Ас-Савиқ ғазоти

3 йил аввал 2169 siyrat.uz

 

Абу Муҳаммад Абдулмалик Ибн Ҳишом: бизга Зиёд ибн Абдуллоҳ ал-Баккоий Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Мутталибийдан сўзлаб берди: «Сўнг Абу Суфён ибн Ҳарб зулҳижжа ойида савиқ жангига чиқди. Ўша йили ҳаж амалларини мушриклар бошқаришди. Менга Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Зубайр, Язид ибн Румон ва ишончли бир киши ан­сорларнинг энг билимдони бўлган Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Молик­дан ривоят қилиб беришларича, Абу Суфён қолган қурайшликлар Бадрдан Маккага қайтганидан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳужум қилмагунча, жунуб бўлганда ҳам бошига сув етказмасликка қасам ичганди. Қасамини рўёбга чиқариш учун икки юз отлиқ билан чиқиб, ан-Наждияга йўл олди ва Мадинага тахминан бир барид[1] масофада жойлашган Сайб деб аталувчи тоққа олиб борадиган йўл ўртасига ке­либ тушди. Сўнг тунда йўлга чиқиб, ярим тунда Бани Надрга келди ва Ҳуяй ибн Ахтаб уйининг эшигини қоқди. Ҳуяй қўрқиб, эшик­ни очишдан бош тортди. Кейин Абу Суфён Салом ибн Мишкам ол­дига борди. У ўша вақтда Бани Надрнинг оқсоқоли ва хазинабони эди. Абу Ссуфён киришга изн сўраган эди, Салом ибн Мишкам изн берди. У Абу Суфённинг қорнини тўйдириб, одамларнинг сирлари­ни айтиб берди. Сўнг Абу Суфён тун охирида унинг олдидан чиқди, ҳамроҳлари олдига келиб, бир неча нафар қурайшликни Мадинага юборди. Улар Мадинанинг ал-Урайз[2] деб аталадиган томонига келиб, у ердаги хурмозорга ўт қўйишди ва бир ансорий ҳамда унинг экинзор­даги шеригини учратиб, уларни ўлдиришди. Улар қайтишгач, одамлар огоҳлантирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг орқасидан йўлга чиқиб, Мадинага Башир ибн Абдул Мунзирни волий этиб қолдирдилар.

Ибн Ҳишом: Баширнинг куняси Абу Лубоба эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қарқарат ал-Кудр деган жойгача бориб, ортга қайтдилар. Абу Суфён ва унинг шериклари қочиб қолишганди. Саҳобалар мушрикларнинг юкларини кўришди. Улар омон қолиш учун юкларини енгиллатиб, экинзорга ташлаб кетишганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар би­лан ортга қайтарганларида улар: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, бу­нинг биз учун ғазот бўлишига умид қиласизми?» – деб сўрашди. У Зот: «Ҳа», – дедилар.

Ибн Ҳишом: Менга Абу Убайда сўзлаб беришича, мушриклар юклари ичидан кўп миқдорда арпа унини ташлаб кетишгани ва му­сулмонлар уни қўлга киритишгани сабабли мазкур юриш «Савиқ[3] ғазоти» деб номланган.

Ибн Исҳоқ: Абу Суфён ибн Ҳарб қайтганидан кейин, Салом ибн Мишкамнинг қилган иши ҳақида шундай деган:

Мадинага ёлғиз бордим, битим тузгани,

Ҳеч афсус чекмайман, надоматим йўқ!

Салом ибн Мишкам мени шароб ила суғорди,

Қондирди, шошилиб, кумайт[4] ила бардавом!

Дедим қўшин қайтиб кетганда,

Шод бўл азизлик ва ўлжа ила!

Мен уни хурсанд қилмоқчи эмасдим.

Эътибор қил, қавм Луайнинг атоқлиларидир,

Журҳумнинг аралаш-қуралашлари эмас!

Улов минган киши, бироз вақт ўтмасдан,

Шошилиб келди беҳожат бўлиб.


[1] 12 милга баробар масофа ўлчов бирлиги.

[2] Мадинадаги бир водий. баъзиларнинг фикрича, қишлоқ ва сув бўлган ҳар қандай

жой шундай номланади.

[3] Савиқ – арпа.

[4] Маст қилувчи ичимлик номи.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ