Абдуллоҳ ибн Саломнинг мусулмон бўлиши

1 ўн йил аввал 1940 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: менга Абдуллоҳ ибн Саломнинг оиласидан баъзи ки­шилар унинг мусулмон бўлганлиги ҳақида ривоят қиладилар, у олим ва доно эди. Унинг ўзи шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида эшитгач, у кишининг сифатлари, исмлари ва биз кутаётган замон экан­лигини аниқ билдим. Бироқ бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то Мадинага келгунларича ҳеч кимга оғиз очмай, беркитиб юрдим. У киши Бани Авф қабиласидаги Қубо деган жойга келиб тушгач, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келганликлари ҳақида хабар берди. мен бу пайтда хурмо дарахти устида иш қилаётган эдим, пастда аммам Холида бинт Ҳориса ўтирганди. Хабарни эшитгач, баланд овозда такбир айтиб юбордим. Аммам такбиримни эшитгач: «Аллоҳ сени ғамга тўлдиргур, Аллоҳга қасамки, Мусо ибн Имрон келганини эшитганингда ҳам бунчалик хурсанд бўлмас эдинг», деди. Мен: «Эй аммажон! Аллоҳга қасамки, у Мусо ибн имроннинг динида келган унинг биродаридир, у Мусо юборилган нарса билан юборилган», – дедим. Аммам: «Эй акам­нинг ўғли! Охирзамонда юборилиши ҳақида бизга хабар берилган Пайғамбар шуми?» – деди. Мен: «Ҳа», – дедим. Аммам: «Мана, гап қаерда!» – деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, Ис­ломни қабул қилдим ва оилам олдига қайтиб келиб, уларга ҳам буюр­ган эдим, улар ҳам мусулмон бўлдилар». (У сўзида давом этиб шун­дай дейди): «Мусулмон бўлганимни яҳудийлардан беркитиб юрдим. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам.)! Яҳудийлар ёлғончи қавмдир. Мени бир хонага кирги­зиб, яшириб қўйинг-да, улардан мен ҳақимда сўранг: сизга мусулмон бўлишимдан олдин қандай эканлигимни айтишади, қачонки, мусул­монлигимни билишгач, мени айблашади ва туҳмат қилишади», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени беркитиб қўйдилар. Яҳудийлар келишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб, бир қанча саволлар беришди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан: «Сизларнинг ичингиздаги Ҳусайн ибн Салом қандай инсон?» – деб сўрадилар. Улар: «У саййидимиз, саййидимизнинг ўғли, доно ва олимимиз», – дейишди. Сўзларидан фориғ бўлгач, олдиларига чиқиб: «Эй яҳудийлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқингиз ва бу Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган динни қабул қилинг! Аллоҳга қасамки, сизлар, шубҳасиз, бу кишини ҳузурингиздаги Тавротда исми ва сифати битилган Аллоҳнинг Пайғамбари эканлигини биласиз. Мен унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлигига гувоҳлик бераман, унга ишона­ман, уни тасдиқлайман ва уни биламан», – дедим. Улар: «Ёлғон ай­тяпсан», дея мени ёмонлай кетишди. Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Сизга айтмаганмидим, булар ёлғончи, туҳматчи, гуноҳкор қавм деб», – дедим. Шу тариқа мен оилам билан мусулмон бўлганимиз ошкор бўлди. Шунингдек, аммам Холида бинт Ҳориса ҳам яхши мусулмон бўлдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ