Саҳобалар

Масруқ ибн Абдураҳмон

3 йил аввал 2748 siyrat.uz

Масруқ ибн Абдураҳмон тобеиннинг улуғларидан бўлиб, Ҳамадон шаҳрида дунёга келганлар, кунияси – Абу Оиша.

Амирул мўминин Умар розияллоҳу анҳу Масруқ ибн Абдураҳмоннинг исмларини ўзгартирганлар. Бу воқеа шундай бўлган. Шаъбий ривоят қилади: «Масруқ вакил бўлиб келганларида ҳазрати Умар у кишидан:

– Сен кимсан? – деб сўрадилар.

– Масруқ ибн Аждаъ, –дедилар.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу айтдилар:

– Аждаъ – у шайтоннинг номи. Сен Масруқ ибн Абдураҳмонсан!

Кейин у номини «Масруқ ибн Абдураҳмон», деб ёзадиган бўлди».

Абу Зуҳо ривоят қилади: «Масруқ бир кишини оқлаб гапирдилар. У киши ҳимоя қилгани учун Масруққа чўрисини ҳадя этди. Масруқ дарғазаб бўлиб, дедилар:

– Агар шундай ниятинг борлигини билганимда гапирмаган бўлардим. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шундай деганларини эшитганман: «Кимки ҳақ берилишини кўзлаб, бирон зулмни дафъ қилмоқчи бўлса ёки шу мақсадда бировни оқлаб ҳимоясига олса, кейин бунинг учун унга ҳадя берилса ва у қабул қилса, бу манъ қилинган ишдир». Ибн Масъудга: «Ахир бу ерда манъ қилинган нарсани кўрмаяпмиз, фақат ҳукм учун ҳақ олиняпти-ку?!» дейишди. Ибн Масъуд айтдиларки: «Ҳукм учун ҳақ олиш куфрдир».

Бир куни Масруқ ибн Абдураҳмон жиянининг қўлидан ушлаб, Куфанинг бир чеккасидаги ахлат уюмининг устига олиб чиқдилар ва:

– «Сизларга дунёни кўрсатайми, мана – у! Уни едингизлар, кейин йўқ бўлди. Уни кийдингизлар, кейин йиртилиб увадага айланди. Уни миндингизлар, кейин озиб-тўзди. Дунё учун қонлар тўкиб, қон ютдингиз, дунё деб ҳаромни ҳалолга чиқардингиз, қариндош-уруғлардан узилдингиз, – дедилар.

Масруқнинг охирги умиди ҳақида Абу Воил айтади: «Ўлими арафасида Масруқ: «Эй Аллоҳ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам , Абу Бакр, Умар қилмаган бир иш, улар юрмаган бир йўл устида ўлиб қолишдан ўзинг сақла! Аллоҳга қасамки, на олтин, на кумуш қолдирдим. Қолгани – мана шу қилич. Шунинг эвазига мени кафанланглар», деб васият этдилар».

Абу Воил сўзида давом этиб дейди: Масруқ олтмиш уч ёшида дунёдан ўтдилар. Ҳамадонда Масруқдек киши кейин туғилмади».




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ