Ҳинднинг Ҳамзани мусла қилиши

1 ўн йил аввал 2198 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Менга Солиҳ ибн Кайсоннинг айтиб беришича, Ҳинд бинт Утба ва у билан бирга келган аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлдирилган саҳобаларини мусла қилиб, қулоқ-бурунларини кеса бошлашди. Ҳинд, ҳатто кишиларнинг бурунлари ва қулоқларидан ўзи учун оёқ ва бўйнига тақинчоқлар ясаб олди. Ўзининг оёғи ва бўйнига тақадиган тақинчоқлари ва зиракларини Жубайр ибн Мутъимнинг қули Ваҳшийга берди. Ҳамзанинг қорнини ёрди-да, унинг жигари­ни чиқариб, чайнади, лекин юта олмай, тупириб ташлади. Сўнг ба­ланд харсанг тош тепасига чиқиб, бор овози билан мана бу шеърни ўқиди:

Биз сизларни Бадр жангги учун жазоладик!

Урушлар урушлардан сўнг қийинроқдир.

Утба ва акамни йўқотганим мен учун оғирдир,

Амаким ва тўнғич фарзандимни йўқотганим ҳам.

Мен ўзимни тинчлантирдим ва назримни бажо қилдим!

Эй Ваҳший, сен менинг ичимдаги интиқомни сўндирдинг!

Мен Ваҳшийдан миннатдор бўламан.

Суякларим қабримда чириб кетгунча.

Шунда Ҳинд бинт Асоса ибн Аббод ибн Абдулмутталиб ҳам унга жавоб бериб, шундай деди:

Шарманда бўлдинг Бадрда, Бадрдан сўнг ҳам,

Эй дунёга берилганнинг қизи, куфри буюк.

Аллоҳ сенга хайрли тонг берсин, тонг вақтида

Оқ танали, узун ҳошимийлардан.

Барча кескир, парчаловчи қиличлар ила.

Ҳамза менинг арслоним, Али эса лочиним.

Қачонки Шайба ва сенинг отанг менга хиёнатни истадилар,

Хиёнатдан бўғиз чеккаларин бўядилар.

Ярамас назр-ниёзинг, нақадар ёмон назр.

Ибн Исҳоқ: Ҳинд бинт Утба яна шундай мазмунда шеър айтган:

Уҳудда Ҳамзадан ўчимни олдим,

Қорнини ёриб жигарин чиқардим!

Шу билан кетказдим ичимдаги дардимни,

Қаттиқ қайғу ва аламларнинг ўрташин.

Уруш сизга ғолиб келар, совуқ ёмғир каби,

Сизга бир шер каби келар, шубҳасиз.

Ибн Исҳоқ: Менга Солиҳ ибн Кайсон айтиб бердики, Умар ибн ал-Хаттоб Ҳассон ибн Собитга: «Эй ибн ал-Фурайъа! Ҳинд нима дея­ётганини эшитдингми? Унинг калондимоғлигини, харсанг тош усти­га чиқиб олиб шеър билан бизни мазаҳ қилаётгани ва Ҳамзага нима қилганини кўрдингми?» – деди. Унга Ҳассон: «Аллоҳга қасамки, мен истеҳкомнинг устида турганимда, учиб кетаётган бир найзани кўриб: «Аллоҳга қасамки, бу арабларнинг қуроли эмас», – дедим. У худди Ҳамза томон учиб бораётганди, яна билмадим. Лекин менга Ҳинд сўзларидан баъзиларини эшиттир, мен уларга жавоб айтаман», – деди. Умар ибн ал-Хаттоб унга Ҳинд айтган баъзи сўзларни айтиб берди. Ҳассон ибн Собит шундай деди:

Кеккайди пасткаш хотин,

Пасткашлик одатидир.

Одатидир пасткашлик,

Куфр ила кеккайса!

Ибн Исҳоқ: Банул Ҳорис ибн Абдуманот уруғидан ва ўшанда Аҳбошларнинг саййиди бўлган ал-Ҳулайс ибн Заббон Абу Суфённинг олдидан ўтди. У Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг жағига найзанинг учи билан урар ва: «Эй итоатсиз! мана сенга», – дерди. Ал-Ҳулайс: «Эй Бани Кинона! Мана бу Қурайш саййидига қаранг! Ўз амакивач­часининг ўлган жуссасини нима қилаётганини кўринг!» – деди. Абу Суфён: «Ҳолингга вой бўлгур! Буни бировга айтма! Бу менинг хато­им эди», – деди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ