Mуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон (8)

1035

Пайғамбар алайҳиссалом кўксиларининг ёрилишдаги ҳикматлар ва фойдалар. Давоми… Шайх Абу Муҳаммад ибн Абу Жамра айтади: «Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалом кўксиларини ёрмасдан қалбларини иймон ва ҳикматга тўла қилишга қодир эди, лекин шунга қарамай, у Зотнинг кўксилари ёрилишидаги ҳикмат шуки, ишонч қуввати янада зиёда бўлиши учундир. Зеро, Расулуллоҳ кўксиларини ёрилишини (бевосита) кўришлари ҳамда бу нарсадан қаттиқ таъсирланмасликлари туфайли ул Зотга оддий қўрқиладиган барча ҳолатлардан эминлик, ҳотиржам бўлиш неъмати ато қилинган эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг кўринишда ва гапиришда энг шижоатлиси эдилар. Аллоҳ таоло ҳам Расулуллоҳ алайҳиссаломни шундай сифатлаган:مَا زَاغَ الْبَصَرُ وَمَا طَغَى (17)

«(Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oғгaни ҳaм йўқ, ўз ҳaддидaн oшгaни ҳaм йўқ».

4. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ биринчи, учинчи ва тўртинчи сафарларда кўкснинг ёрилиши ҳақида зикр қилиб ўтганларидан кейин шаққус содр (кўкс ёрилиши) воқеасининг такрор-такрор бўлганининг ҳикмати ҳақида шундай дейди: «Мана шу уч ҳолатнинг ҳам ўзига хос ҳикмати бор. Биринчиси, Расулуллоҳ ёшлик чоғларида, шайтондан сақланилиб, энг мукаммал ҳолатда вояга етишлари учун бўлган. Кейингиси, Пайғамбарлик келган пайтда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келажак ваҳийни энг пок ҳолатда, бақувват ва мустаҳкам қалб ила қабул қилишларида ул Зотни юқори даражада иззат-эҳтиром қилиш учун бўлган. Сўнгиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (меърож кечаси) осмонга кўтарилмоқчи бўлганларида, токи Аллоҳ таоло билан суҳбатлашишга ҳозир бўлишлари учун содир бўлган».

Ҳофизи Шомий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини иккинчи бор ёрилишидаги ҳикмати ҳақида мендан сўрашди. Ҳолбуки, мен бу ҳақида «Тавҳид» номли китобда зикр қилиб ўтган эдим. Унинг ҳикмати ҳақида қуйидагича айтсак бўлар: «Вақтики, тамйиз (ўз фаросати билан тегишлича иш тута биладиган) ёши саккиз ( ўн) ёшда экан, шу эътибордан У Зот одатда кишилар содир етадиган қабиҳ, гуноҳ ишлардан йироқ бўлишлари учун қалблари ёрилиб мусаффо қилинган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Эҳтимол, учинчи марта Пайғамбар алайҳиссалом қалблари ювилишининг ҳикмати, ҳар ишнинг тамомига етиши уч мартада ҳосил бўлганлиги учун мазкур ҳолатда ҳам шу нарса эътиборга олинган бўлса керак, зеро уч мартадан қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари саналади».

Ибн Абу Жамра раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Албатта, Пайғамбар алайҳиссалом қалблари ювилди, ҳолбуки қалблари мусаффо, унга келадиган барча яхшиликларни қабул қилувчи эди. Биринчи бор ул Зотнинг қалблари болалик чоғларида ювилган бўлиб ундан қуюқ лахта қон чиқариб ташланган, токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожда йўлиқадиган нарсаларига тайёр бўлишлари учун».

Мазкур ҳолатдаги сингари ҳикмат кўп ўринларда жорий бўлган. Бу худди таҳоратли кишининг намоз учун яна таҳорат олишига ўхшайди. Чунки ундай кишининг яна таҳорат қилиши бу фақатгина Аллоҳ таоло ҳузурида туришга ва У Зот билан суҳбатлашиш (яъни намоз)га астойидил таёрланиши демакдир. Шунинг учун аслида таҳорат бир марта комил бўлса, битта, иккитанинг устидан зиёда қилиш эса суннат ҳисобланади. Чунки унинг таҳорат олишида жоизлик даражаси бир марта билан ҳосил бўлган эди. Ана энди учтагача қилишига келсак, бу Улуғ Зотга нисбатан юксак эҳтиром кўрсатиш учундир. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ботинларини ювиш масаласи ҳам худди шу тариқада бўлган.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Кимки Aллoҳ шиoрлaрини ҳурмaт қилсa, бaс, aлбaттa, (бу) қалбларнинг тaқвoсидaндир». (Ҳаж: 32)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларининг ювилиш ҳодисаси ҳам бир шиор бўлиб, Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг умматларига Ўз шиорларини улуғлашни ояти каримада баён қилганидек, худди шундай амалда, воқеъликда ҳам кўрсатиб берганлигига ҳам ишора ҳисобланади.

Бурҳон Нуъмоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дарҳақиқат, муқаддас қадамжо Ҳарами шарифни ичкарисини ювиш мумкин бўлиб турганида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини ювилишига нима монеълик қилиши мумкин эди? Яъни Ҳарами шариф моддият оламидан (яъни борлиқдаги кўриниб турадиган нарсалардан) эканми, муомала оламида ювишлик унинг устки қисмига боғлиқ бўлиб қолди. Ана энди муборак Зот маънавият оламидан (борлиқдаги ботиний нарсалардан) бўлганлари учун ҳақиқат оламида ювишлик ул Зотнинг ботинларига боғлиқ бўлиб қолди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга намоз фарз бўлиши учун ва ул Зот фаришталарга намоз ўқиб беришлари учун осмонга кўтарилдилар. Намоз ўқиш учун эса таҳоратли, покиза бўлиш керак эди. Шунинг учун ҳам ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ботинан, ҳам зоҳиран покланиб мусаффо бўлдилар. Агар сиз мендан: «Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарлардан кўчиб келган нур қилиб яратган бўлса, ахир бу нурнинг мусаффолиги ҳиссий поклашдан (яъни қалбларини ҳақиқатда ёрилиб покланишидан) беҳожат қилмасмиди? Қолаверса, бир маротаба қалбнинг ювилиши ботинларини бутунлай покланишига кифоя қилмаган эди. Пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ул Зотда поклашга муҳтож бўлинадиган нарсалар қолган бўлиши мумкинми? Ҳолбуки, инсоният ифлосликларидан пок бўлсалар», деб сўрасангиз, мен шундай жавоб бераман: «Биринчиси бу илмул яқин учун бўлган. Иккинчиси айнул яқин учун бўлган. Учинчиси эса ҳаққул яқин учун бўлгандир». (Бурҳон Нуъмонийнинг гапи тугади).

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам− комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Мулоҳаза билдиринг