Уҳудда ўлдирилганларнинг тақдири

1 ўн йил аввал 1976 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Менга Исмоил ибн Умайя Абуз Зубайрдан, у эса ибн Аббосдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизларнинг биродарларингиз Уҳудда шаҳид бўлишганида, Аллоҳ уларнинг руҳларини яшил қушларнинг ичига қўйди. Улар жаннат да­рёларига келиб, жаннат меваларидан ейдилар ва аршнинг соясидаги тилло қандилларга келиб қўнадилар. Шаҳидлар еб-ичадиган нарса­ларининг ажойиблигини ва яшайдиган жойларининг гўзаллигини кўрганларида: «Кошки эди биродарларимиз Аллоҳ бизга қандай муо­мала қилганини билганларида! Жангда қатнашишдан бош тортмаган ва ўзларини урушдан олиб қочмаган бўлардилар», дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Мен уларга сизлар ҳақингизда хабар бераман», – деб  ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу оятларни нозил қилди: «Aллoҳ йўлидa ўлдирилгaнлaрни aслo ўлик дeб ҳисoблaмaнг!...».

Ибн Исҳоқ: Менга Ҳорис ибн ал-Фудайл Маҳмуд ибн Лабид ал- Ан­сорийдан, у ибн Аббосдан ривоят қилиб айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳидлар жаннат эшиги олдидаги ёрқин дарё олдида, яшил қубба ичидадирлар. Уларга эрталаб ва кечқурун жаннатдан ризқлари чиқариб турилади», дедилар.

Ибн Исҳоқ: Менга ишончли бир киши Абдуллоҳ ибн Масъ­уддан ривоят қилиб айтдики, ундан ушбу «Aллoҳ йўлидa ўлдирилгaнлaрни aслo ўлик дeб ҳисoблaмaнг! Aслидa (улaр) тирикдирлaр, Пaрвaрдигoрлaри ҳузуридa ризқлaниб турурлaр..» ояти ҳақида сўрашганида, у: «Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўраганимиз. У Зот бизга: «Сизларнинг биродарларингиз Уҳудда шаҳид бўлишганида, Аллоҳ уларнинг руҳларини жаннатнинг дарё­ларига келадиган, жаннат меваларидан ейдиган ва аршнинг сояси­даги тилло қандилларга келиб қўнадиган яшил қушларнинг ичларига қўйган. Аллоҳ азза ва жалла улардан хабар олиб: «Эй бандаларим, нимани истайсизлар, мен сизга уни зиёда қилиб бераман?!» – деб сўраганида, шаҳидлар: «Эй Роббимиз! Бизга ато этганингдан ортиғи бўлмайди! Жаннат меваларидан истаганимизни еяпмиз!» – деб жавоб беришади. Кейин Аллоҳ азза ва жалла улардан хабар олиб сўрайди: «Эй бандаларим, нимани истайсизлар, мен сизга уни зиёда қилиб бераман!». Шаҳидлар: «Эй Роббимиз! Бизга ато этганингдан ортиғи бўлмайди! Жаннатдаги мевалардан қай бирини хоҳласак, еяпмиз!» – деб жавоб беришади. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла яна улардан ха­бар олиб: «Эй бандаларим, нимани истайсизлар, мен сизга уни зиёда қилиб бераман!» – деб сўраганида, Шаҳидлар: «Эй Роббимиз! Бизга ато этганингдан ортиғи йўқ! Жаннатдаги мевалардан истаганимизни еяп­миз! Бироқ биз руҳларимизни жасадларимизга қайтаришингни, сўнг дунёга қайтарилишимизни ва сенинг йўлингда, то яна ўлдирилгунга қадар жанг қилишни истаймиз», деб жавоб беришади», – деганлар.

Ибн Исҳоқ: Менга баъзи биродарларимиз Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Уқайлдан ривоят қилиб айтиб берди. У деди: «Мен Жобир ибн Абдуллоҳнинг шундай деяётганини эшитганман: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жобир! Мен сенга хушхабар берайми?!» – дедилар. Мен: «Ҳа! Эй Аллоҳнинг Пайғамбари!» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отанг Уҳудда шаҳид бўлганида, Аллоҳ уни тирилтириб, унга: «Эй Абдуллоҳ ибн Амр, мен сенга нима қилишимни истайсан?!» – деб сўради. У: «Эй Роббим! Мени дунёга қайтаришингни ва сенинг йўлингда жанг қилиб, яна бир бор ўлдирилишни истайман», – деди».

Ибн Исҳоқ: Менга Амр ибн Убайд ал-Ҳасандан ривоят қилиб айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу дунёдан кетган бирор мўмин унга яна қайтишни истамайди. Гарчи унга дунё ва ундаги барча нарсалар ато этилса-да. Фақат шаҳид бун­дан мустасно. У дунёга қайтишни, Алоҳ йўлида жанг қилиб, яна бир бор ўлдирилишни хоҳлайди» – дедилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ