни қабул қилиб, Мадинада бир неча кун тургач, юртларига қайтиб кетишди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон[4] ўлкасидан келган элчилар билан жизя[5] тўлаш эвазига сулҳ туздилар (улар жизянинг ярмини ражаб ойида, қолган ярмини сафар ойида берадиган бўлишди);

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қутба ибн Омир розияллоҳу анҳу бошчилигидаги йигирма кишилик сарияни Тураба яқинидаги Табола қасабасининг Хасъам номли қишлоғига юбордилар. Мусулмонлар Мадинага катта ўлжалар билан қайтиб келишди.

Ҳижрий 11 йил, сафар ойи бошлари (мил. 632 йил май боши)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд майдонига чиқиб, худди тирик ва ўликлар билан видолашгандек, шаҳидларга жаноза ўқидилар. У ердан қайтиб келиб, минбарга чиқдилар ва: «Мен сизлардан олдин бориб турувчиман ва мен сизларнинг устингизда гувоҳман. Мен Аллоҳга қасамки, ҳозир ҳавзимга қараб турибман. Менга ер хазиналарининг калитлари берилди. Мен Аллоҳга қасамки, сизларнинг мендан кейин мушрик бўлиб кетишингиздан қўрқмайман, балки ўша (ер хазиналари) борасида талашиб-тортишишингиздан қўрқаман», дедилар[6];

– шу ойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома ибн Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бошчилигидаги улкан қўшинни Фаластиннинг Балқо ва Дорум ҳудудларига жўнатдилар (қўшин йўлга отланиб, Мадинадан бир фарсах (5,544 км) узоқликдаги Журфга бориб тўхтаган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг касалликлари ҳақида хавотирли хабар етиб келди, натижада, қўшин тўхтаб туришга мажбур бўлган).

Ҳижрий 11 йил, 29 сафар, душанба куни (мил. 632 йил 25 май)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақиъ қабристонидан бир жанозада иштирок этиб қайтаётганларида, йўлда бошларига оғриқ кирди ва уйларида иситмалари кўтарилиб, тўшакларига ётиб қолдилар.

Ҳижрий 11 йил, 29 сафардан 10 рабиул аввал ойигача (мил. 632 йил 25 май–4 июнь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ дард тортиб ётган бўлишларига қарамай, 11 кун одамларга имом бўлиб намоз ўқиб турдилар…

Ҳижрий 16 йил, сафар ойи (мил. 637 йил март)

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Ироқнинг Мадоин шаҳри фатҳ қилинди.

Ҳижрий 41 йил, сафар ойи (мил. 661 йил июнь)

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу қўшини билан Кўфа шаҳридан Мадоин шаҳрига қараб йўлга чиқди. Мадоинда Муовия розияллоҳу анҳу қўшини билан кутиб турганди. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг ушбу сафари икки гуруҳ мусулмонларнинг иттифоқи билан тугади.

Ҳижрий 99 йил, сафар ойи (мил. 717 йил сентябрь-октябрь)

Адолатли подшоҳ Умар ибн Абдул Азиз раҳматуллоҳи алайҳ халифаликка сайланди.

Ҳижрий 260 йил, сафар ойи (мил. 873 йил ноябрь- декабрь)

Имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳ туғилди.

Ҳижрий 370 йил, сафар ойи (мил. 980 йил август-сентябрь)

Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ туғилди.

Ҳижрий 722 йил, сафар ойи (мил. 1322 йил феврал-март)

Имом Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ туғилди.

Ҳижрий 756 йил, сафар ойи (мил. 1355 йил феврал-март)

Имом Нуриддин Саховий раҳматуллоҳи алайҳ Қоҳирада қозилик лавозимига тайинланди.

Ҳижрий 763 йил, сафар ойи (мил. 1361 йил декабрь)

Қозиюл қузот Садриддин Думайрий раҳматуллоҳи алайҳ Суриядаги Ҳалаб шаҳрида ва қози Аминуддин ибн Ваҳбон раҳматуллоҳи алайҳ Ҳамо шаҳрида қозилик лавозимига тайинландилар…

 

Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади


[1] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан ўзлари иштирок этган ҳарбий юриш (унда жанг бўлганми, бўлмаганми, фарқи йўқ) “ғазот” деб аталади.

[2] Холид ибн Валид розийаллоҳу анҳу ҳижрий саккизинчи йили 47 ёшида мусулмон бўлган. Ҳижрий йигирма биринчи йили 60 ёшида вафот этган.

[3] Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳунинг халифалиги даврида Мисрни фатҳ қилади.

[4] Нажрон – Маккадан Яман томонга боришда етти марҳала (310 км) масофадаги, етмиш учта қишлоқдан иборат катта ўлка. Нажрон аҳлининг юз мингта жангчиси бўлиб, насронийлик динида эдилар.

[5] Икки мингта кийим-бош билан икки минг уқия кумуш. (2000 уқия 80000 дирҳам (кумуш танга)га тенг бўлиб, закот нисобининг 400 баробаридир).

[6] Муттафақун алайҳ.

 

Мулоҳаза билдиринг