Бани Қурайза ғазоти. Бешинчи йил. Жаброил алайҳиссаломнинг Бани Қурайзага уруш қилиш хабарини келтириши

783

Менга аз-Зуҳрийнинг айтиб беришича, пешин вақти бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қалин зарбофдан салла ўраб, эгар­ланган хачир устида Жаброил алайҳиссалом келди. Эгар устига бир парча ипак мато тўшалган эди. Жаброил алайҳиссалом: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, қуролингизни қўйдингизми?!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», – де­дилар. Жаброил алайҳиссалом: «Фаришталар ҳали қуролларини қўйганлари йўқ! Улар ҳозир  қавмни таъқиб қилишдан қайтишди, холос. Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам! Аллоҳ азза ва жалла сизни Бани Қурайзага қарши юриш қилишга буюрди. Мен уларни ларзага солиш учун олдиларига кетяпман», – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муаззинга буюрдилар, у одамларга: «Ким эши­тувчи ва итоат этувчи бўлса, аср намозини Бани Қурайзага етиб адо этсин», – деб эълон қилди.

Ибн Ҳишом: Мадинага, ўзларининг ўринларига, Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни волий этиб қолдирдилар.

Мулоҳаза билдиринг