Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши

1 ўн йил аввал 2686 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Каъб ибн Ашрафнинг ҳикояси қуйидагича:[1] Қурайшликлар Бадр жангида мағлуб бўлганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга Аллоҳ таоло ато этган фатҳ ва бир қанча мушриклар­нинг ўлдирилгани ҳақидаги хушхабарни етказиш учун Мадинанинг қуйи қисми аҳолисига Зайд ибн Ҳорисани, юқори қисми аҳолисига эса, Абдуллоҳ ибн Равоҳани юбордилар.

Менга Абдуллоҳ ибн ал-Муғис ибн Абу Бурда, Абдуллоҳ ибн Абу Бакр, Осим ибн Умар ва Солиҳ ибн Абу Умомаларнинг айтиб беришганига кўра, Каъб ибн Ашраф Тайй қабиласининг Бани Набҳон уруғидан эди. Унинг онаси Бани Надр қабиласидан бўлган. Каъб ибн Ашрафга хабар етиб келганида у: «Наҳотки, шу рост бўлса?! Сиз шу икки киши (яъни Зайд ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа) айтаётган кишилар­ни Муҳаммад ўлдирган, деб ўйлайсизларми?! Ахир улар арабларнинг аслзодалари ва одамларнинг подшоҳлари-ку! Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад ўша кишиларни ўлдирган бўлса, ернинг ости – устидан яхшироқ!» – деди.

Аллоҳнинг душмани хабарнинг ростлигини билгач, Макка­га жўнаб кетди. У ал-Мутталиб ибн абу Вадоъа ибн Зубайра ас-Саҳмийнинг уйига келиб тушди. Ал-мутталиб Абу Лайс ибн Умай­я қизи Отикага уйланган эди. Отика унга жой бериб, иззат-икром кўрсатди. Каъб ибн Ашраф одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши урушга чақира бошлади. Шеърлар ўқиди. Бадрда ўлдирилиб, қудуққа ташлаб юборилган қурайшликлар учун йиғлади.

У шундай шеър айтди:

Бадр тегирмони айланди, одамларинг ҳалоки учун,

Бадр каби урушлар учун айлана бошлайди ва йиғлайди.

Ўз жойларида аслзода кишилар қатл этилди,

Узоқ кетманг, зеро шоҳлар йиқитилади.

Қанча оқ танли донгдор ўлдирилди у ерда,

Савлатли, кўркам, бечоралар паноҳ сўраб келадиган.

Қўллари очиқ уларнинг, юлдузлар вафосиз онда,

Оғир юкни кўтаргувчи, бахтли ва мирбоъ[2] асҳоби.

Қавмлар демоқдалар, уларнинг ғазабига хурсандман,

Ашрафнинг ўғли ҳануз Каъбдан хавотирда.

Содиқ турдилар улар, қани эди ер, улар ўлдирилган онда,

Ёрилсайди ва аҳолисин ғарқ этсайди.

Шунда хабар етказган зарба ер эди,

Ёки кўр ва кар бўлиб титраб яшарди.

Менга хабар келди, Бани Муғиранинг барчаси,

Абул Ҳакам ўлганидан ғуруридан тушибдилар,

хор бўлибдилар.

Унинг ёнида Рабиъанинг икки ўғли ва Мунаббиҳ,

Туббаъда[3] ҳам бундай кишилар ҳалок бўлмаган.

Менга хабар келди, Ҳорис ибн Ҳишом, одамлар аро,

Яхши ишлар қилмоқдамиш, одамлар йиғмоқдамиш,

Гуруҳлар ила Ясрибга қилмоқ учун зиёрат.

Зеро таҳсинга лойиқ олийжанобгина обрўсини сақлайди.

Ибн исҳоқ: Ҳассон ибн Собит ал-Ансорий унга шундай жавоб берди:

Каъб учун йиғладими, сўнг тўккан ёши сабаб хаста бўлди,

Яшади бурни кесилган, хор ва кар бўлиб.

Мен Бадр водийсида ўликларни кўрдим,

Улар учун кўзлар ёш тўкади.

Йиғлайман, сен ёш бир қулни йиғлатдинг,

Худди қутирган қутирганга эргашганидек.

Раҳмон орамизда бир Саййидга истагин берди,

Унга қарши уруш қилган қавмни ҳалок этди.

Қалби севгига тўла киши нажот топди, қутилди,

Ундан қўрқиб пора бўлар у бардавом.

Ибн Ҳишом: Илм аҳлининг кўпчилиги мазкур шеърни Ҳассон айт­

Ибн Исҳоқ: Бани Балий қабиласининг Бани Мурайд уруғига ман­суб мусулмонлардан бир аёл Каъбга жавоб бериб, бир шеър айтган. Бани Мурайд Бани Умайя ибн Зайд ичидаги иттифоқдошлар бўлиб, улар ал-Жаодира деб аталишар эди.

Ибн Исҳоқ: Ўша аёлнинг исми Маймуна бинт Абдуллоҳ эди. Аҳли илм кишиларнинг кўпчилиги ушбу байтларни у айтгани ва Каъб ибн Ашрафга раддия берганини инкор этишади.

Бу банда бутун борлиғи ила ачинди,

Ўлганларга қаттиқ йиғламоқда, чарчагани йўқ.

Бадр аҳли учун йиғлаганларнинг кўзлари ёш тўкди,

Луай ибн Ғолиб унинг икки баробари билан овунмоқда.

Қани эди, уларнинг қонлари билан бўянганлар,

Кўришсайди тоғ орасидагиларга нима бўлганин.

Шунда билар эди ҳеч, шак-шубҳасиз,

Соқол ва қошлар устида борар жойларин.

Каъб ибн Ашраф унга шундай жавоб берди:

Ичингиздан ақли паст кишини ҳайданглар,

Ундан чиққан нобоп гапдан саломат қолиш учун.

Мени кўз ёш тўкиб йиғлаганим учун сўкяпсанми?

Бир қавм учунки, улар менга ёлғонсиз дўст эдилар.

Мудом ҳаёт эканман, йиғлаб, ёд этаман,

Шону шарафи Макка уйларида бўлган қавм қаҳрамонлигин.

Қасамки, Мурайд ёмонликдан йироқ жойда эди,

Тулкиларнинг юзи каби ўзини катта тутди.

Луайб ибн Ғолиб уруғин сўкканлар учун,

Мурайд буринларин кесилиши ҳақ иш бўлди.

Мурайддан бўлган насибамни Жаъдарга ҳадя қилдим,

Вафо қилиб, Аллоҳ уйи Макка уйлари орасида.

Сўнг Каъб ибн Ашраф Мадинага қайтди ва муслима аёллар шаъ­нига (нолойиқ) шеърлар айтиб, мусулмонларга озор берди. Мен­га Абдуллоҳ ибн ал-Муғис ибн Абу Бурда айтиб берганига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени Каъб ибн Ашрафдан халос этади?» – дедилар. Бани Абдулашҳал қабиласидан бўлган Муҳаммад ибн Мас­лама: «Уни мен тинчитаман, ё Расулуллоҳ! Мен уни ўлдираман!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар қила олсанг, шундай қил!» – дедилар. Муҳаммад ибн Маслама кетди ва уч кун давомида жон сақлашга ет­гудек озуқадан ортиқ ҳеч нима емади ҳам, ичмади ҳам.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб беришганида, у Зот уни чақиртириб: «Сен нима учун емай, ичмай қўйдинг?» – деб сўрадилар. У: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен сизга сўз бердим, лекин сўзимнинг устидан чиқа оламанми ёки йўқми, билмайман», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен қўлингдан келадиганини қил», – дедилар. Ибн Маслама: «Биз баъзи гапларни сўзлашимиз керак бўлади», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима керак бўлса, денглар, сизларга рухсат», – дедилар. Каъб ибн Ашрафни қатл этишга Муҳаммад ибн Маслама, Каъб ибн Аш­рафнинг эмикдош акаси Бани Абдулашҳал уруғидан бўлган Абу Нои­ла Силкон ибн Салома ибн Вақш, Бани Абдулашҳал уруғидан бўлган Аббод ибн Бишр ибн Вақш, Бани Абдулашҳал уруғидан бўлган Ҳорис ибн Авс ибн Муоз, Бани Ҳориса уруғидан бўлган Абу Абс ибн Жабрлар тўпланишди. Сўнг улар Аллоҳнинг душмани Каъб ибн Ашрафнинг олдига Абу Ноила Силкон ибн Саломани юборишди. Силкон Каъб­нинг олдига бориб, бир қанча вақт гаплашди. Улар бир-бирига шеър ўқишди. Абу Ноила шеър айтди, кейин унга: «Эй ибн Ашраф! Мен сенинг олдингга бир иш билан келгандим, шуни айтмоқчиман. Лекин бу сирни фош қилма!» – деди. Ибн Ашраф: «Хўп бўлади!» – деди. Шунда Абу Ноила: «Бу кишининг келиши бир бало бўлди. Араблар у сабабли бизга душман бўлишди, бизга қарши туришди, йўлларимизни кесишди. Биз ва болаларимиз бошига қийинчиликлар тушди» – деди. Каъб: «Мен ибн Ашрафман. Аллоҳга қасамки, эй ибн Салома, сен­га айтар эдим-ку, ишлар шундай бўлиб кетади деб», – деди. Силкон унга: «Бизга озуқа сотсанг, дегандим. Ббиз сенга гаров, кафолат бериб, бу ишда яхшилик қиламиз» – деди. Каъб: «Гаровга ўғилларингизни берасизларми?» – деб сўради. Ибн Салома: «Сен бизни шарман­да қилмоқчимисан? Мен билан бирга дўстларим бор. Улар ҳам мен билан ҳамфикр, сенинг олдингга уларни олиб келмоқчиман. Сен молни уларга сотиб, яхши даромад қиласан, сенга етарли миқдорда совутларни гаровга қолдирамиз», – деди. Силкон Каъбнинг олдига қуроллар билан келишганида эътироз билдирмаслигини хоҳлаганди. Каъб: «Қурол бўлса, майли» – деди. Силкон дўстларининг олдига қайтди, уларга бўлган ишни айтиб, қурол билан келишларини буюр­ди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хузурларида тўпланишди.

Ибн Ҳишом: Каъб: «Гаровга аёлларингизни берасизларми?» – деб сўради. Ибн Салома: «Қандай қилиб биз сенга аёлларимизни гаровга қолдирамиз. Ахир сен Ясрибдаги энг навқирон, энг кўркам кишисан-ку!» – деди. Шунда у: «Болаларингизни гаровга қўясизларми?» – деб сўради.

Ибн Исҳоқ: Менга Савр ибн Зайд икримадан, у ибн Аббосдан сўзлаб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан бирга Бақиъ ал-Ғарқад номли қабристонгача юрдилар. Сўнг уларни жўнатиб: «Аллоҳнинг номи ила боринглар. Эй Аллоҳ, уларга ёрдам бер», – дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга қайтдилар. Тун ойдин эди. Йигит­лар Каъбнинг қўрғонига келишди ва Абу Ноила уни чақирди. Каъб ўрнидан ёпинчиғи билан сакраб тушди, у янги уйланган эди. Аёли ёпинчиқнинг бир четидан тутиб: «Сен урушдаги одамсан. Уруш одамлари бу вақтда ташқарига чиқмайдилар», – деди. Каъб: «Бу Абу Ноила, агар мен ухлаётган бўлганимда уйғотмасди», – деди. Хотини: «Аллоҳга қасамки, мен унинг овозида ёмонликни ҳис этаяпман», – деди. Каъб: «Йигит киши ўлимга чақирилса ҳам, чиқади», – деди-да, уларнинг олдига тушди, улар бир муддат бир-бирлари билан гапла­шишди. Сўнг ибн Салома: «Эй ибн Ашраф, ал-Ажуз дарасига бора оласанми? Туннинг қолган қисмини ўша ерда гаплашиб ўтказамиз» – деди. Каъб: «Сизлар хоҳласангиз, майли», – деди. Улар бир муддат юришди. Кейин Абу Ноила қўлини Каъбнинг сочлари орасига тиқди ва қўлини ҳидлаб: «Бундай хушбўй ҳидни мен илгари искамаганман», – деди. Сўнг бироз юриб, яна ўшандай қилди, Каъб эса хотиржам бўлди. Яна бир оз юриб аввалгидай қилди-да, Каъбнинг сочларидан тутиб: «Аллоҳнинг душманини уринг!» – деди. Йигитлар қиличлари билан унга ҳужум қилишди, бироқ қиличлар тўқнашиб, унга тегмай, фойдаси бўлмади. Муҳаммад ибн Маслама дейди: «Қиличларимиз фойда бермаётганини кўрганимда, қиличим ичидаги пичоғим ёдим­га тушиб, ўшани олдим. Аллоҳнинг душмани шундай қичқирдики, атрофдаги ҳар бир қўрғон устида олов ёқилди. Мен пичоқни унинг қорнига, киндигининг пастига қўйиб, бор оғирлигим билан босдим. Аллоҳнинг душмани йиқилди. Ҳорис ибн Авс ибн Муознинг боши ёки оёғи яраланган эди. Унга қилич текканди. Биз аввал Бани Умайя ибн Зайд, кейин Бани Қурайза, сўнг Буос йўлларидан юриб, ал-Урайз тепалигига кўтарилдик. Кўп қон йўқотган биродаримиз ал-Хорис ибн Авс биздан ортда қолди. Уни кутиб турдик, у етиб келди. Биз уни кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига тун охирида етиб келдик. У Зот намоз ўқиётган эдилар. Биз у кишига салом бердик ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар. Биз аллоҳнинг душмани ўлдирилганини хабар бердик. У Зот биродаримизнинг жароҳатига туфлаб қўйиб, қайтиб кириб кетдилар. Биз ҳам уйларимизга қайтдик. Эрталаб тонг отганда яҳудийлар бизнинг Аллоҳ душманига қилган ҳужумимизни билиб, қўрқиб қолишган эди. Ҳар бир яҳудий ўз жони­ни хатарда ҳис қила бошлади».

Ибн Исҳоқ: Каъб ибн Молик шундай шеър айтган:

Улардан Каъб макр ила ўлдирилди,

Надр унинг ўлимидан сўнг хор бўлди.

Ибн Маслама иши бу, Каъбнинг уйига,

Тун қораси тушган онда борди.

Ҳийла қилди унга, макр ила туширди,

Мақталгандир Ибн Маслама, ишончли, жасур.

Ибн Исҳоқ: Ҳассон ибн Собит Каъб ибн Ашраф ва Салом ибн Абул Ҳуқайқнинг ўлдирилганини зикр этиб шеър ёзган:

На қадар яхши гуруҳ у, сенга йўлиққан,

Эй Ибн ал-Ҳуқайқ, эй Ибн Ашраф!

Бордилар тунда, хузурларингга,

Инидан чиққан шер каби гердайиб,

Маҳаллангдаги уйларингга келишди,

Қатл этгувчи ажални келтиришди.

Пайғамбарин динига ёрдам бўлсин деб,

Бошқа ҳар қандай иш кичик бўлсин деб.


[1] Пайғамбаралайҳиссалом Мадинага келган илк кезларида бу ерда яшовчи яҳудий қабилалари

билан уруш қилмаслик, бир-бирига қарши душманларга ёрдам бермаслик шартлари билан

ҳар ким ўз қўрғони ва маҳалласида дахлсиз яшашига иттифоқ қилиб, то яҳудийларнинг

ўзлари бу иттифоқни бузиб, мусулмонларга қарши мушрикларни гиж-гижлаб, уларга яширинча кўмак бермагунча ўз аҳдларида турдилар, бироқ яҳудий қабилалари бирин-кетин

аҳдларини буздилар ва Пайғамбар алайҳиссаломга суиқасд қилиб, Макка мушрикларини уларга

қарши урушга оёқлантирдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг яҳудийларга нисбатан сиёсатлари

яҳудийларнинг ўзлари тузган ва рози бўлган битимга тўла жавоб берар эди.

[2] Мирбоъ - ўлжанинг тўртдан бири. Жоҳилият даврида қабила раислари ўлжанинг

шунча қисмини ўзларига олишар эди.

[3] Қадимги Яман шоҳларининг унвони ва ўша ерда яшаган қадимги қабила номи.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ