Ал-Ямон, Ибн Вақш ва Ибн Ҳотибларнинг ўлдирилиши

1 ўн йил аввал 1815 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан қочиб кетишганди. Уларнинг баъзилари Уҳуд билан Мадина ўртасидаги ал-Мунаққо деган жойгача етиб боришди.

Ибн Исҳоқ: Менга Осим ибн Умар ибн Қатода Маҳмуд ибн Лабид­дан ривоят қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудга чиққанларида, Ҳусайл ибн Жобир (унинг тўлиқ исми ал-Ямон Абу Ҳузайфа ибн ал-Ямон) ва Собит ибн Вақш аёллар ва ёш болалар билан пана жойда эди. Улар ёши улуғ кишилар эди. Шунда улардан бири иккинчисига: «Нимани кутяпсан? Аллоҳга қасамки, умримиздан ар­зимаган вақт қолди. Бугун ё эртага ўламиз. Қиличларимизни олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан етиб олмаймизми! Шояд, Аллоҳ бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга шаҳодат насиб қилса!» – деди. Улар қиличларини олиб чиқишди ва одамлар орасига қўшилиб кетишди. Уларнинг бундай қилганини ҳеч ким билмаган­ди. Собит ибн Вақшни мушриклар ўлдиришди. Ҳусайл ибн Жобир­га мусулмонлардан бирининг қиличи келиб тегди. Уни танимасдан ўлдириб қўйишди. Шунда Ҳузайфа: «Бу менинг отам-ку!» – деди. Мусулмонлар: «Аллоҳга қасамки, биз уни танимадик», – дейишди. Ҳузайфа: «Аллоҳ сизларни мағфират қилсин. У Арҳамур-роҳимин (энг марҳаматли Зот)дир», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг хун пулини тўламоқчи бўлдилар. Ҳузайфа отасининг хун пули­дан воз кечди ва уни мусулмонларга садақа қилди. Бу билан унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида яхшилиги зиёда бўлди».

Ибн Исҳоқ: Менга Осим ибн Умар ибн Қатода айтиб беришича, уларнинг орасида Ҳотиб ибн Умайя ибн Рофиъ исмли бир киши бўлиб, унинг Язид ибн Ҳотиб исмли ўғли бор эди. Ўғли Язид Уҳуд куни қаттиқ жароҳатланди ва қавми олдига ўлими яқинлашган ҳолда олиб келинди. Унинг атрофида қавм-қариндошлар тўпланишди. Му­сулмон эркак ва хотинлар: «Эй Ҳотибнинг ўғли! Сенга жаннат хуш­хабари бўлсин!» – дея бошлашди. Ҳотиб жоҳилликдан қайтмаган қария эди. Ўша куни унинг мунофиқлиги юзага чиқди ва у: «Сиз унга ниманинг башоратини беряпсиз? Қиронқорадан бўлган жан­натними? Аллоҳга қасамки, сиз бу ёш болани алдадингиз», – деди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ