Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етган зарар

1 ўн йил аввал 2193 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Мусулмонлар ҳимоясиз қолиб, душман уларга зарба берди. Ўша кун қаттиқ синов куни бўлди. Душман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин келганди. У Зотга тош отишганда тош муборак юзларига тег­ди. Олдинги тишлари синди, юзлари яраланиб, лаблари ёрилди. У Зотга тош отган Утба ибн Абу Ваққос эди.

Ибн Исҳоқ: Менга Ҳумайд ат-Тавил Анас ибн Моликнинг шундай деганини айтиб берди: «Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдинги тишлари синди, юзлари яраланди, қон юзларига оқа бошлади, Анас қонни артаётиб: «Аллоҳга даъват қилаётганда Пайғамбарининг юзи­ни қонга бўяган қавм қандай қилиб нажот топади?!» – дерди. Шун­да Аллоҳ таоло бу иш хусусида қуйидаги оятни нозил қилди: «Сиз учун (Эй Муҳaммaд,) бу ишдa бирoр иxтиёр йўқдир. Aллoҳнинг ўзи улaрнинг тaвбaлaрини (бaлким) қaбул қилaр ёxуд жaзoлaр. Зeрo улaр зoлимлaрдир»[1].

Ибн Ҳишом: Рубайҳ ибн Абдураҳмон ибн Абу Саид ал-Худрий ўзининг отасидан, у абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилиб, деди: «Ўша куни Утба ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тош отди ва пастдаги олдинги ўнг тишларини синдирди, пастки лабларини жароҳатлади. Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий эса  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешона­ларини ёрди. Ибн Қамиа юзларини жароҳатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига дубулғанинг халқаларидан иккитаси ботиб қолди. У Зот Абу Омир томонидан мусулмонлар йиқилсинлар, деб қазиб қўйилган бир чуқурга тушиб кетдилар. Шунда Али ибн Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўлларидан тутди, Талҳа ибн Убайдуллоҳ эса кўтарди ва у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тик турдилар. Абу Саид ал-Худрийнинг отаси Молик ибн Синон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларидаги қонни сўриб олди-да, ютиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қони менинг қоним билан аралашса, унга олов тегмайди», – дедилар.

Ибн Ҳишом: Абдулазиз ибн Муҳаммад ад-Довардий дейди: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ер юзида юриб кетаётган шаҳидни кўришни истаса, Талҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин» – деганлар.

Абдулазиз ад-Довардий Исҳоқ ибн Яҳё ибн Талҳадан, у Исо ибн Талҳадан, у Оишадан, у эса Абу Бакр Сиддиқдан ривоят қилиб дейди: «Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига ботиб қолган икки ҳалқадан бирини тишлари билан суғурган эди, унинг олдинги бир тиши тушиб кетди. сўнгра иккинчи ҳалқани суғирди, шунда яна бир тиши тушди. Абу Убайда олдинги икки тиши тушган киши эди.

Ибн Исҳоқ: Ҳассон ибн Собит Утба ибн Абу Ваққоснинг қилмиши ҳақида шундай шеър айтди:

Агар Аллоҳ бирор халқни қилмиши учун жазоласа,

Уларга Машриқлар Раббиси - Раҳмон жазо берса,

Утба, сени Роббим хор қилсин!

Ўлимингдан олдин чақмоқларга дучор қилсин!

Қўлингни Пайғамбарга чўздинг,

Оғзин қизил қонга тўлдирдинг,

Наҳотки, борар жойинг сен ўйламадинг?

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душман ёпирилиб келган пайтда у Зот: «Ким биз учун ўз жонидан кечади?» – дедилар. Менга Ҳусайн ибн Абдураҳмон ибн Амр ибн Саъд ибн Муоз Маҳмуд ибн Амрдан ривоят қилиб, айтиб бердики, Зиёд ибн Сакан ансорий саҳобалардан беш киши билан (баъзиларнинг айтишича, у Умора ибн Язид ибн Са­кан эди) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб жанг қилишди ва бирин-кетин у Зотнинг олдиларида ҳалок бўлишди. Уларнинг охиргиси Зиёд ёки Умора олган жароҳатларидан йиқилгунга қадар жанг қилди. Кейин мусулмонлардан бир гуруҳ келиб, мушрикларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан узоқлаштирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни менинг олдимга олиб келинглар», – дедилар. Зиёдни олиб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўз оёқларини қўйдилар ва Зиёд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларига юзини қўйган ҳолда вафот этди.

Ибн Ҳишом: Уҳуд куни Умму Умора Нусайба бинт Каъб ал-Мозания ҳам жанг қилди. Саид ибн Абу Зайд ал-Ансорийнинг ривоят қилишича, Умму Саъд ибн ар-Рабиъ айтар эди: «Мен Умму Уморанинг олдига кириб: «Хола, бошингиздан кечганларни айтиб беринг!» – дердим. У қуйидагиларни айтиб берарди: «Мен куннинг биринчи қисмида чиқдим ва одамлар нима қилишаётганини кўрдим. Менинг қўлимда сув солинган меш бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У Зот саҳобаларининг орасида эдилар. Ғалаба му­сулмонлар тарафида эди. Мусулмонлар мағлуб бўла бошлашганида, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида туриб олиб, жангга киришдим. Қиличим билан мушрикларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларидан узоқлаштириб, камондан ўқ отардим. Жароҳатланганимдан сўнг жанг қила олмадим». Мен унинг елкасидаги чуқур ярани кўриб, буни ким қилганини сўрадим. У: «Аллоҳ лаънатлагур ибн Қамиа қилган. Муш­риклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашганларида ибн Қамиа: «Менга Муҳаммадни кўрсатинглар, агар у нажот топса, мен нажот топмасман», – дерди. Унинг йўлини мен, Мусъаб ибн Умайр ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида собит қолган бошқа кишилар тўсдик. У менга шу зарбани берди, лекин мен унга бир қанча зарба қайтардим. Бироқ Аллоҳ душманининг эгнида иккита совут бор эди».

Ибн Исҳоқ: Абу Дужона Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз танаси би­лан тўсиб турар, унинг орқасига ўқлар келиб тегарди. У ўқларнинг кўплигидан букилиб қолганди. Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб, камондан ўқ отарди. Саъд айтади: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқ бераётганларини кўрдим. У Зот: «От! ота-онам сенга фидо бўлсин!» – дердилар. У Зот ҳатто учи йўқ ўқларни ҳам уза­тиб: «От буни!» – дедилар».

Ибн Исҳоқ: Менга Осим ибн Умар ибн Қатода айтиб бердики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз камонларидан бир томони дарс кетгунгача ўқ уздилар. Кейин камонни Қатода ибн ан-Нўъмон олди. Ўша куни Қатоданинг кўзига жароҳат етди. Унинг кўзи юзига тушиб қолди.

Ибн Исҳоқ: Менга Осим ибн Умар ибн Қатода айтиб берди­ки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўзини қўллари билан ўз жойига қайтариб қўйдилар. Шу кўзи унинг энг яхши ва энг ўткир кўзи бўлиб қолганди.

Ибн Исҳоқ: Менга Бани Адий ибн ан-Нажжор уруғидан бўлган Қосим ибн Абдураҳмон ибн Рофиъ айтиб бердики, Анас ибн Мо­ликнинг амакиси Анас ибн Надр Умар ибн ал-Хаттоб, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва бошқа муҳожир ва ансорлар олдига келди. Улар қўлларини пастга тушириб ўтиришганди. Анас: «Нега ўтирибсизлар?» – деди. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлдирилдилар», – дейишди. У эса: «У Зотдан кейин сизларга ҳаётнинг нима кераги бор! Туринглар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлган нарса учун ўлингар!» – деди. Сўнг мушри­клар томонга кетиб жанг қилди ва ўлдирилди. Унинг шарафига Анас ибн Молик шу исм билан аталган.

Ибн Исҳоқ: Менга Ҳумайд ат-Тавил Анас ибн Моликдан сўзлаб, деди: «Ўша куни биз Анас ибн ан-Надрнинг танасида етмишта зарба изини топганмиз. Анасни фақат синглиси бармоқ учидан таний ол­ган».

Ибн Ҳишом: Баъзи илм аҳли менга айтиб беришганки, ўша куни Абдураҳмон ибн Авф оғзидан жароҳатланиб, олдинги тишлари уриб туширилди. Йигирма ёки ундан кўпроқ жойидан яраланди. Унинг оёғи ҳам жароҳатлангани учун оқсоқ бўлиб қолди.

Ибн Исҳоқ: Менга ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг айтиб бериши­ча, мағлубиятдан кейин, одамлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлдирилганлари ҳақида гап тарқалгач, у Зотни биринчи бўлиб таниб қолган киши Каъб ибн Молик бўлган. Каъб дейди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дубулға остида порлаб турган кўзларини таниб қолдим ва бор овозим билан: «Эй мусулмонлар! Хушхабар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маналар!» – деб бақирдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жим тур!» – деб ишора қилдилар».

Ибн Исҳоқ: Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танишгач, у Зот­ни турғиздилар ва биргаликда тоққа кўтарилдилар. У Зот билан бир­га Абу Бакр ас-Сиддиқ, Умар ибн ал-Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Талҳа ибн Абу Толиб, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн ал-Аввом, Ҳорис ибн ас-Самма ва бир гуруҳ мусулмонлар бор эди.


[1] Оли имрон: 128.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ