Рамазон ойларида юз берган муҳим воқеалар

1456

Рамазон ойларида юз берган муҳим воқеалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида

Ҳижратдан аввалги 15 йил, рамазон ойи (мил. 608 йил август-сентябрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 38 ярим ёшларида халқдан узилиб, Ҳиро ғорида «таҳаннус»[1] ва «муроқаба»[2] ибодатларини адо эта бошладилар.

Ҳиж. ав. 14 йил, рамазон ойи (мил. 608 йил август-сентябрь)

– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 39 ярим ёшларида Ҳиро ғорида ибодатларини давом эттирдилар.

Ҳиж. ав. 13 йил, рамазон, душанба кечаси (мил. 610 йил август)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 40 ярим ёш (шамсий 39 ёшу уч ойлик) бўлганларида Пайғамбар бўлдилар ва Қуръони карим нозил бўла бошлади.

Ҳиж. ав. 9 йил, рамазон ойи (нубувватнинг 5 йили / мил. 614 йил июнь-июль)

– Машҳур «Ғарониқ» воқеаси бўлиб ўтди.

Ҳиж. ав. 4 йил, рамазон ойи (нубувватнинг 10 йили / мил. 619 йил апрель-май)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб ибн Абдулмутталиб оламдан ўтди[3];

Хадича онамиз розияллоҳу анҳо олтмиш беш ёшларида вафот этди.

Ҳижрий 1 йил, рамазон ойи (мил. 623 йил март)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу бошчилигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар (бу ҳарбий юриш Ислом тарихида «Сийфул баҳр» сарияси[4] деб номланган);

Бир ривоятга кўра, азон ҳам мана шу ойда жорий қилинган.

Ҳижрий 2 йил, рамазон ойи (мил. 624 йил 25 февраль)

– Мусулмонлар илк бор Рамазон рўзасини тутдилар.

Ҳижрий 2 йил, 17 рамазон (мил. 624 йил 12 март)

Катта Бадр ғазоти бўлди (бу ғазотга яна «Иккинчи Бадр» ҳам дейилади);

Бадр жангидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккинчи қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо вафот этди.

Ҳижрий 2 йил, рамазон ойи охири (мил. 624 йил)

– Рамазон ҳайити намозини ўқиш ва уни байрам қилиб, нишонлаш буюрилди.

Ҳижрий 3 йил, рамазон ойи (мил. 625 йил февраль охири ёки март боши)

Бир ривоятга кўра, Имом Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо туғилган.

Ҳижрий 5 йил, рамазон ойи (мил. 627 йил феврал.)

– Аҳзоб жангига тайёргарлик қилиш мақсадида, хандақ қазиш ишлари бошлаб юборилди.

Ҳижрий 6 йил, рамазон ойи (мил. 628 йил январь-февраль)

– Қурғоқчилик йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан истисқо, яъни ёмғир сўраб, дуо қилганларида, ёмғир ёғди;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ (ёки Зайд ибн Ҳориса) розияллоҳу анҳумо бошчилигидаги сарияни Қуро водийсига юбордилар.

Ҳижрий 7 йил, рамазон ойи (мил. 629 йил январь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғолиб ибн Абдуллоҳ Лайсий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 130 кишилик сарияни Майфаъадаги Бану Увол ва Бану Абд ибн Саълаба қабилаларига (ёки Жуҳайнадаги Ҳурақотга) юбордилар.

Ҳижрий 8 йил, 1 рамазон (мил. 629 йил 22 декабр.)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода ибн Рибъий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги саккиз кишилик сарияни Мадинадан уч барид (66,528 км) узоқликдаги Батни Изом деган жойга юбордилар (бу Маккани фатҳ қилиш учун юриш йўналишини атрофдагилардан яшириш ва одамлар диққатини бошқа тарафга буриш мақсадида қилинди. Ушбу сария йўлга чиқиб, айтилган томонга етиб борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккага қараб йўлга чиққанларини билдилар ва йўлни ўзгартириб, у Зотнинг ортларидан етиб олдилар).

Ҳижрий 8 йил, 10 рамазон (мил. 629 йил 31 декабрь)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минг саҳобадан ташкил топган қўшин билан Мадинаи мунавварадан Маккага қараб йўлга чиқдилар;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу оила-аъзолари билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида, Макка билан Мадинанинг қоқ ўртасидаги Жуҳфа деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашди.

Ҳижрий 8 йил, 17 рамазон (мил. 630 йил 7 январь)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сешанбага ўтар кечаси Макка чегарасидан ўн икки мил (22,176 км) узоқликда жойлашган Марруз Заҳронда тунаб, лашкарга гулхан ёқишни буюрдилар ва ўн мингта гулхан ёқилди;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага киришларидан олдин Абу Суфён ибн Ҳарб, Ҳаким ибн Ҳизом ва Будайл ибн Варқо розияллоҳу анҳумлар мусулмон бўлишди;

Эртаси тонг пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Марруз Заҳрондан Маккага қараб йўл олдилар ва Маккага кириб, уни фатҳ қилдилар;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба ичига кириб намоз ўқидилар, сўнг Қурайш олдига чиқиб, хутба қилдилар;

намоз вақти бўлганида, ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари билан Каъба устига чиқиб азон айтди;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларининг барча қилмишларини кечирдилар ва улар ёппасига Исломни қабул эта бошлашди.

Ҳижрий 8 йил, 25 рамазон (мил. 630 йил 15 январь)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни ўттиз отлиқ билан Қурайш ва барча Бану Киноналикларнинг Уззо номли энг катта бутини бузиш учун Нахлага юбордилар;

шу ой охирларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни Макканинг шимоли-шарқидаги 150 км узоқликда Риҳот деган ерда жойлашган Ҳузайл қабиласининг Сувоъ номли бутини бузиб келиш учун юбордилар;

шу ойнинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Зайд Ашҳалий розияллоҳу анҳуни йигирма отлиқ билан Авс, Хазраж, Ғассон ва бошқа қабилаларнинг Манот номли бутини бузиш учун Қудайднинг Мушаллал деган жойига юбордилар.

Ҳижрий 9 йил, рамазон ойи (мил. 631 йил)

Тоиф шаҳрининг аҳолиси Сақиф қавми Исломни қабул қилиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига элчиларини жўнатди.

Ҳижрий 10 йил, рамазон ойи (мил. 631 йил декабрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан ҳар йили рамазонда бир бор ўтказганлари ҳолда, ушбу охирги рамазон ойида икки марта ўтказдилар.

Ҳижрий 10 йил, 11–30 рамазон (мил. 631 йил 10–29 декабрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу охирги рамазон ойида йигирма кун эътикофда ўтирдилар (ҳолбуки, олдин ҳар йили рамазон ойида фақат ўн кун ўтирар эдилар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин

Ҳижрий 11 йил, рамазон ойи (мил. 632 йил ноябрь-декабрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик қизлари Фотимаи заҳро розияллоҳу анҳо оламдан ўтди.

Ҳижрий 13 йил, рамазон ойи (мил. 634 йил ноябрь)

– Ироқда Мусанно ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бошчилигидаги мусулмон қўшини билан Форс мажусийлари ўртасида Бувайб жанги бўлиб ўтди. Натижада, мажусийларнинг шавкати синиб, Ироқ ва Форс давлатлари фатҳ қилинди.

Ҳижрий 15 йил, рамазон ойи[5] (мил. 636 йил октябрь-ноябрь)

– Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги мусулмон қўшини Ироқда форслар устидан Қодисия жангида ғалаба қозонди ва Форс саркардаси Рустам ўлди.

Ҳижрий 20 йил, рамазон ойи (мил. 641 йил август-сентябрь)

– Мисрнинг қадимги пойтахти Фустот шаҳрида фотиҳ Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу масжиди қуриб битказилди.

Ҳижрий 37 йил, рамазон ойи (мил. 658 йил февраль-март)

– Сиффин жангидан сўнг ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тарафидан ҳакамликка тайинланган Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу билан Муъовия розияллоҳу анҳу тарафидан ҳакамликка тайинланган Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Давматул Жандал номли жойда учрашишди;

– Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумони Мисрга волий этиб тайинлади.

Ҳижрий 40 йил, 17 рамазон (мил. 661 йил 23 январь)

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу вафот этди;

Эртаси куни имом Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳуга байъат берилди.

Ҳижрий 48 йил, рамазон ойи (мил. 668 йил октябрь-ноябрь)

Шимолий Африка волийси Уқба ибн Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳ ҳозирги Тунис давлатидаги Қайравон шаҳрини Рум ва салбчиларнинг ҳужумларига қарши мустаҳкам қўрғон қилишга фармон берди.

Ҳижрий 49 йил, рамазон ойи (мил. 669 йил октябрь)

– Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу вафот этди.

Ҳижрий 50 йил, рамазон ойи (мил. 670 йил сентябрь-октябрь)

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Сафия онамиз розияллоҳу анҳо Мадинаи мунавварада вафот этди.

Ҳижрий 51 йил, рамазон ойи (мил. 671 йил сентябрь-октябрь)

– Шимолий Африка волийси Уқба ибн Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида Қайравон масжиди қурилди.

Ҳижрий 53 йил, рамазон ойи (мил. 673 йил август-сентябрь)

– Ўрта Ер денгизидаги Рум империясига қарашли Родос ороли саркарда Жунода ибн Абу Умайя Аздий бошчилигида фатҳ қилинди.

Ҳижрий 58 йил, 17 рамазон (мил. 678 йил 12 июль)

– Оиша онамиз розияллоҳу анҳо олтмиш олти ёшида Мадинаи мунавварада вафот этди ва Бақиъ қабристонига дафн қилинди.

Ҳижрий 65 йил, рамазон ойи (мил. 685 йил апрель-май)

– Умавий халифаларнинг тўртинчиси Марвон ибн Ҳакам раҳматуллоҳи алайҳ Дамашқда вафот этди ва ўғли Абдулмалик ибн Марвон раҳматуллоҳи алайҳга байъат берилди.

Ҳижрий 91 йил, рамазон ойи (мил. 710 йил июль)

– Саркарда Тариф ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида Андалус давлатини фатҳ қилиш ҳаракати бошланди.

Ҳижрий 92 йил, рамазон ойи (мил. 711 йил июнь-июль)

– Испаниянинг жануби-ғарбида жойлашган Шазуна шаҳри саркарда Ториқ ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида фатҳ қилинди. Натижада мусулмонлар учун Андалус давлатининг эшиклари очилди.

Ҳижрий 93 йил, рамазон ойи (мил. 712 йил июнь-июль)

– Саркарда Мусо ибн Насир раҳматуллоҳи алайҳ Ишбилия (Севилья) ва Тулайтила (Толедо) шаҳарларини фатҳ қилди. Натижада Андалус давлати тўлиқ фатҳ этилди.

Ҳижрий 95 йил, рамазон ойи (мил. 714 йил май-июн)

– Ироқ волийси золим Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий 54 ёшида ўлди.

Ҳижрий 96 йил, рамазон ойи (мил. 715 йил май-июнь)

– Синд ўлкаси (Покистон) машҳур саркарда Муҳаммад ибн Қосим раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида фатҳ қилинди.

Ҳижрий 181 йил, рамазон ойи (мил. 797 йил октябрь-ноябрь)

– Имом Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ вафот этди.

Ҳижрий 223 йил, рамазон ойи (мил. 838 йил июль-август)

– Аббосий халифаларнинг саккизинчиси Муҳаммад Мўътасим биллоҳ ибн Ҳорун ар Рашид раҳматуллоҳи алайҳ Туркиянинг Аммурия шаҳрини бир юз эллик мингдан иборат қўшини билан фатҳ қилди.

Ҳижрий 361 йил, рамазон ойи (мил. 972 йил июнь-июль)

– Қоҳирада


«Азҳар» масжиди қуриб битказилди ва биринчи намоз ўқилди.

Ҳижрий 532 йил, рамазон ойи (мил. 1138 йил май-июнь)

– Шомнинг шимолий қисмида салбчи босқинчиларга қарши саркарда Имодуддин Зинкий раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида илк ғалаба қўлга киритилди.

Ҳижрий 648 йил, рамазон ойи (мил. 1250 йил ноябрь-декабрь)

– Мисрнинг Мансура шаҳрида мусулмон қўшини Франция подшоҳи Қиддис Луис IX бошчилигидаги салбчи босқинчиларга қарши қақшатқич зарба берди (подшоҳ билан бирга тирик қолган қўшин асир олинди. Натижада подшоҳ асирликдаги мусулмонларни озод қилиши, қўлга киритган Димёт шаҳрини қайтариши ва аввал тўрт юз минг динор кейин яна тўрт юз минг динор[6] бериши эвазига озод қилинди)[7].

Ҳижрий 658 йил, 25 рамазон (мил. 1260 йил 2 сентябрь)

– Миср султони Музаффар Сайфиддин Қутуз раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигидаги мусулмон қўшини мўғул татар қўшинини Фаластиннинг Айни Жолут шаҳрида бутунлай тор-мор этди.

Ҳижрий 675 йил, рамазон ойи (мил. 1277 йил февраль-март)

– Салбчи босқинчилар тамоман тор-мор этилди.

Ҳижрий 1275 йил, 22 рамазон (мил. 1859 йил 24 апрель)

– Мисрда Сувайш каналини қазиш ишлари бошланди.

Ҳижрий 1351 йил, 7 рамазон (мил. 1933 йил 3 январь)

– Арабистон ярим оролининг Ҳижоз ва Нажд ўлкалари бирлашиб, Саудия Арабистони давлати ташкил топди…

Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади

 


[1] Гуноҳлардан сақланиш ва руҳий покланиш.

[2] Яратувчи Зот ва яратилган олам ҳақида тафаккур қилиш.

[3] Бир ривоятга кўра.

[4] Сария – махфий жанговор гуруҳ.

[5] Бир ривоятга кўра.

[6] Жами саккиз юз минг динор закот нисобининг қирқ минг баробарига тўғри келади. Закот нисоби йигирма динордир.

[7] Доктор Роғиб Сиржоний Ҳанафий, «Қиссатут татар минал бидояти ила Айни Жолут», 1/194.

Мулоҳаза билдиринг

*