Ҳамро ал-Асад ғазоти

1 ўн йил аввал 2023 siyrat.uz

 

Ибн Исҳоқ: Эртаси якшанба куни, шаввол ойининг ўн олтинчиси­да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари одамларни душман ортидан чиқишга чақириб: «Бугун биз билан кеча жангда қатнашганларгина чиқишлари мумкин», деб эълон қилди. Шунда Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам! Отам мени етти нафар опамга қараб туришим учун қолдириб, менга «Эй ўғлим, биз мана бу аёлларни эркак кишисиз ташлаб кети­шимиз тўғри эмас. Сени ўзимнинг ўрнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жанг қилиш учун чиқариб юбора олмайман. Сен опаларинг би­лан бирга қол!» деб айтганлари учун қолган эдим», – деб айтганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга изн бердилар ва у ҳам бирга чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сафар душманни қўрқитиш учунгина чиққан эдилар. Ният­лари куни кеча душманларнинг етказган мағлубияти мусулмонларни бўшаштирмагани ва уларда ҳали қувват борлигини билдириб қўйиш эди.

Ибн Исҳоқ: Менга Абдуллоҳ ибн Хорижа ибн Зайд ибн Собит Оиша бинт Усмоннинг мавлоси Абус Соибдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Уҳудда қатнашган Бани Абдулашҳал уруғидан бўлган бир саҳоба шундай деди: «Мен ва акам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Уҳудда қатнашган эдик. Биз жароҳатланиб қайтдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари душман ортидан чиқиш учун одамларни чақирганида, Мен акамга ёки акам менга: «Наҳотки, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазотга чиқа олмасак? Аллоҳга қасамки, минишга улов йўқ, биримиз қаттиқ жароҳат олганмиз», деб айтди. Шунга қармасдан, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриш­га чиқдик. Менинг жароҳатим енгилроқ эди, акамнинг жароҳати ку­чайиб кетганда, уни кўтариб олардим, баъзан унинг ўзи ҳам юрарди. Шундай қилиб, биз мусулмонлар етиб борган жойга бордик».

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга чиқиб, Ҳамро ал-Асад де­ган жойга етиб келдилар. У жой Мадинадан саккиз мил узоқликда эди. Мадинага ибн Умму Мактумни волий этиб қолдирдилар. Ибн Ҳишомнинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг душанба, се­шанба ва чоршанба кунлари Ҳамро ал-Асадда туриб, кейин Мади­нага қайтдилар. Менга Абдуллоҳ ибн Абу Бакрнинг айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан Маъбад ибн Абу Маъбад ал-Хузоъий ўтиб қолди. Хузоъа қабиласининг мусулмонлари ва мушриклари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини яширар эдилар, Тиҳомада бўлаётган бирон нарсани у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан яширмаслик ҳақида битим тузилганди. Ўшанда Маъбад мушрик эди. У: «Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, Сизга етган мусибат бизни изтиробга солди. Аллоҳ Сизга та­салли беришини тилаймиз» – деб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса  Ҳамро ал-Асадда қолдилар. Маъбад ар-Равҳо деган жойда Абу Суфён ибн Ҳарб ва у билан бирга бўлганлар билан учрашди. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг олдига қайтишга келишиб ол­ган эдилар. Улар: «Муҳаммаднинг асосий саҳобаларини – аслзода ва сардорларини йўқ қилдик. Энди уларни таг-туги билан яксон қилмай қайтамизми? Биз уларнинг қолганларига ҳужум қилиб, барчасидан қутулайлик», – дейишди. Абу Суфён Маъбадни кўриб, унга: «Нима ха­бар келтирдинг, эй Маъбад?» – деди. Маъбад эса: «Муҳаммад сизлар­нинг ортингиздан шу қадар кўп қўшин билан чиқдики, унақасини ҳеч қачон кўрмаганман. Улар сиз билан жанг қилиш истагида ёнмоқдалар. Муҳаммад билан бирга Уҳудга қатнаша олмаганлар ҳам чиқишган. Улар Уҳудда қатнаша олмаганлари учун қаттиқ ҳасрат ўтида ёниб, сизларга нисбатан ғазабдан бўғилмоқдалар. Мен бунақасини ҳеч кўрмаганман», – деди. Абу Суфён: «Ҳолингга вой бўлгўр! Нималар де­япсан?» – деганди, Маъбад: «Аллоҳга қасамки, сен бу ердан қочишга улгурмасингданоқ отларнинг кокилларини кўрасан!» – деди. Шунда Абу Суфён: «Аллоҳга қасамки, биз уларнинг қолганларини бутунлай йўқ қилиш учун ҳужум қилмоқчи бўлиб тургандик», – деди. Маъбад: «Мен сени бундан қайтараман. Аллоҳга қасамки, менинг кўрганим мана бу байтни айтишимга сабаб бўлди», – деди. Абу Суфён: «Қайси байтлар?» – деб сўради. Маъбад шеърини айтди:

Отлар кўплигидан ер юзи тўлганида,

Товушлардан туям йиқилай деди!

Ортга чекинмас раҳбар ортидан борганларида

Ер тоймасин оёқларим остидан деб қочдим!

Дедим: Батҳо водийси ларзага келганда,

Ҳолингга вой, йўлиқсанг, эй Ибн Ҳарб!

Мен Қурайш аҳлини огоҳлантираман,

Ақлга таянган доноларини

Разил киши бўлмаган Аҳмад қўшинидан!

Сўзларим ростдир! Асло сафсата эмас!

Бу Нарса Абу Суфён ва шерикларини мақсадларидан қайтарди. Абу Суфённинг ёнидан Абдулқайс қабиласининг карвони ўтиб қолди. Шунда Абу Суфён: «Қаёққа кетяпсизлар?» – деб сўради. Карвондаги­лар: «Мадинага кетяпмиз», – деб жавоб беришди. Абу Суфён: «Нима учун?» – деб сўради. Улар: «Озиқ-овқат учун», – дедилар. Абу Суфён: «Сиз менинг номимдан Муҳаммадга хабар етказасизми? Агар етказсангиз, эртага Уккоз бозорида сизнинг карвонингизга майиз юклаб берардим», – деди. Улар рози бўлдилар. Абу Суфён: «Агар рози бўлсангиз, Муҳаммадга айтиб қўйингки, уни ва қолган саҳобаларини бутунлай яксон қилиш учун юриш қилмоқчимиз», – деди.

Карвон Ҳамро ал-Асадга етиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Абу Суфённинг сўзларини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал Вакил»[1], дедилар.

Ибн Ҳишом: Менга Абу Убайданинг айтиб беришича, Абу Суфён ибн Ҳарб Уҳуд жангидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қолган саҳобаларини бутунлай йўқ қилиш учун Мадинага қайтмоқчи бўлганида, Сафвон ибн Умайя ибн Халаф унга: «Бундай қилманглар, зеро қавм ғазаб ўтига минган, бу сафарги жанг кечагиси каби бўлмаслигидан қўрқаман, қайтинглар!» – деди. Шунда улар мақсадларидан қайтишди. Ҳамро ал-Асадда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларнинг қайтиш ҳақидаги қароридан хабар топгач: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар улар Мадинага қайтганларида, бошларига тошлар ёғиларди ва ўтмишга айланган бўлар эдилар», – деганлар.

Абу Убайда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага қайтишларидан олдин ўша томонда Муовия ибн ал-Муғира ибн ал-Ос ибн Умайя ибн Аб­душамс (у Абдулмалик ибн Марвоннинг она томондан бобосидир. Онасининг исми Оиша бинт Марвондир) ва Абу изза ал-Жумаҳийни қўлга туширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-Жумаҳийни Бадрда асирга тушганда эвазсиз қўйиб юборган эдилар. Абу Изза: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени қўйиб юборинг», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, бундан сўнг Маккага қадам босиб, Муҳаммадни икки бор алдаганман, дея олмайсан. Эй Зубайр, ўлдир уни!» – деди­лар ва Зубайр уни ўлдирди.

Ибн Ҳишом: Менга Саид ибн Мусайябдан ривоят қилиб айтиш­ларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши бир ковакдан икки марта чақилмайди. Эй Осим! Ўлдир уни!» – деганлар, шунда Осим уни ўлдирган.

Ибн Ҳишом: Айтишларича, Зайд ибн Ҳориса ва Аммор ибн Ёсир Муовия ибн ал-Муғийрани Ҳамро ал-Асаддан сўнг ўлдиришган. Муовия ибн ал-Муғийра Усмон ибн Аффоннинг ёнига келиб ундан омонлик сўраганда, Усмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан унинг учун омонлик тилаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уч кундан кейин ҳам шу ерда бўлса, ўлдирилиши шарти билан омонлик берганлар. Муовия уч кундан кей­ин ҳам у ерда қолиб, яшириниб юрди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ва Амморни юбориб: «Уни фалон жойда топасизлар», – дедилар. Улар Муовияни топиб, ўлдиришди.


[1] «Аллоҳ бизга кифоядир ва У нақадар таваккал қилишга лойиқ Зотдир!»

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ