Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон (1)

1160

Шаклу шамоилларининг комиллиги, кўринишларининг гўзаллиги

Имом Бусирий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

У сифатию сурати мукаммал бўлган Зотдир,

Инсонлар Холиқи ҳабиб айлаб танлаган Зотдир.

Гўзаллигида шерикдан бўлди муназзаҳи,

Ундадир иккига бўлинмас гўзаллик жавҳари.

Қуртубий айтадилар: «Расулуллоҳнинг гўзалликлари биз инсонларга бутунлайича зоҳир бўлмаган. Агар мукаммал зоҳир бўлганида эди, кўзларимиз ул Зотни кўришга тоқат қила олмас эди».

Расулуллоҳ шаклу шамоиллари комиллиги, кўринишлари чиройлигига далолат қиладиган набавий ҳадислар ва ривоят қилинган асарлар жуда ҳам кўпдир. Шу эътибордан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у Зотнинг шарафли баданларини (гўзалликда) улардан олдин ҳам кейин ҳам ўхшаши бўлмайдиган кўринишда қилиб қўйганига иймон келтириш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ иймон келтириш шарти ҳисобланади.

Шарафли юзлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзи энг чиройли киши эдилар , худди қуёш юзларида юргандек эди . (Яъни қуёш қандай ўз фалакида юрса, худди шундай гўзаллик ул Зотнинг юзларида юрар эди).

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мутоҳҳам (яъни ўта семиз) ҳам мукалсам (яъни ўта айланасимон юзли) ҳам бўлмаганлар. Балки юзларида бироз думалоқлик бор эди .

Оиша онамиз айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг бўлагидек чақнар эди».

Абу Бакр Сиддиқ ва Каъб ибн Молик айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари худди ойнинг доирасидек эди».

Абу Туфайлга бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг, деб сўрашганларида:«У Зот оқ (тиниқ) рангли, юзлари чиройли киши эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнадек бўлиб қолар ва гўёки тўлин ой у Зотнинг юзларида кўриниб тургандек бўлар эди».

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар:«Ул Зотнинг юзлари худди қуёш билан ойга ўхшарди. Юзлари доира шаклида эди».

Кўриб турганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаган саҳобалар бир овоздан у кишининг юзлари нурли, ёрқин ҳамда нур сочиб турувчи ёрқин зиё ва гўзаллик ила барқ уриб турувчи бўлганини таъкидламоқдалар.

Ҳасан ибн Али тоғалари Ҳола ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, юксак ҳурматли киши эдилар. Юзлари худди тўлин ой кечаси ойнинг чарақлаганидек порлаб турар эди».

Жобир ибн Самура ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб шундай деган эканлар: «Мен бир у зотга бир ойга қарай бошладим. Аниқ айта оламанки, у зот ойдан гўзалроқ эдилар «.

Рабиъ бинти Муъаввиздан бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг, деб сўрашганида: «Эй ўғилларим, агар у Зотни кўрганингизда эди, худди порлаб чиқаётган қуёшни кўргандек бўлардингиз», деб жавоб берганлар .

Умму Маъбад ҳам Набий алайҳиссаломни сифатлаб шундай деган экан: «Мен покиза, гўзал хулқли, юзи чиройли, хушрўй кишини кўрдим».

Ҳамадонлик бир аёл: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилганман», деб айтганида: «У Зотни бизга васфлаб беринг», деб сўрашади. Ҳамадонлик аёл:«У Зот худди тўлин ой кечасидаги ойга ўхшайдилар. Мен Расулуллоҳдан олдин ҳам кейин ҳам у Зотга ўхшашини кўрмадим», деб айтган.

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил                                                                                   инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ  таржимаси.

Мулоҳаза билдиринг