Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилишлари, насаблари ва исмлари

3 йил аввал 25873 siyrat.uz

Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фил йили туғилганмиз».

Усмон ибн Аффон Қубоса ибн Ашям ибн Лайс розияллоҳу анҳудан: «Сен каттамисан, Расулуллоҳми?» деб сўради. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан катталар. Мен у кишидан туғилишда қадимгироқман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фил йили туғилганлар. Онам мени маконига кўтариб борганида филнинг ўзгариб кетган яшил тезагини кўрганман», деди». Иккисини Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Ушбу икки ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фил йилида таваллуд топганлари таъкидланмоқда. Арабларда тарихни йилнинг машҳур ҳодисаси билан белгилаш одати бор эди. Фил ҳодисаси энг машҳур ҳодисалардан бири бўлган. Ўша машҳур қиссанинг мухтасари қуйидагича: Ҳабашистон (Эфиопия) Яманни босиб олгандан сўнг, Ҳабашистон подшоси Яманга Абраҳа ал-Ашрамни ҳоким этиб тайинлади. Абраҳа барча ҳабашистонликлар қатори насроний динида эди. У Яман пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали, серҳашам черков қурдириб, унга «Қалийс» деб ном берди. Арабларни Каъбадан буриб черковига ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча уринишлари пучга чиққандан сўнг ниятига куч ишлатиш йўли билан эришмоқчи бўлди. Абраҳа Каъбани бузиб ташлаб, ҳаммани черковига буришни қасд қилди. Шу мақсадда катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди, арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филларни ҳам олди ва Маккага қараб юрди. Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай Тоиф шаҳри тарафидан Маккага яқинлашиб, Миғлас деган жойга аскари билан келиб тушди. Сўнгра Маккага одам юбориб, у ернинг улуғини олиб келишга буюрди. У бориб Қурайш қабиласи раҳбари, улуғи Абдулмуттолибни етаклаб келди. Абдулмуттолиб гавдали, хушбичим, серсавлат, виқорли одам эди. Абраҳа уни кўриб қойил қолди ва тахтидан тушиб, унга пешвоз чиқди. У билан бирга гилам устида ўтирди ва таржимонга: «Ундан сўра, менда нима ҳожати бор экан?» деди. «Аскарлар менинг икки юзта туямни ҳайдаб кетишибди, шуларни қайтариб берсанг», деди Абдулмуттолиб. Абраҳа таржимонга: «Унга айт! Келганингда сени кўриб қойил қолган эдим. Сўзингни эшитиб ҳафсалам пир бўлди, сенинг ва ота-боболарингнинг дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман-у, сен уни сўрамай, ўзингнинг икки юзта туянгни сўраяпсан», деди. «Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг ўз эгаси бор, ҳимоя қилиб олади», деди Абдулмуттолиб. «Мендан ҳимоя қилолмас», деди Абраҳа. «Ўз билганингни қилавер», деди Абдулмуттолиб. Унга туяларини қайтариб беришди. Абдулмуттолиб Маккага қайтиб одамларни тоққа чиқиб кетишга буюрди. Ўзи бир неча киши билан Каъбага борди ва ҳалқасини ушлаб туриб, илтижо қилиб дуо қилди. Сўнгра улар ҳам тоққа чиқиб кетишди. Абраҳа аскару филларини тўплаб Каъбани бузишга юрмоқчи бўлди. Лекин филлар ётиб олиб ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса фил тезлаб юрди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди. Шу пайт Аллоҳнинг иродаси билан тўп-тўп қушлар учиб келиб, душманлар устидан тош ташлай бошлади. У тошлар кимга тегса шу жойида ўлаверди. Аскар қирилди. Абраҳанинг жасади узилиб-узилиб туша бошлади. Уни кўтариб Санъогача олиб боришди ва ўша ерда вафот этди. Худди ана шу йили Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қорнида эдилар. Демак, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналарининг қорнида ҳомила ҳолида туришларининг ўзи Абраҳанинг аскари ҳалокатига сабаб бўлган. У Зот баракали зот эканлигини шундан ҳам билиб олса бўлаверади. Душманлар ҳалокатга учрагандан кейин Аллоҳ таоло ирода қилган нур порлаб дунёга келди. Ушбу нур қуйидаги ривоятда зикри келадиган пок насабдан туғилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари: у Зот — Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Малик ибн ан-Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илъяс ибн Музар ибн Низар ибн Маъад ибн Аднон. Бухорий ривоят қилган. Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари бўйича барча тарихчилар ва насабчилар иттифоқ қилган боболар шулардир. Кейинги насаблари Исмоил алайҳиссаломга бориб тақалиши ҳам аниқ. Ривоятларда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ушбу силсилани зикр қилиб, кейин бир оз сукут қилганлар ва: «Бундан кейин насабчилар агар ростни айтсалар ҳам ёлғондир», деганлар. Ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболаридан йигирма кишининг номлари зикр қилинмоқда. Аввал ўрганганимиздек, у Зотнинг насаблари олий насабдир. Аллоҳ таолонинг инояти ила пок сақланган насабдир. Энди ўша олийнасаб силсилага аввал бошидан бир назар солиб чиқайлик. 1. Аднон. Мазкур йигирма бобонинг биринчиси бўлган бу зот бошқалари каби Маккаи Мукарамада истиқомат қилганлар. Чунки у киши ҳам Каъбаи Муаззаманинг қурувчиси Исмоил алайҳиссаломнинг сулоласидандир. Адноннинг икки ўғли бўлган экан. Бири Маъад, иккинчиси Акк. Иккинчи ўғил Яманнинг ашъарийлар қабиласидан уйланиб аёли билан унинг оталари юрти Яманга кетган экан. 2. Маъад. У эса отаси Аднон билан Маккаи Мукарамада истиқомат қилган. Маъаднинг ўғилларидан бирининг исми Қузоъа бўлган. Ўша ўғилдан машҳур Қузоъа қабиласи тарқалган. Маъаднинг отасининг ўрнини босиб Маккаи Мукарамада истиқомат қилиб қолган ўғли Низар эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига кириш бахтига муяссар бўлган. 3. Низар. Низарнинг Робиъа, Анмар ва Ияад номли ўғиллари кейинчалик ўз номлари билан аталадиган қабилаларга ота бўлганлар. Унинг Маккаи Мукарамада истиқомат қилиб, отасининг эшигини очиб қолган ўғли Музар ҳам ўз номи билан аталадиган қабилага ота бўлиш билан бирга, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига кириш бахтига ҳам муяссар бўлган. 4. Музар. Бу кишининг икки ўғли бўлиб, бири Илъяс, иккинчиси Ғийлан бўлган. Икковининг ичида Илъяс яхшиси бўлган. Шунинг учун ҳам, Илъяс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаб силсилаларидан ўрин олган. 5. Илъяс. Илъяснинг вақтида одамларнинг Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломнинг шариатларидан оғишлари пайдо бўлган экан. Шунда Илъяс уларни бу нотўғри йўлдан қайтариб қолган экан. Илъяснинг учта ўғли бўлиб, улардан бирининг исми Омир экан. Бир куни Илъяснинг туялари қочиб кетибди. Уларни топа олмай жуда қийналибди. Охири ўғилларини туяларни топиб келишга юборибди. Икки ўғил ҳеч нарса топа олмай қайтиб келибдилар. Омир эса ҳамма туяларни топиб, отасининг олдига ҳайдаб келибди. Шунда Омирга «Мудрика» «Топқир» деган лақаб беришибди. Кейинчалик унинг лақаби исмидан ғолиб бўлган. У ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаб силсилаларидаги боболари сафидан ўрин олиш бахтига муяссар бўлган. 6. Мудрика. Мудриканинг Хузайма ва Ҳузайл номли ўғиллари бўлган. Улардан Хузайма Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш бахтига эришган. 7. Хузайма. Хузайманинг тўрт ўғли бўлиб улар: Кинона, Ашудд, Ашудда ва Ҳувн деб номланишган. Уларнинг ичидан Кинона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари силсиласига қўшилиш бахтига муяссар бўлган. 8. Кинона. Кинонанинг ҳам бир неча ўғиллари бўлган. Аммо Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам сулбидан ўтиш бахтига сазовор бўлгани Назр деб номланган. 9. Назр. Назрнинг ҳам ўғиллари кўп бўлган. Аммо уларнинг ичида энг яхшиси Феҳр эди. Ана ўша Феҳр Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди. 10. Феҳр. Ушбу Феҳр Қурайш қабиласининг асосчиси ҳисобланади. Унинг яна бир номи Қурайш ҳам эди. У олий ахлоқли, ҳикматли бир киши эди. У ўз вафоти олдидан ўрнига қабила бошлиғи бўлиб қоладиган ўғли Ғолибга ажойиб насиҳатлар қилган. 11. Ғолиб. Ғолиб ҳам отасига ўхшаш ҳикмат соҳиби эди. У ўз қабиласига ҳикмат ила раҳбарлик қилди. Унинг ўғилларидан Луъай ҳам отаси ва бобосига ўхшаш фарзанд чиқди. У ёшлигиданоқ ҳикмат соҳиби эканини намойиш қилди. Ғолиб билан ўғли Луъайнинг ҳикмат бобида қурган суҳбатлари ривоятларда сақланиб қолган. Луъай Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш бахтига ҳам сазовор бўлди. 12. Луъай. У эр киши мақомига етганда ўз отасининг ўрнини эгаллади. Луъайга Аллоҳ таоло бир неча фарзандлар ато қилди. Уларнинг ичида Каъб ҳаммасидан ақлли ва афзали эди. У ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди. 13. Каъб. Каъб ҳам оталарига ўхшаб ҳикмат соҳиби бўлди. Унинг кишиларга сўзлаган ваъз-насиҳатларини ривоятчилар ҳозиргача етказиб келганлар. Каъбнинг болалари ичидан Мурра исмли ўғли Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди. 14. Мурра. Мурра Қурайш қабиласининг фахрига айланган кишилардан бири эди. Мурранинг ўғилларидан Килобнинг сулбига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтдилар. 15. Килоб. Килоб ҳам ўз вақтининг етук кишиларидан эди. У икки ўғилнинг отаси бўлди. Унинг ўғиллари ичида энг яхшиси, кўзга кўрингани, сўзга устаси ва уддабурони Қусай эди. Иккинчи ўғил эса Зуҳра эди. Буларнинг иккиси ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлдилар. Зуҳра она тарафдан бобо бўлгани боис, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари Оминаи Зуҳрия деб номланадилар. Қусай ибн Килоб Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ота томондан бобо бўлди. 16. Қусай. Қусай болалик пайтини онасининг ҳузурида –Қузоъа қабиласида ўтказди. У кучли, карамли ва номусли йигит бўлиб етишди. Кунлардан бир куни ўз тенги бир йигит билан олишувда ғолиб келди. Енгилган аччиғига чидай олмай Қусайга: «Сен биздан эмассан, ўз қавмингга кетсанг бўлмайдими?!» деди. Бу гап Қусайнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Ўша пайтгача у ўзининг бегона эканини билмаган эди. У онаси ҳузурига бориб бу ҳақда шикоят қилди. Онаси унга: «Болам, Аллоҳга қасамки, сен ота жиҳатидан ҳам, насаб жиҳатидан ҳам, шарафу мартаба жиҳатидан ҳам ундан кўра яхшисан, сен Ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луъай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Малик ибн Назр ибн Кинона Қурайшийсан. Сенинг қавминг Маккада, Байтул Ҳаромнинг ҳузури ва атрофида, у ерга барча араблар зиёратга боради», деди. Шунда Қусай сафарга чиқишга қарор қилди. Онаси унга: «Болам, шошмай тур, шаҳрул ҳаром кирсин, ўшанда араб ҳожилар билан кетасан. Бўлмаса, йўлда сенга бир нарса бўлишидан қўрқаман», деди. Шаҳрул ҳаромда Қусай ҳаж сафарига чиқди ва бориб отасининг қавмига қўшилди. У кучли ва келишган қоматли эди. Кўп ўтмай Байтул ҳаромнинг мутасаддилигини эгаллади. Ундан олдин бу шарафли иш қурайшликларга эмас, қузоъаликларга насиб этган эди. Қусай ўзининг ўткир идроки, тадбиркорлиги ва қувватини ишга солиб ҳаж ишларига ҳам бошлиқ бўлиб олди. Шундоқ қилиб, Қусай ҳамма шарафли ишларни ўзиники қилиб олди. У Байтуллоҳга мутасадди бўлди. Бу улуғ даргоҳ учун нима иш қилинадиган бўлса, фақат у билан битадиган бўлди. Қусай Макканинг амири ҳам эди. Каъбаи Муаззаманинг калитларига ҳам соҳиб бўлди. Каъбаи Муаззамани фақат угина очар эди. Шунингдек, ҳожиларга сув бериш шарафи ҳам Қусайга ўтди. Ҳожиларнинг муҳтожларини боқиш иши — рифода ҳам Қусайнинг ихтиёрига ўтди. Бунинг учун у ҳар йили қурайшликлардан харож олар ва ҳожиларга таом тайёрлаб тутар эди. У бу ҳақда қурайшликларга қуйидаги хутбани қилган эди: «Эй Қурайш жамоаси! Албатта, сизлар Аллоҳнинг қўшнисисизлар! Унинг аҳли байтисизлар! Аҳли ҳарамсизлар! Албатта, ҳожилар Аллоҳнинг меҳмонлари ва У Зотнинг уйининг зиёратчиларидир. Улар муҳтарам меҳмон бўлиш учун энг ҳақли одамлардир. Бас, улар учун қайтиб кетгунларича таом ва шароб ажратинг!» Шунингдек, Қурайш қабиласи бирор уруш учун байроқ тикмоқчи бўлса ҳам, фақатгина Қусай тикиши мумкин эди. Яъни ҳамма нарса унинг қарори билан бўлар эди. Арабларнинг доруннадваси — маслаҳат кенгаши ҳам Қусайнинг уйида бўлар эди. Қусайнинг асл исми Зайд эди. Аммо у Қусай лақабини олган эди. Кейинчалик лақаби исмидан ғолиб бўлиб кетган. Қусай вафотидан олдин ҳамма ишларини ўз ўғли Абдуддорга топширди. Шу ерда Қусай ота-боболаридан кўра бошқача иш тутди. Аввал танишиб ўтганимиздек, бу силсиладаги барча оталар раҳбарликни ўзининг энг қобилиятли ўғлига топшириб келган эдилар. Аммо Қусай икки ўғлидан қолоқроғига бошлиқликни топшириб, нотавон ўғлининг шаънини бир оз кўтармоқчи бўлди. Чунки бошқа ўғли Абдуманоф отасининг тириклигидаёқ юқори даражаларга эришиб бўлган эди. Худди мана шу Абдуманоф Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлди. 17. Абдуманоф. Аллоҳ таоло Абдуманофга тўрт ўғил берди. Улар: Абдушшамс, Ҳошим, Муттолиб ва Навфаллар эди. Бу тўрт ўғилнинг барчаси шарафли ва ўз қадрини билган кишилар эди. Улар боболари Қусайнинг амакилари Абдуддорга бошлиқликнинг ҳаммасини топшириб қўйишига индамай қараб туришмади. Бу ишларда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор деб талаша бошладилар. Орада уруш чиқиш хавфи туғилди. Шунда баъзилар сулҳ орқали келишувга чақирдилар. Узоқ тортишувлардан кейин мансаблар орада тақсим қилинди. Абдуманофнинг болалари чекига ҳожиларга шароб ва таом бериш тушди. Каъбанинг калити, байроқ ва доруннадва Абдуддор болаларига тегди. Ҳошим Абдуманофнинг ўғиллари ичида энг яхшиси эди. Унинг обрўси араблар ичида жуда ҳам юқори эди. У ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бобо бўлиш шарафига эришди. 18. Ҳошим. Ушбу Ҳошимнинг ўрнига унинг ўғли Абдулмуттолиб қолди. 19. Абдулмуттолиб. Абдулмуттолибнинг онаси ясриблик бўлиб, Бани Нажжор қабиласига мансуб аёл эди. Абдулмуттолиб ҳам ўша шаҳарда ўсди. У дорулғурбада тарбия топди. Кейинчалик уни амакиси Муттолиб Маккага олиб келиб ўз тарбиясига олди. У доимо амакиси ва тарбиячиси Муттолиб билан бирга юргани учун «Абдулмуттолиб» деб номланиб қолди. Абдулмуттолиб ўз шахсининг кучлилиги, ҳусни хулқи ва кечирувчанлиги билан Қурайш қабиласини ром этди. Аста-секин уларга раис бўлди. У қабиланинг ёшларига ота, қариларига биродар бўлди. Абдулмуттолибсиз Маккада бирор иш бўлмайдиган, бирор қарор қабул қилинмайдиган ҳолга келди. Бир вақтлар Журҳум қабиласи Маккага ҳужум қилиб, Замзам қудуғини кўмиб ташлаган эди. Қудуқ узоқ йиллар кўмилган ҳолида қолиб кетган эди. Абдулмуттолиб ўша қудуқни қайта ковлаб сув чиқарди. Бу ишни қилишига эса Аллоҳ таолонинг Ўзи илҳом берган эди. Абдулмуттолиб бир куни Каъбаи Муаззаманинг ёнида ухлаб ётганида тушида биров келиб: «Тийбани ковла», деди. «Тийба нима?» деди Абдулмуттолиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги кимса тушига кириб: «Баррани ковла», деди. «Барра нима?» деди Абдулмуттолиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги кимса тушига кириб: «Мазнунани ковла», деди. «Мазнуна нима?» деди Абдулмуттолиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғойиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги кимса тушига кириб: «Замзамни ковла», деди. «Замзам нима?» деди Абдулмуттолиб. «У ҳеч қуримас ва ёмонланмас. Кўп ҳожиларни суғорур. У тезак ва қон бор жойда. Қарға ер чўқиётган жойда. Чумоли бор жойда», деди. Абдулмуттолиб уйқусидан туриб бориб одамлар ҳайвонларини сўядиган жойни — ҳозирги Замзам қудуғи ўрнини топди. У ерда қарға ер чўқиб турар, чумоли ғизиллаб юрар эди. Абдулмуттолиб ўша ерни қазий бошлади. Ўша пайтда фақат биргина ўғли — Ҳорисгина бор эди. Ўзи ёлғиз оғир ишни амалга оширишда жуда қийналди. Лекин бор кучини ишга солиб, жон-жаҳди билан ер қазиди. Унинг учун бу ишнинг охири кўриниши, сув чиқиши қийинга ўхшаб кетди. Ўшанда ўзига ёрдам берадиган ўғиллари йўқлигидан ўксиди. Агар Аллоҳ таоло менга ўнта ўғил берса, улардан бирини Унинг йўлида қурбонлик қиламан, деб назр атади. Абдулмуттолиб азиматли инсон эди. У мақсади йўлида ҳар қандай ишни қилишга, ҳар қандай машаққатга дош беришга одатланган эди. Шунинг учун ҳам, унга ўзининг ёлғизлиги ҳам, ишнинг оғирлиги ҳам таъсир қилмади. Ҳеч бўшашмай ер ковлашда давом этди. Қурайшликлар эса, қани нима бўлар экан, деб узоқдан кузатиб турар эдилар. Абдулмуттолиб сувни кўрганда «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтди. Қурайшликлар унинг мақсадига эришганини англадилар. Абдулмуттолиб қазишда давом этиб қудуқ атрофидан Исмоил алайҳиссаломдан қолган табаррук нарсаларни ҳам бирин-кетин топа бошлади. У ҳар бир нарсани топганда такбир айтар эди. Қурайшликлар эса унинг яна бир нарсага эришганини билишар эди. Абдулмуттолиб Замзамни қайта ковлаб битирганидан кейин қурайшликлар унга эгалик қилишда шерик бўлмоқчи бўлдилар. Улар Абдулмуттолибга: «Бу Исмоилнинг қудуғи, шунинг учун унга эгалик қилишда биз ҳам сенга шерик бўлишимиз керак», дедилар. Абдулмуттолиб эса бўш келмади. Буни мен ўзим қазидим, мен ўзим эгалик қиламан, деди. Қурайшликлар Абдулмуттолибнинг яхшилигини билганларидан, ўзларига ҳам Замзамдан фойдаланишга ижозат беришига ишонганларидан гапларидан қайтдилар. Дарҳақиқат, ҳаммалари Замзам сувидан ичиб, баракасидан баҳраманд бўлдилар. Ҳаммалари бу ишдан хурсанд бўлдилар. Ўзларига иззат ва каромат қайтиб келганидан мамнун бўлдилар. Чунки Замзам Исмоил алайҳиссалом, у кишиниг оталари Иброҳим алайҳиссалом ва оналари Ҳожарга тегишли нарса эди. У зотлар эса арабларнинг фахри эди. Ана шундоқ тарзда Абдулмуттолибнинг обрў- эътибори кундан-кунга ортиб бораверди. Аллоҳ таоло унга кўп нарсаларни, жумладан, ўнта ўғил ато қилди. Ўғиллари кўзга кўриниб қолганда Абдулмуттолиб ўзи қилган назрга вафо қилишни, ўғилларидан бирини қурбонликка сўйишни ирода қилди. Лекин ўн ўғилдан қайси бирини сўйишини билмай қийналди. Охири қуръа ташлаб кимга чек тушса, ўшани қурбонлик қилишга қарор қилди. У ўғилларини бир жойга жамлади. Уларга ўзининг атаган назри ҳақида хабар берди. Қуръа улардан кимга чиқса ўшани қурбонликка сўйишини айтди. Болалари итоат ила рози бўлишди. Абдулмуттолиб уларнинг ҳаммасини Каъбаи Муаззаманинг ичига олиб кирди. Ҳар бирига бир варақдан қоғоз бериб, ҳар ким ўз исмини ёзсин, деди. Ўғиллар оталарининг амрини бажардилар. Сўнгра Абдулмуттолиб қуръа ташловчи мутахассисни чорлади. У келиб қуръа ташлаган эди Абдуллоҳнинг чеки чиқди. Абдуллоҳ Абдулмуттолиб учун ўғиллари ичида энг эркаси ва энг маҳбуби эди. Лекин шундоқ бўлса ҳам, қуръа Абдуллоҳга чиққандан кейин отаси уни сўйишга тайёрлана бошлади. Бу хабар зудлик билан атрофга тарқалди. Макка аҳли етиб келганларида Абдулмуттолиб ўғлини сўйиш учун астойдил пичоқ қайрамоқда эди. Қавм унга юзланиб: «Нима қилмоқчисан! Эй Абдулмуттолиб!» деб қичқирди. «Уни сўймоқчиман», деди пичоқни қайрашда давом этиб Абдулмуттолиб. Одамларнинг эс-ҳуши учиб кетди. Абдулмуттолибнинг ўғиллари ҳам унга бўлган итоатларидан айниб, кўпчиликка қўшилдилар. Лекин бир сўзлиги билан ном қозонган қайсар чолнинг ўз ниятидан қайтгиси йўқ эди. Охири қурайшликлар ва улар билан бирга Абдулмуттолибнинг ўғиллари, уни сўймайсан, деб қасам ичдилар. Бу иш кўпгина ёмонликларга сабаб бўлишини айтиб, туриб олдилар. Улар: «Уни зинҳор сўймайсан. Назрингга амал қилмасликка узр ахтар. Агар сен бу ишни қилсанг, бошқалар ҳам ўғлини қурбонликка сўйишга одатланади. Унда одам қолмайди, ахир!» дедилар. Абдулмуттолибнинг синглисининг қизи ҳам унга: «Аллоҳга қасамки, уни сўймайсан! Назрингга амал қилмасликка узр ахтар. Агар унинг ўрнига фидя бериш лозим бўлса молу мулкимизни унинг учун фидо қиламиз», деди. Шундан кейингина Абдулмуттолиб бир оз юмшади. Ҳижоз аҳлидан бўлган бир фолбин аёлнинг олдига бориб маслаҳат сўрадилар. У ўнта туяни бир томонга, Абдуллоҳни бир томонга қўйиб қуръа ташлашни, қуръа туяларга чиқса уларни сўйишни, Абдуллоҳга чиқса, яна ўнта туя зиёда қилиб қайта қуръа ташлашни, то қуръа туяларга чиқмагунча уларнинг сонини ўнтадан ошириб қайтадан қуръа ташлайверишни маслаҳат берди. Бу маслаҳат қавмга ёқиб тушди. Абдуллоҳни бир томонга ўн туяни бир томонга қўйиб қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Туяларнинг сонини ўнтага ошириб қайта қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Туяларнинг сонини яна ўнтага ошириб қайта қуръа ташладилар. Қуръа Абдуллоҳга чиқди. Шундоқ равишда давом этиб бориб туяларнинг сони юзтага етганда қуръа туяларга чиқди. Қурайшликлар хурсанд бўлиб: «Эй Абдулмуттолиб, Роббинг фидяга рози бўлди», дейишди. Абдулмуттолиб эса ишонмай яна қайтадан қуръа ташлатди. Яна қуръа туяларга чиқди. Учинчи бор ҳам қуръа туяларга чиққандагина Абдулмуттолибнинг кўнгли ўрнига тушди. У юз туяни сўйиб элга тарқатди. Пайғамбар алайҳиссаломга ота бўлажак Абдуллоҳнинг номи шу тариқа эл-юртга тарқалди. 20. Абдуллоҳ. Макка аҳли барчаси ҳимоясига турган Абдуллоҳ номли йигит ким ўзи? Макка аҳли бор-будини унинг учун фидо қилишга тайёрлигини эълон қилган Абдуллоҳ отли йигит ким ўзи? Абдуллоҳ Қурайшнинг бошлиғи Абдулмуттолибнинг Ҳорис, Зубайр, Ҳамза, Зирор, Абу Толиб (Абдуманоф), Абу Лаҳаб (Абдулуззо), Абдулкаъба, Муғийра ва Навфал исмли ўғилларидан кейин туғилган энг кенжа, эрка ва маҳбуб ўғлидир. У Қурайшнинг ёшлари ичида энг кўркам ва маҳбуби эди. Абдуллоҳ хушхулқли ва вазмин йигит бўлиб ўсди. У турли қийинчиликларга доим тайёр туришни отасидан ўрганди. Шунинг учун ҳам, назрга вафо қилиш учун отаси уни сўядиган бўлиб қолганда бу ишни бемалол қабул этди. Бу ишда у ўзининг катта бобоси Исмоил алайҳиссаломдан ўрнак олди. Ўзидаги олиймақом сифатлари туфайли Абдуллоҳ ҳамманинг муҳаббатини қозонган эди. Шунинг учун ҳам отаси уни қурбонликка сўймоқчи бўлганда ҳамма бу ишга қарши чиқиб уни ҳимоя қилди. Абдуллоҳнинг ишқида қавмининг қизлари куйиб-ёнар эдилар. Баъзи шошганлари унинг йўлини тўсишдан ҳам тоймас эдилар. Аммо Абдуллоҳ ҳаром ишга мутлақо яқинлашмас эди. У доимо пок яшашни хоҳлар эди. У келажакда сулбидан охири замон пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиши лозим бўлган зот эди. Абдуллоҳ вояга етганда отаси унга муносиб келин топиш пайига тушди. У ўғлига қаллиқ излаб Маккадаги оилаларнинг қизларини саралай бошлади. Охири ўз хотинларидан бири Ҳоланинг (Ҳамзанинг онаси) амакисининг қизи Оминани маъқул топди. Абдуллоҳнинг отаси Абдулмуттолиб Бани Қусайнинг улуғи бўлганидек, Оминанинг отаси Ваҳб ҳам Бани Зуҳранинг улуғи эди. Омина одобли, сабрли ва гўзал бир қиз эди. Унинг ҳақидаги хабарларга қараганд,а Омина худди Биби Марямнинг сифатларига эга эди. Қисқаси, Омина ўша вақтнинг ҳамма жиҳатдан устун бўлган қизи эди. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарини ана шундоқ ажойиб васфга эга бўлган икки улуғ ва пок наслнинг вакили ва вакиласи бўлган ота ва онадан дунёга келишини ирода қилди. Абдуллоҳ ва Оминанинг оила қуришларини таъминлади. Бу икки ёшнинг тўйларидан кўп ўтмай янги куёв ўз қавмига керакли хизмат юзасидан, хурмо олиб келиш учун отасининг тоғалари юрти Ясрибга жўнаб кетди. Абдуллоҳ кўп ўтмай ўша ерда вафот қилди. Ўша пайтда Оминанинг ҳомиладор бўлганига кўп бўлгани йўқ эди. Ўн гулидан бир гули очилмаган ёш келин ҳомиладор ҳолида маҳбуб эридан ажраб бева қолди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ