Мусъабнинг шаҳид бўлиши

1 ўн йил аввал 1870 siyrat.uz

 

Ибн Исҳоқ: Мусъаб ибн Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш йўлида жанг қилиб ўлдирилди. Уни ўлдирган киши ибн Қамиа ал-Лайсий эди. У Мусъабни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб ўйлади ва Қурайшнинг олдига бориб: «Мен Муҳаммадни ўлдирдим» – деди. Мусъаб ибн Умайр ўлдирилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни Али ибн Абу Толибга бердилар. Али ибн Абу Толиб бир қанча мусулмонлар би­лан бирга жангни давом эттирди.

Ибн Ҳишом: Менга Маслама ибн Алқама ибн ал-Мозиний шуни сўзлаб берди: «Уҳуд куни жанг қаттиқ қизиган паллада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларнинг байроғи остида ўтирдилар ва Али ибн Абу То­либга бир кишини юбориб, унга байроқни олдинга олиб чиқишни буюрдилар. Али олдинги қаторга чиқиб: «Мен Абул Фусмман»[1], – деди.

Ибн Ҳишомнинг айтишича, бир ривоятда «Абул Қисам»[2] дей­илган.

Шунда мушрикларнинг туғдори Абу Саъд ибн Абу Талҳа уни чақириб: «Эй Абул Қисам, яккама-якка олишишни истайсанми?» – деди. Али: «Ҳа», – деди. Улар икки саф ўртасида тўқнашишди ва бир-бирига зарба беришди. Али ибн Абу Толиб зарба бериб, уни йиқитди. Сўнг уни ўлдирмасдан олдидан кетиб қолди. Шунда унинг биродарлари: «Нега уни бир ёқлик қилмадинг?» – дейишди У: «У менга қараб авратини очиб ташлади. Унга раҳмим келди. Билдимки, Аллоҳ азза ва жалла уни ҳалок этади», – деди.

Бошқа бир ривоятда келишича, Абу Саъд ибн Абу Талҳа икки саф­нинг ўртасига чиқиб: «Мен ҳалок қилувчиман, ким мен билан яккама-якка жанг қилади?!»,- деб бақирди. Унинг олдига ҳеч ким чиқмади. шунда у: «Эй Муҳаммаднинг асҳоблари, бизлардан ўлдирилганлар жаннатда, сиздан ўлдирилганлар дўзахда, деб даъво қилмоқдасиз. Лотга қасамки, ёлғон айтдингиз. Агар бунинг ростлигини билганингизда, албатта, ичингиздан кимдир менинг олдимга чиққан бўларди!» – деди. Шунда унинг олдига Али ибн Абу Толиб чиқди. Улар бир-бирларига бирин-кетин зарба беришди. Алий ибн Абу Толиб зарба бериб, уни ўлдирди.


[1] Синдирувчи, кучли баҳодир.

[2] Янчиб ташловчи.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ