Хандақ қазиш куни юз берган мўъжизалар

3 йил аввал 2463 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ: Хандақ қазиш воқеаси борасида менга кўп ҳадислар етиб келган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватларини тасдиқловчи ибратларга тўладир, мусулмонлар уларни ўз кўзлари билан кўрганлар.

Менга етиб келган ўша ҳадислардан бирида Жобир ибн Абдуллоҳ шундай деган: «Хандақ қазиш жараёнида бир харсанг тош мусулмон­ларга машаққат туғдирди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб шикоят қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишда сув олиб келишни буюрдилар ва унга туфладилар. Кейин у Зот Аллоҳ истаган дуоларни ўқиб, сувни ўша харсанг тошга сепдилар. Ўша ерда ҳозир бўлганлар: «У Зотни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, харсанг тош худди қум каби бўлиб қолди, на болтани ва на кетмонни қайтарди», – дейишди.

Ибн Исҳоқ: Менга Саид ибн Мино айтиб берди. Унга айтиб бериш­ларича, Башир ибн Саъднинг қизи ан-Нўъмон ибн Баширнинг син­глиси деди: «Мени онам Амра бинт Равоҳа чақириб, бир сиқим хурмо берди ва: «Эй қизим, буни отанг ва тоғанг Абдуллоҳ ибн Равоҳага туш­лик қилишлари учун олиб бор», – дедилар. Мен уни олиб бораркан­ман, отам билан тоғамни излаётиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васалламнинг ёнларидан ўтиб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй қизча, бу ёққа кел. Қўлингдаги нима?» – дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам, бу − хурмо, онам уни отам Башир ибн Саъд ва тоғам Абдуллоҳ ибн Равоҳага тушлик қилишлари учун бериб юбордилар», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қани, олиб кел уни!» – дедилар. Мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кафтларига тўкдим. Хурмо у Зотнинг кафтларини тўлдирмади. Кейин бир кийим олиб келишни буюрдилар. У тўшалгач, унга хурмо­ни тўкдилар. Хурмо кўйлак устига сочилди. Сўнгра ёнларидаги бир кишига: «Хандақ қазиётган кишиларни чақир, тушлик қилгани ке­лишсин», – дедилар. Хандақ қазиётганлар тўпланиб, ундан ея бошла­дилар. Хурмо эса кўпая бошлади. Хандақ қазиётганлар охири унинг олдидан туриб кетдилар. Хурмо кўйлакнинг атрофидан тўкилиб ту­рарди».

Ибн Исҳоқ: Менга Саид ибн Мино Жобир ибн Абдуллоҳдан риво­ят қилиб, деди: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга хандақ қазишда ишладик. Менинг кичик бир қўйим бор эди. Унча семиз эмасди. Мен: «Аллоҳга қасамки, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун таом тайёрласак бўларди!» – деб аёлимга арпа туйиб, ундан нон тайёрлашни буюр­дим. Қўйни сўйдим ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун пиширдик. Кеч ки­риб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хандақдан уйларига қайтмоқчи бўлдилар. Биз хандақ ишларида кундузи ишлаб, кечки пайт уйларимизга қайтардик. Мен: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, сиз учун бир кичик қўйни ва арпадан нон тайёрлаб қўйгандик. Мен билан бирга уйимизга борсангиз», – дедим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз боришларини хоҳлагандим. Бу гапни айтишим билан у Зот: «Хўп», – дедилар-да, бир кишига буюрдилар. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Жобир ибн Абдуллоҳнинг уйига борар экансизлар», – деб бақирди. Мен «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун»[1], дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар, одамлар ҳам у Зот би­лан бирга келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирдилар, у Зотнинг олдила­рига тайёрлаган нарсаларимизни қўйдик. У Зот дуо қилдилар, Аллоҳ номини айтиб, едилар. Сўнг одамлар кетма-кет киришди. Ҳар гал бир гуруҳ одамлар еб бўлгач, бошқалари киришарди. Бу иш то хандақда ишлаганларнинг барчаси тўйиб қайтгунларигача давом этди.

Ибн Исҳоқ: Менга Салмон ал-Форсий айтиб берди: «Мен хандақнинг бир тарафида ишлаётганимда катта харсанг тошга дуч кел­дим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга яқин жойда эдилар. Ўша харсанг тошни ураётганимни, унинг қаттиқлигини кўриб, у Зот хандаққа тушдилар-­да, қўлимдан бозғонни олиб, у билан шундай урдиларки, бозғон та­гида ўт чақнади. Сўнг яна бир зарба урдилар, яна ўт чақнади. Сўнг учинчи бор урган эдилар, яна ўт чақнади. Мен: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Сиз зарба бераётган вақтда бозғоннинг тагида чақнаган нарса нима?» – деб сўрадим. У Зот: «Эй Салмон, сен уни кўрдингми?» – дедилар. Мен: «Ҳа» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Би­ринчи бор урганимда Аллоҳ менга Яман ерларини фатҳ этиб берди. Иккинчи бор унганимда Шом ерлари ва Мағрибни, учинчи мартада Аллоҳ менга Машриқ диёрларини очди», – дедилар.

Ибн Исҳоқ: Менга бир ишончли киши Абу Ҳурайрадан сўзлаб беришича, ўша диёрлар Умар, Усмон ва улардан кейингилар даври­да фатҳ этилганида Абу Ҳурайра: «Қаерни истасангиз, фатҳ этинг, Абу Ҳурайранинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар қайси шаҳарни фатҳ этган бўлманг ва қиёматга қадар қайси шаҳарни фатҳ этманг, албатта, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бундан олдин улар­нинг калитларини бериб қўйган!» – деб айтар эди.

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хандақ қазишни битирганларидан кейин Қурайш етиб келиб, Журф ва Рағоба оралиғидаги сувлар бир­лашадиган Рума деган жойга жойлашди. Улар билан бирга ўн мингта ҳабаш қуллари, уларга итоат этадиган Бани Кинона уруғи ва Тиҳома аҳолиси ҳам бор эди. Ғатафон қабиласи ва уларга эргашган наждли­клар ҳам келишган эди. Улар Уҳуд томонидаги «Занбу нақмо» тепали­гини эгалладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан уч минг киши билан Салъ тоғи ёнбағрига келиб жойлашиб, ўша жойни қароргоҳ қилдилар. Улар билан мушриклар орасида хандақ бор эди.

Ибн Ҳишом: Мадинага ибн Умму Мактумни волий этиб қолдирдилар.

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болалар ва аёлларни қўрғонларга жойлаштиришга буюрдилар.


[1]«Биз аллоҳнинг қулларимиз ва албатта, Унга қайтувчимиз» – мусибат пайтида ўқиладиган дуо. Жобир розияллоҳу анҳу бу билан шарманда бўлишдан қўрққанини ифодаламоқда.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ