Ҳиро ғори қаршисида (давоми)

1 ўн йил аввал 2243 siyrat.uz

Бу ҳолатлардан кейин Ислом давлати пайдо бўлди. Бу давлат аввал фақат тўрт кишидан иборат эди. Расулуллоҳ билан бир эркак, бир аёл ва ёш бола. Улар Абу Бакр, Хадижа ва Алидир. Бу уч инсон жамики инсонларга мисол бўлади – кишилар, аёллар ва болалар. Сўнг уларнинг эркаклари қирқтага кўпайишди. Улар ичида араб, форс (Салмон форсий), рум (Суҳайб), ҳабаш (Билол) ва оқ, жигарранг, қора одамлар бўлган. Буларнинг барчаси Ислом динини жинс ва миллатпарастликдан узоқ эканига очиқ далилдир. Кейин жангчилари уч юздан ошиб Бадр жангида ғалаба қозонишди, жангчилари ўн минг бўлганидан сўнг Маккани фатҳ этишди. Юз мингдан ошиб бутун оламни фатҳ этгани юзланишди.Бу сукунатли чўққидан жазира ерларига тўйимли сув оқиб, инсонлар учун Шом, Боғдод, Қоҳира, Қуртуба ва Деҳли боғларини ундирди.Бу кимсасиз қумликдан маданият олами ўзининг унуми, санъати, тараққиётини қабул қилиб олди. Айнан шу ердан! Инсоният дунёси қоп-қора зулматли тунлар ичра турганда биз шу ердан ҳидоят машъаласини ёндириб, уни Шарқу Ғарбга тарқатдик ва асрлар бўйи хайрли маданиятнинг йўлини ёритиб бердик. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ билан ёлғиз қолиш умидида бу тоққа кўтарилиб, Аллоҳнинг инояти ила шу ғорга етиб келдилар. Бу ғор тор бўлишига қарамай Пайғамбаримиз учун дунё мисол кенг бўлди. Қаттиқ тошлар ҳам намланиб, гуллар ўстирди. Шу ердан бир подшоҳликнинг тахти бошланган. Бироқ у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тахти эмас, чунки у Зот подшоҳ бўлмаганлар, подшоҳликни талаб ҳам қилмаганлар. Бу тахт уммати Муҳаммаднинг тахтидир. Ер подшоҳлари атрофларида хизматкор ходимлари билан баланд қасрларида пар ёстиқларию ҳарир матолар устида ухлаётган пайтда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кимсасиз ғорда тунларни тош тўшакда ёлғиз ҳолда ўтказардилар. Лекин Пайғамбаримиз бу ғорда азиз ва мукаррам эдилар. Зеро у Зот осмонга юзланар, подшоҳлар эса ерга юзланган эдилар. Пайғамбаримиз осмон билан боғланганларида барча қасрлар шу ғорга сингиб кетди. Ғордан паноҳ топган пайтларида бутун дунёни Қурайшга қолдирдилар. Дунё матосидан ёнбошлайдиган биргина болиш ва қувват бўладиган миқдорда егуликдан бошқа нарса олмадилар. Ул Зотга Аллоҳ таоло дунё ва охиратни ато этди.У Зот узлат учун ер қаъридаги бирор чуқурликка ҳам тушмадилар ёки шаҳар чеккасидаги бир кулбага ҳам бормадилар. Лекин дунёга юқоридан назар солиш учун тоғ устидаги ҳеч кимнинг назари тушмайдиган жойни танладилар. У ерда дунёни ҳақир кўриб, ундан юз ўгириб, осмон кенглигига юзландилар. Ислом дини улуғ ва олий шариат эканини, бу саодатга фақат машаққат ва меҳнат билан етиш мумкинлигини умматлари билсин учун бу ишларни қилдилар. Энди шуни айтаманки, дарё минг-минг мил масофани босиб ўтади. Асло тўхтамайди, модомики унинг ортидан булоқлар отилиб чиқар экан, суви ҳеч қачон тугамайди. Бу биз мусулмонлар учун қувват ва куч булоғидир. Ҳа, бу ўша булоқнинг ўзгинаси! Аждодларимиз шу булоқ бошига келгач, у ердан ер юзи подшоҳлари ва ҳидоят пешволарига айландилар. Биз эса бу булоқ йўлидан адашдик. Биз энди ўша мақомимиз, азизлик, улуғлик ва ғалаба қайтиши учун ғори Ҳирога қайтамиз!
 
Шайх Али Тантовийнинг «Мин нафаҳотил Ҳарам»
китобидан таржима қилинди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ