Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – комил инсон (9)

916

Муҳаммад алайҳиссалом ақлларининг комиллиги

Комил ақл  ундан мақтовли хислатлар, етук иқтидорлар келиб чиқадиган ҳамда у туфайли фазилатларниқўлга киритилиб, разил нарсалардан четланиладиган асл нарса ҳисобланади. Комил ақл ўз эгасини барча яхшилик ва фазилат мажмуйига етаклайди. Мана Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг Исломни қабул қилганлари ҳақидаги ҳадисда келган воқеани кўрайлик.

Ҳадис: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганида: «Ассаламу алайка я Расулаллоҳ», дея салом беради. Холид ибн Валид айтади: «Шунда Расулуллоҳ очиқ чеҳра билан менга жавоб қайтардилар». Сўнгра мен: «Албатта, Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқлигига ва Сиз Аллоҳнинг Расули эканингизга гувоҳлик бераман», дедим.

Ул Зот алайҳиссалом: «Олдимга кел», дедилар. Олдиларига бордим. Шунда «Сени ҳидоятга бошлаган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин! Ҳақиқатдан ҳам мен сенда шундай ақл кўргандимки, у сени фақат яхшилик сари етаклашини умид қилган эдим, деб айтдилар».

Табароний Қуррота ибн Ҳубайродан ривоят қиладилар: У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Бизларнинг хўжайинларимиз, бекаларимиз бўлар эди, биз Аллоҳ азза ва жаллани қўйиб, уларга бўйсунардик. Биз уларни даъват қилдик − ижобат қилмадилар. Сўрадик− бермадилар. (Уларга қарамай) олдингизга келавердик. Аллоҳ таоло Сиз сабабли бизларни ҳидоят йўлига бошлади. Биз энди фақат Аллоҳга ибодат қиляпмиз, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга ақл ато қилинган бўлса, албатта, нажот топади», деб айтдилар ».

Дарҳақиқат, Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ақлларининг устунлиги, комиллигида ул Зотдан бошқа бирор киши етмаган энг юксак даражага етган эдилар. Албатта, бу нарсалар Аллоҳ таолони ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган неъмати ва фазлидандир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ن وَالْقَلَمِ وَمَا يَسْطُرُونَ (1) مَا أَنْتَ بِنِعْمَةِ رَبِّكَ بِمَجْنُونٍ (2) (القلم).
Нун. Қaлaм вa (у билaн) ёзилaдигaн нaрсa (битик)лaргa қaсaмки, (Эй Муҳaммaд,) Сиз Роббингизнинг нeъмaти бoис мaжнун eмaсдирсиз! (Нун: 1,2). Яъни сиз ақлнинг комиллиги, фикрнинг етуклигида энг олий даражадасиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло « ن » – «Нун» деб қасам ичди. Бу файз ила тўлиб-тошган илоҳий мададдир. Аллоҳ таоло яна энг аввал яратилган қалам ила, шунингдек, олий даргоҳ осмондаги фаришталар ёзган битиклар ила қасам ичди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонда қаламларнинг ва қаламлар ёзадиган битикларнинг ғижир-ғижир товуш чиқараётганини эшитган эдилар. У қаламлар энг аввал яратилган қаламдан вужудга келган эди. Аллоҳ таоло бундай буюк қасамлар ила Расулуллоҳнинг етук ақл соҳиби эканига, ул Зотда бирор бир жиннилик айби йўқлигига, аниқроғи ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам энг комил ақл эгаси ва қамров доираси кенг ва энг афзал илм соҳиби эканига қасам ичяпти.

Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни неъматларга буркаган. Иззат-икром қилиб аввалгиларни ўзида мужассам этган, барчасига якун ясаб берган пайғамбарлик ва умумий рисолатни берган. Барча илмларни қамраб олган Қуръони Каримнинг нозил бўлишини у Зотнинг ўзигагина ато қилган. Шундай экан, қандай қилиб, у зотнинг ақллари барчанинг ақлларидан устун бўлмасин! Чунки бу каби неъматларни Аллоҳ таоло энг комил ваэнг устун ақл ато қилган бандасигина кўтара олади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «(Эй, Муҳaммaд,) сиз рaббингизнинг нeъмaти бoис мaжнун эмaсдирсиз!», деди. Яъни Эй Муҳаммад, сиз Роббингизнинг сизга пайғамбарлик, рисолат ҳамда барча илму ҳикматни ўзида мужассам этган Қуръон билан неъматлантиргани боис, Сиз мажнун эмасдирсиз!

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари тўқиган нарсаларни йўққа чиқариб, узил-кесил далил билан ул Зотнинг ақл ва ҳикматлари барчадан устун эканини исботлаяпти. Далил шуки, албатта, барча илму маърифатни ўзида жамлаган Қуръон ҳамда барча ҳикматдан устун бўлган олий ҳикмат ваҳий қилинадиган кишида қандай қилиб бирор бир нуқсонлик ёки камчилик тасаввур қилиниши мумкин?!

Имом Бухорий ва имом Муслим ва бошқалар ривоят қиладиган тобеин Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: «Илгариги китоблардан 71 тасини ўқиб чиққан бўлсам, уларнинг барчасида қуйидаги маълумотни учратганман: Аллоҳ таоло дунёнинг дастлаб бошланишидан то ниҳоясигача бўлган инсонларга ақл берган бўлса, уларнинг ақллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ато қилинган ақлнинг олдида худди бутун дунё қумларининг олдида бир дона қум сингаридир. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг ақли энг устунроғи ва фикри энг афзалроғи эдилар».

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ақлларининг барчаникидан комиллиги, фикрларининг кенглиги яққол намоён бўлган ўринларни бирма-бир зикр қиламиз:

1. У Зот алайҳиссаломни жоҳилият барча жабҳаларига тарқалиб улгурган, ҳатто ақллари гумроҳликка чўмган оламга рўбарў бўлишлари, сўнг бундай гумроҳ ақлни саломат ва мусаффо ақлга ўзгартиришларида.

Албатта, бундай қилиш учун барчаникидан устун ақл ва тўғри фикрлаш керак бўлади. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, бу каби ишлар, албатта, барчанинг устидан ҳоким бўлган Зотнинг таълимотлари ва оламлар Роббисининг ваҳийси орқали бўлгандир. Бироқ илоҳий таълимотлар ва раббоний ваҳийларни қабул қилиш учун Аллоҳ таоло кўтара оладиган қилиб яратган, нурафшон, ёрқин, етук ақл бўлиши лозим эди.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бут-санамларга сиғинувчиларнинг зарарига ҳужжат келтириш услубларида, Яҳудий ва Насронийлар (эътиқодларининг хатолиги)га далил келтириб мулзам қилишлари, уларни хорлик тошини ютишга мажбур этишларида.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига зино қилишга изн сўраб келган ёш йигитга берган жавобларида.

Жавоб қуйидагича бўлган: «Инсонлар онангними ё синглингними ёки қизингними зино қилишларига рози бўласанми?», деганларида, ўша йигит: «Йўқ, албатта», деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ: «Худди шундай инсонлар ҳам уни ёмон кўрадилар-да», деб айтдилар. Қарангки, бундай жавобга ёш йигитнинг айтар сўзи фақат: «Сизга гувоҳлик бериб, айтаман: албатта, зинодан қайтдим», дейиш бўлди.

4. Қурайшликлар ҳажарул асвадни жойига қўйиш масаласида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳакам этиб сайлаганларида, у Зот узил-кесил ҳукм чиқаришларида.

Бу воқеа шундай бошланган эди: қурайшликлар Каъбани қайта тиклашаётган пайтда ҳажарул асвадни ўз ўрнига ким қўйиши борасида ўзаро низо вужудга келади. Ҳар бир қабила хоссатан ўзлари ҳажарул асвадни кўтариб қўйишни истайди. (Бу низо шиддатли тус олиб) ҳар бир қабила ўзаро суҳбат қуришиб, битим тузадилар ва урушга таёргарлик кўрадилар. Бу ҳолат уларни ёмонлик қилишда шундай даражага олиб бордики, ҳатто Абдуддор уруғи қонга тўла идиш чиқариб олдиларига қўяди. Улар билан Адий ибн Каъб ибн Луъай уруғи биргаликда ўлгунларигача уруш қилишга келишиб оладилар. Сўнг қўлларини идишдаги қонга ботириб оладилар. Ўшанда улар «Қонни яловчилар» деб номланадилар. Қурайшликлар шу ҳолатларида тўрт кеча ё беш кеча давом этадилар. Сўнгра масжидда тўпланиб ўзаро маслаҳатлашишади ва бир-бирларини инсофга чақирадилар ва мана шу масжид эшигидан энг биринчи кириб келган кишини ўзларига ҳакам қилиб тайинлашга рози бўладилар. Иттифоқо, эшикдан энг биринчи кириб келган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар. Кўзлари Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга тушган заҳоти: «Бу амин-ку, биз бу Муҳаммадга розимиз», деб айтишади. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг олдиларига келганларида, бўлиб ўтган воқеанинг хабарини айтиб беришади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга бир кийим келтиринглар», деб айтадилар. Кийим келтирилади. Сўнг ҳалиги ҳажарул асвадни олиб, ўз қўллари билан кийимга қўядилар-да: «Ҳар бир қабила кийимнинг четидан ушлаб баробарига кўтаринглар», дейдилар. Улар шундай қилдилар, юришиб қўйиладиган ўрнига етиб келганларида, Расулуллоҳнинг ўзлари қўллари билан уни (ўз маконига) қўядилар. Шундай қилиб, қурилиш (ишлари тинч осойишта) давом этади.

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Мулоҳаза билдиринг