Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон (3)

1054

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзалликларининг ўзига хос хусусияти.Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўзалликнинг барчаси ато қилингани ҳадисларда зикр қилинган. Фақат бу гўзаллик иккита асосий нарсага биноан бўлган. 1. Жалолий (буюк) ҳайбат. 2. Порлаб турган нур.Шунин учун ҳам Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кишилар чиройларига мафтун бўлиб қолмасди, Юсуф алайҳиссаломдаги гўзалликнинг хилофича, чунки у Зотга чиройнинг ярми берилган эди. Шу боис, у кишини аёллар кўрганида, чиройларига мафтун бўлиб, қўлларини кесганлар ва: «Во ажабо! Бу инсон эмас, фариштанинг ўзи-ку», дейишган эди. Бир шоир айтади:

Гар кўрса эди Юсуфни, Зулайхонинг дугоналари

Қўлларидан кўра юракларини кесишга ҳам рози бўлар эди.

Жалолий ҳайбат

Расуллуллоҳнинг улуғворликлари, ҳайбатлари ҳақида Ҳинд ибни Абу Ҳола ул Зотни сифатлаб, шундай деган: «Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўркам, юксак ҳурматли киши эдилар».

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ким Расуллуллоҳга беҳосдан йўлиққанида, у Зотнинг салобати босар эди».

Яна бошқа бир киши айтади: «Пайғамбар алайҳиссалом мажлисларда инсонларнинг энг виқорлиси эдилар .Бир куни Расуллуллоҳнинг ҳузурларига бир киши кириб келди. Шунда у киши Расуллуллоҳнинг ҳайбатларидан ўзини йўқотаёзди. Расуллуллоҳ бу ҳолатни кўриб унга:«Тинчлан», дедилар».

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Ҳазрати Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида шундай дейди: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг салобатларидан икки кўзим ила у Зотни тўйиб кўролмаганман. Шунинг учун ҳам бирор киши мендан ул Зотни сифатлаб беришимни сўраса, васфлаб беролмас эдим. Чунки ул Зотни икки кўзим ила тўлиқ кўролмаган эдим».

Ибн Абу Ҳола Расуллуллоҳни сифатлаб шундай деган: «Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар гапирсалар, мажлисда ўтирганларнинг барчаси худди бошларида қуш бўлгандай, жим ўтирардилар».

Ҳақиқатдан ҳам саҳобалар (розияллоҳу анҳум) Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак ҳайбат ва виқорлари туфайли у Зотга чуқур назар сололмас эдилар. Шунинг эътиборидан Пайғамбаримизни фақатгина саҳобаларнинг ёшлари ёки пайғамбарлик келишидан олдин у Зотнинг қарамоғларида тарбия кўрган Ҳинд ибн Абу Ҳола, Али розияллоҳу анҳу каби саҳобалар сифатлаб беролганлар.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайбатларининг буюклиги ва виқорларининг комиллигидан ким ул Зотнинг ҳузурларида ўтирса, уни салобатлари босар эди. Баъзан бу Муҳаммадий ҳайбатдан бирга ўтирган кишини қаттиқ титроқ босар эди. Шунинг учун ҳам Расуллуллоҳ уларнинг қўрқувлари босилсин, деб уларга юмшоқ муомала қилиб уларга нисбатан мулойим бўлардилар.

Қойла бинти Мухримадан ривоят қилинади, у: «Мен Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чўккалаб ўтирганларини кўрганимда, қўрқувдан чўчиб тушдим. Шунда бир киши: «Ё Расуллуллоҳ, бечора аёл қўрқиб кетди», деди. Расуллуллоҳ орқаларида турган ҳолимда, менга қарамасдан: «Эй мискина! Хотиржам бўл», дедилар. Расуллуллоҳ шу гапларини айтганларидан сўнг, Аллоҳ таоло ичимдаги қўрқувни кетказди», деди.

Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: «Кунларнинг бирида мен хизматчимни ураётган эдим, бир пайт ортимдан: «Билиб қўй, эй Абу Масъуд!» деган товушни эшитдим. Шунда ғазабимдан ортимга ўгирилиб ҳам қўймасдан, давом этавердим, кейин мени бир нарса ўраб олгандек бўлди. Шундай ортимга ўгирилсам, рўпарамда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган эканлар. У Зотни кўрганимда, ҳайбатларидан қамчим қўлимдан тушиб кетди. Менга қараб: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло бу ишни қилишга сендан кўра ҳақлироқдир», дедилар. Шунда мен:«Ё Расуллуллоҳ, бундан кейин ҳеч қачон бирон бир хизматчимни урмайман», дедим».

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ  таржимаси.

Мулоҳаза билдиринг