Абдуллоҳ ибн Убайнинг Уҳуд ғазотидан кейинги иши

3 йил аввал 2328 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага қайтдилар. Менга ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар жума куни одамларга ваъз қилиш учун ўтирганларида, Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ўрнидан туриб: «Эй одамлар! Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз­нинг олдингизда турибдилар! Аллоҳ таоло у Зот сабабли сизни му­каррам ва азиз қилди. Сиз у Зотга ёрдам беринг, қўллаб-қувватланг. У Зотнинг гапларига қулоқ солинг ва итоат қилинг!» – деб ўтириб оларди. Қавми орасида обрў-эътиборга эга бўлгани сабабли ҳеч ким бунга эътироз билдирмасди. Уҳуд куни ўша қилмишини қилиб, одамларни қайтариб кетганидан кейин яна эски одатини қилиш учун ўрнидан турган эди, Мусулмонлар ҳар томондан унинг этагидан тор­тиб: «Эй Аллоҳнинг душмани! Ўтир! Қилар ишингни қилдинг, бунга энди лойиқ эмассан!» – дейишди. Шунда у: «Аллоҳга қасамки, мен бу кишининг мавқеини мустаҳкамлаш учун ўрнимдан тургандим. Энди худди ёмон сўз айтиб қўйгандек бўлиб қолдим», – дея одам­ларнинг устидан хатлаб чиқиб кетди. Масжид эшиги олдида ансор­лардан бири унга рўбарў келиб: «Ҳой, сенга нима бўлди?» – деди. У: «Мен у кишининг мавқеини мустаҳкамлаш учун ўрнимдан турган­дим, унинг саҳобалари менга сапчишди, этагимдан тортиб сўкишди. У кишининг мавқеини мустаҳкамлайман, деб худди ёмон сўз айтиб қўйгандек бўлиб қолдим», – деди. Ансорий саҳоба: «Ҳой, орқангга қайт! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзинг учун Аллоҳдан мағфират тилашла­рини сўра!» – деди. Ибн Салул эса: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳдан мен учун мағфират сўрашини истамайман», – деди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ