Фил воқеаси

3 йил аввал 3678 siyrat.uz

Шундай буюк бир воқеа майдонга келган эдики, бу янада буюк бир ҳодисанинг содир бўлишлигига ишорат эди. Бу ҳодиса Аллоҳнинг арабларга хайр ирода этганлигини далили эди... Дунёнинг ҳеч бир уйига насиб бўлмаган шон-шарафнинг Каъбага оид эканлигини очиқ-равшан кўрсатди. Бу воқеа шундай содир бўлганди: Ҳабашистон подшоҳлигининг волийи Абраҳа  Яманнинг Санъо шаҳрига катта бир каниса қурдириб, номини «Қуллайс» деб атади. Арабларнинг Каъбага эмас, бу канисага ҳаж қилишликларини хоҳларди. Халқнинг Каъбага сиғинишига чидай олмас, унинг зиёрати учун карвонлар тўпланиб йўлга чиқишини кўра олмас, дунёнинг тўрт томонидан Каъбага одамлар оқиб келишини ҳазм қилолмасди. Буларнинг ўзи қурган канисада содир бўлишини истарди. Унинг бу қилганлари, Каъба севгиси ила вояга етган, унга ҳурмат этиш муҳитида дунёда кўзларини очган арабларга жуда ҳам оғир ботган эди. Араблар ҳар қандай ибодатхонани Каъбадан афзал кўрмаганликлари каби, унинг ўрнига бошқа бир жойни ҳам қабул эта олмас эдилар. Бу канисанинг қурилишига уриниш уларнинг мағлубиятига сабаб бўлди. Гаплар хоссатан шу тўғрида бўлар эди. Шундай қилиб, Канъон қабиласидан бир киши кечаси у канисага кирди. Унинг ичида таҳорат ушатди. Бу ҳодиса Абраҳанинг жаҳлининг чиқишига сабаб бўлди. Каъбани бузиш мақсадида у тарафга бостириб боришга қасам ичди. Шу сабабдан  унга юриш қилди. Ўзлари билан бирга фил ҳам бор эди. Араблар бу юришдан хабардор бўлдилар. Бу хабар гўёки чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлагандай уларни қўрқитиб юборди. Абраҳанинг бу ишдан қайтаришга ва у билан урушга ташаббус этсалар ҳам, Абраҳа ва аскарларига тенг келолмасликларини билишар эдилар. Чорасиз ҳолда, бу ишни Аллоҳга ҳавола этдилар. Каъбани сақлагувчи эгаси борлигига ишонишарди. Бундай ишончга соҳиб бўлганликларининг далили ҳазрати Пайғамбаримизнинг бобоси Абдулмутталиб билан Абраҳа ўртасидаги суҳбатдир. Абраҳанинг аскарлари Абдулмутталибнинг икки юз туясини тортиб олишганди. Абдулмутталиб шу хусусда гаплашиш учун Абраҳанинг олдига киришга рухсат олди. Абраҳа унга ҳурмат ва иззат кўрсатди. Тахтидан тушиб унинг ёнида ўтирди. Нима ҳожати борлигини сўради. Абдулмутталиб унга шундай деди: —Менинг истагим туяларим қайтариб берилса. Абраҳа уни эшитгач, кулимсираб шундай деди: — Мендан икки юзта туянгни сўрайсан-у, сенинг ва оталарингнинг диний уйи бўлган (Каъбани) бузиш учун келганимни билиб туриб, у тўғрисида бирон нарса демайсанми?! — Ҳақиқатни айтсам, мен туяларнинг эгаси бўлганим каби, Каъбанинг ҳам ўз соҳиби бор. Ўз уйини сақлаб олади! — Мендан сақлаб қололмайди! — Хўп, кўрамиз! Бу суҳбатдан кейин қурайшликлар тоғларга ва пана жойларга чекиндилар. Маккани ташлаб, бўшатиб чиқиб кетдилар. Бу ишларни Абраҳанинг лашкарларидан қўрққанидан қилган эдилар. Сўнгра Аллоҳнинг ҳурматига лойиқ бўлган бир ерга бостириб келган лашкарнинг қай аҳволга тушишини мароқ билан тамоша қилишмоқчи эдилар... Абдулмутталиб ва у билан бир неча қурайшликлар ўринларидан туриб, Каъба эшигининг халқасига ёпишдилар. Аллоҳга ёлвордилар. Абраҳа ва лашкарларини мағлуб бўлишини тиладилар! Тонг саҳарда Абраҳа Маккага киришга тайёргарлик кўрди. Каъбани бузиб ташламоқчи эди. Филини (ёки филларидан бир нечтасини) бу ишга ҳозирладилар. Филнинг номи Маҳмуд эди. Филни Маккага қараб ҳайдашганда ерга ётиб олди, уни турғизишга уриниб турғиза олмадилар. Яман томонга буришганда эса, ирғиб туриб, югуриб кетди. Шу вақт Аллоҳ таоло денгиз томондан уларнинг устига бир тўда қуш юборди. Ҳар бир қушда (бир тумшуғида, икки дона панжалари орасида) ташлаш учун тошлар бор эди. Бу тош аскарлардан кимга аталса, ўшанинг устига ташлаб ўлдирарди. Ҳабашистонликлар келган йўлларига қайтиб қоча бошладилар. Лекин қаерга қочмасинлар, тошлардан қутула олмадилар. Абраҳа ҳам ярадор бўлган эди. Уни ўзлари билан бирга олиб кетдилар. Санъога боргунга қадар бармоқлари узилиб тушди. Сўнг жуда ҳам ёмон ҳолатда ўлди. «(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? У Зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими? У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, уларни (қурт- қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди.» (Фил сураси 1-5) Аллоҳ ҳабашистонлик аскарларни Маккадан қувиб, уларнинг бошларига фалокатлар келтиргандан сўнгра, Қурайш қабиласининг обрўси араблар назарида яна ҳам ошди. Араблар Қурайшни «Аҳлуллоҳ» бўлди дейишарди. Чунки Аллоҳ улар учун ҳабаш аскарлари билан жанг қилди, уларни душманнинг қўлидан қутқарди, − деган гаплар тарқади. Бу ҳодисага араблар орасида ортиқча катта эътибор билан қаралди. Зотан ҳодиса унчалик ахамиятли бўлмаса ҳам. Бу воқеа бўлган вақтни тақвимларида йил боши қилиб олдилар. Шундай қилиб «Фил воқеаси − Фил санаси» майдонга келди. Фалончи бола фил йилида туғилди. Бу воқеа фил санасидан беш йил кейин ёки олдин бўлди, дейишарди. Фил санаси милоднинг 570 йилига тўғри келади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ