Иккинчи Бадр ғазоти. Тўртинчи йилнинг шаъбон ойи

1 ўн йил аввал 2177 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойида Бадрга йўл олдилар ва у ерга Абу Суфён белгилаган муддатда келиб тушдилар.

Ибн Ҳишом: Мадинага Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ал-Ансорийни ўринларига бошлиқ қилиб тайинлаб кетдилар.

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда Абу Суфённи кутиб саккиз кун турдилар. Абу Суфён Макка аҳолисига бошчилик қилиб йўлга чиқди ва аз-Заҳрон тарафидаги Мажанна деган жойга келиб тушди. Баъзиларнинг айтишича, у Усфонгача етиб келган. Сўнг қайтишга қарор қилиб: «Эй қурайшликлар! Жанг қилишингиз учун сизлар­га ҳосилдор йил керак. Сиз ўшандай йилда дарахтларни парвариш қиласиз ва сут ичасиз. Бу йил қурғоқчилик йили бўлди. Мен қайтаман, сиз ҳам қайтинг», – деди. Мушриклар қайтиб кетишди. Мусулмонлар Макка аҳолисини «Савиқ[1] қўшини» деб аташди. Улар: «Сизлар савиқ ичиш учунгина келибсиз-да!» – дейишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам белгиланган муддат давомида Абу Суфённи Бадрда кутиб турдилар. У Зотнинг олдиларига Махший ибн Амр ад-Дамрий келди. У Ваддонга юриш қилганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Бани Дамра қабиласи билан яраштириб қўйган киши эди. Мах­ший: «Эй Муҳаммад! Сиз қурайшликларни шу қудуқ ёнида кутиб олмоқчимисиз?» – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа» – деди­лар, сўнг: «Эй Бани дамралик киши! Агар хоҳласанг, қарзимизни қайтариб, сизлар билан жанг қиламиз. Аллоҳ ўртамизда ҳукм чиқарсин!» – дедилар. У эса: «Йўқ, эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, бундай қилишингизга ҳожат йўқ», – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Суфённи кутиб турганларида ўша ер­дан Маъбад ибн Абу Маъбад ал-Хузоъий ўтиб қолди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келиб тушган жойларини ва туяларининг тез кетаётгани­ни кўриб, шундай деди:

Қурайш Муҳаммад асҳобларидан қочди,

Ясрибнинг майиздек хурмосидан қочди.

Боболарин қадимги одатларин тутибон

Қудайд қудуғини учрашув жойи қилди.

Ибн Ҳишом: Абдуллоҳ ибн Равоҳа деди: «Менга Абу Зайд ал-Ансорий Каъб ибн Моликнинг шеърини ўқиб берди:

Абу Суфёнга сўз бердик, учрашмоққа Бадрда,

Бироқ кўрмадик унинг ваъдага вафосини.

Қасамки, гар ваъдангда турсанг эдинг, кўрардинг,

Хор бўлиб қайтар эдинг, йўқотиб бор-будингни.

Дафн этдик Бадрда Утба билан ўғлини,

Амрнию  Жаҳлни, тарк этдик биз уларни.

Осийсиз сиз Элчига, безормиз динингиздан,

Ишларингиз ёмонлик, етаклайди гуноҳга.

Урушсангиз ҳам мени, айтаман бир ҳақ сўзни,

Фидо бўлсин Расулга аҳлиму молим мени!

Итоат қилдик Унга, орамизда тенги йўқ,

Зулмат ичра юлдуздур, етаклар тўғри йўлга!

Ҳассон ибн Собит бу ҳақда шундай деган:

Шом булоқларин қўйинглар, улар узра туриб олди,

Улкан туяларнинг оғзи каби мустаҳкам, бақувватлар.

Роббиси томон ҳижрат қилган кишилар қўлидадир,

Шубҳасиз, ансорлар ва фаришталар қўлидадир.

Агар Қурайш Батн Олижнинг[2] пастлигидан юрар бўлса,

Айтинг унга, асли йўл, эмасдир у томонда!

Турдик саккиз кеча суви осон чиқадиган булоқ устида,

Муборак ва кенг бўлган ҳужумкор қўшин ила.

Тўриқ отлар ила, унинг нари ярмидан келар,

Қорадир у, узун бўйли, қимирлатиб туради яғриндаги ёлини.

Бир йиллик ўсимликнинг уруғларини,

Тез кетаётган туянинг туёқлари сепаётганин кўрасан.

Сафаримизда учратсак, Фурот ибн Ҳайённи,

Ҳалок бўлур гаров учун у, албат.

Гар йўлиқсанг ундан кейин Имрулқайс ўғли Қайсга,

Зиёда бўлади унинг ранги, ранги унинг қоп-қора.

Абу Суфёнга етказинг мендан бир гапни –

«Сен бечора тажрибасиз ғўр кишилардансан!»

Шунда Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб унга жавоб бериб, деди:

Эй Ҳассон, эй хурмохўрнинг боласи,

Бобонг ҳаққи, биз нодонларни мана бундай ўлдирамиз.

Чиқдик биз, оҳулар бизлардан қутилолмас,

Гарчи улар бизлардан кетма-кет қочишса ҳам.

Агар биз тўхташ жойидан жилсак,

Сен у жойни араблар йиғиладиган жой деб ўйлайсан.

Сен суви осон чиқадиган қудуқ ёнида бизни кутиб турибсан,

Ҳолбуки, сен бизни яқиндаги хурмозорда қолдирдинг.

Экинзоларда юрар от ва уловларимиз,

Қайси жойни босиб ўтса, у ерни қумларга қўшар.

Турдик уч кун Саъл ва Фориъ[3] орасида,

Учқур от ва чопар уловлар устида.

Қавмнинг чодирлари ёнида, жанг қилади, деб ўйладингиз,

Худди дурни қалай деб, олганингиз мисоли.

Чопқир отларни юборма ва дегин уларга,

Жипслашган, мустаҳкам кишининг сўзи кабисан.

У ила бахтли бўлдингиз, сиздан ўзгалар унинг эгаси,

Фиҳр ибн Моликдан бўлган чавандоз ўғлонлар улар.

Ҳижратда ҳам эмассан, агар уни эсласанг,

Ва на дин вазифаларин бажаргувчи эмассан.


[1] Маст қилувчи ичимлик.

[2] Батн олиж − қум кўп бўлган жой.

[3] Салъ ва Фориъ икки тоғнинг номи.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ