Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон (7)

1016
Шарафли товушлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг товушлари чиройли эди. Дарҳақиқат, Анас ибн Молик бу ҳақда ривоят қилиб айтадилар: «Аллоҳ таоло пайғамбарларни чиройли юзли ва чиройли товушли қилиб юборди. Сизларнинг набийингиз Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзи ва товуши энг чиройлисидир». Бароъ ибн Озиб айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозида «Ваттин ваз зайтун» ни ўқидилар. Мен ул Зотдан чиройлироқ товушни эшитмаганман». Жубайр ибн Мутъим айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳуш оҳангли эдилар. Товушларида Умму Маъбад айтганидек, бироз ҳириллаш бор эди ва ўткир товушли эдилар. Ҳамда товушларида бошқаларнинг товуши етмайдиган жойларга етадиган даражада қувват бор эди». Бароъ ибн Озиб ул Зотни сифатлаб шундай деган эдилар:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга шундай даражада хутба қилардиларки, хатто хоналаридаги аёл-қизларга ҳам эшиттирардилар». Умму Ҳоний айтадилар: «Биз Расулуллоҳнинг Каъбада туннинг ўртасида қиладиган қироъатларини эшитардик. Мен эса тахтиравонда ўтирардим». Муҳаммадий қалбнинг мукаммал яратилиши. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари қалбларнинг энг яхшиси, энг кенги, энг қувватлиси, энг тақводорроғи, энг мусаффоси, энг юмшоғи ҳамда энг меҳр-шафқатлиси эди. Ул Зотнинг қалблари иймон ва Қуръон нурларига тўлиб-тошган уйғоқ ҳамда хушёр қалбдир.Қалбларнинг энг яхшиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли қалблари эди. Имом Аҳмад ва бошқаларнинг муснадида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтадилар:«Албатта, Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларига назар солди. Бас, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини энг яхши қалб, деб билиб, ул Зотни танлаб олди ва пайғамбарлик рисолати ила юборди. Кейин яна бандаларининг қалбларига назар солди. Бас, ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг қалбларини энг яхши қалб, деб билди. Шунда уларни набий алайҳиссаломнинг динни ҳимоя қиладиган вазирлари қилиб қўйди. Бас, мусулмонлар нимани яхши деб билсалар, албатта, ўша нарса Аллоҳ таоло наздида ҳам яхшидир. Улар нимани ёмон деб билсалар, албатта, ўша нарса Аллоҳ таолонинг наздида ҳам ёмондир».

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафли қалблари қалбларнинг энг покроғи ва энг тозаси эди. Дарҳақиқат, ул Зотнинг шарафли кўксилари ёшлик чоғларида ёрилиб, ундан шайтоннинг насибаси чиқариб ташланган. Бу ҳақда Имом Муслим ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ўйнаётган пайтларида ул Зотнинг олдиларига Жаброил алайҳиссалом келади. Сўнгра Расулуллоҳни ушлаб ерга ётқиздилар-да, кўксларини ёриб қалб (юрак) ларини оладилар. Кейин ундан бир лахта қонни чиқариб: «Бу шайтоннинг сиздаги насибаси», деб айтадилар. Сўнгра қалбларини олтин тағорада, замзам суви билан ювадилар. Сўнгра тўғрилаб жойига қайтариб қўядилар. (Буни кўрган) болалар шошганча ул Зот (эмизувчи) оналарининг олдига келадилар-да: «Муҳаммад қатл қилинди», деб айтишади. Шунда улар Расулуллоҳнинг олдиларига келишса, ул Зот ранглари ўзгарган ҳолатда эдилар».

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксларида ана шу тикилганлик асоратини кўрган эдим».1. Мана шу ул Зотнинг шарафли кўкслари ёрилиш воқеъаси биринчи бор Ҳалима онамизнинг ҳузурларида бўлган ёшлик чоғларида содир бўлади.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн ёшлик чоғларида шарафли кўкслари иккинчи бор ёрилади. Бундаги ҳикмат шуки, ўн ёш таклиф ёши – балоғат ёшига яқин эди. Шу эътибордан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кишиларда айб саналадиган нарсалар етмаслиги учун қалблари ёрилиб мусаффо қилинган.
3. Учинчи бор шарафли кўксларининг ёрилиши Пайғамбар бўлиш даври – Жаброил алайҳиссалом ул Зотга ваҳий олиб келганларида содир бўлади. Бу сафарги кўкс ёрилишидаги ҳикмат муҳаққиқ олимлар таъкидлаганларидек, ул Зотни янада иззат-икром қилиш, қўллаб- қувватлаш ҳамда ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни келадиган ваҳийни бақувват, мустаҳкам қалб ила, рози бўлинадиган энг мукаммал ҳолатда қабул қилишларига тайёрлашдир.
4. Тўртинчи бор кўкснинг ёрилиши исро кечаси содир бўлган. Бу ҳақда икки саҳиҳ китобларда зикр қилингандир. Бундаги ҳикмат ҳам ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ортиқ даражада ҳурмат қилиш, эъзозлаш, қўллаб-қувватлаш ҳамда бу гал Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш, суҳбатлашиш ҳамда У Зотнинг нурлари, асрорлари, тажаллиётларини кўришлари учун шай туришларига янада тайёрлашдир.
Ҳофиз Қасталоний айтадилар: «Сўнг яна шуни билишимиз лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксиларининг ёрилиши, қалбларини чиқарилиши ва шу каби ул Зотда содир бўладиган ундан бошқа одатдан ташқаридаги ғайри табиий нарсаларнинг ҳақиқатини буриб юбормасдан шундайлигича таслим бўлиб иймон келтирмоғимиз вожибдир. Чунки бундай нарсалар барча нарсага қодир бўлган улуғ Зотга қийин эмасдир. Яна Қасталоний Суютий раҳматуллоҳи алайҳининг гапларини келтирадилар: «Ҳозирги замонимизда айрим нодон кишиларнинг кўкс ёрилиши (Шаққус садр) воқеъасини инкор қилишлари ва бу нарсани маънавий ишга буриб юборишлари ҳамда бу воқеъани айтадиганларни «ҳақиқатлар қалби» бўлган, деб айтишга мажбурлашлари очиқ-ойдин илмсизлик, нодонликдир. Шунингдек, бу қилмишлари Аллоҳ таоло уларга тавфиқ бермай, ёрдамсиз қолдиргани ва уларнинг фалсафа илмига чуқур шўнғиганлари қолаверса, сийрат-суннат илмининг нозик қирраларидан узоқда бўлганлари натижасида келиб чиққан қўпол хато демакдир».Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сергак қалб ато қилганки, бу қалб доимо Аллоҳ таолога юзланган бўлиб, ул Зотни бирор лаҳза  ғафлатлик тутмасди, балки доимо диққат-эътиборлари Аллоҳ таолога қаратилган эди. Шунингдек, ул Зотнинг қалбларига уйқу ғафлати келмас эди, шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйқуда кўрган тушлари ваҳий йўлларидан ва турларидан бири саналарди. Шунингдек, Расулуллоҳнинг уйқулари таҳоратларини кетказмасди.Бу ҳақда саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинган. Саҳиҳи Бухорий ва бошқа китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунни бедор ўтказишлари ҳақидаги ҳадиси шарифда Оиша онамиздан ривоят қилинади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, витр намозини ўқишингиздан олдин ухлайсизми? деб сўрадим». Шунда Расулуллоҳ: «Эй Оиша, икки кўзим ухлайди. Лекин қалбим уйғоқ туради», дедилар». Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши айтадилар: «Набий алайҳиссалом ухлаётган ҳолатларида фаришталар келарди».Имом Термизийнинг Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларнинг олдимизга чиқиб келдилар-да: «Мен тушимда кўрдимки, худди Жаброил алайҳиссалом бошим олдида, Микоил алайҳиссалом эса оёғим олдида тургандилар. Шунда фаришталарнинг баъзилари: «У ухлаяпти», дейишди. Баъзилари эса: «Албатта, кўзи ухлаяпти, лекин қалби уйғоқдир», деб айтишди. Шунда улар: «Бу соҳибларингизни мисол қилса бўлади», дейишди. Шунда бирлари: «Қани мисол келтиринглар-чи», деди. Шунда улар: «Унинг мисоли худди ҳовли қуриб, унда зиёфат қилган ҳамда (бу зиёфатга) даъватчиларни юборган кишига ўхшайди. Ким даъватчига ижобат қилса, ҳовлига кириб, зиёфатдан ейди. Ким даъватчига ижобат қилмаса, ҳовлига ҳам кира олмайди, зиёфатдан ҳам қуруқ қолади», деб мисол келтиришди. Шунда улар: «Энди бу мисолни Муҳаммад тушунмоғи учун изоҳланглар», деб айтишди.Шунда яна базилари: «У ухлаяпти», дейишди. Баъзилари эса: «Албатта, кўзи ухлаяпти, лекин қалби уйғоқдир, деб айтишди». Шунда улар (келтирган мисолларини): «Бас, ҳовли жаннатдир. Даъватчи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Бас, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилса, дарҳақиқат, Аллоҳ таолога итоат қилибди. Бас, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга осийлик қилса, дарҳақиқат, Аллоҳ таолога осийлик қилибди», деб изоҳладилар».

Сунани Доримийда қуйидаги ҳадис келтирилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб айтилди: «Кўзингиз ухласин. Қулоғингиз эшитсин. Қалбингиз эса англасин». Расулуллоҳ айтдилар: «Икки кўзим ухлади. Икки қулоғим эшитди. Ва қалбим англади». Шунда ул Зотга айтилди: «Саййид ҳовли қуриб, унда зиёфат уюштирди. Ва (зиёфатга) даъватчини юборди. Бас, ким даъватчига ижобат қилса, ҳовлига кириб зиёфатдан ейди ва ундан Саййид рози бўлади. Бас, ким даъватчига ижобат қилмаса, ҳовлига ҳам кирмайди, зиёфатдан ҳам ея олмайди. Шунингдек, ундан Саййиднинг ғазаби келади».

Расулуллоҳ: «Бас, Аллоҳ Саййиддир. Муҳаммад даъватчидир. Ҳовли Исломдир. Зиёфат эса жаннатдир», деб айтдилар».

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам−комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

 

Мулоҳаза билдиринг