Mуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон (9)

3 йил аввал 4141 siyrat.uz

 Муҳаммад алайҳиссалом ақлларининг комиллиги. Давоми....5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига адоват қиладиганларга нисбатан ҳушёрликларида, улардан турли хил эҳтиёт чораларини кўришлари ҳамда уларнинг макр-хийлаларини ўзларига қайтаришларида. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Собитни яҳудийларнинг ёзуви ва тилларини ўрганишга буюрган эдилар. Албатта, бундай қилишлари душманларнинг макр-хийлаларидан сақланиш чораларини кўришларидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бадр» ва «Аҳзоб» ғазоти кунлари душманларнинг саноғи ва уларнинг қурол-аслаҳалари ҳақида ўрганиб келадиган кишиларни жўнатадилар. Бундай қилишлари ҳам муборак ақлларининг комиллиги тўла намоён бўлиб турган ҳушёрликларининг мукаммал эканига далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аҳзоб» ғазоти куни душман сафидагиларни саросимага тушириб, истакларини йўққа чиқариш мақсадида Нуъайм ибн Масъуд Ашжаъийни улар ҳузурига юбораётиб: «Агар қодир бўлсанг, биз томондан уларни довдиратиб қўй, чунки уруш макру хийла ишлатишдан иборатдир», деган эдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча душманлар пайқаб қолиб, яна ҳимояга таёргарлик кўрмасинлар ёки сафларини янада кўпайтириш пайига тушмасинлар, деб уруш олд ишларини уларга чигал қилиб кўрсатардилар ва улардан махфий тутардилар. Бундай қилишларида, албатта, қон тўкилишининг олдини олиш бордир. Албатта, мазкур нарсаларнинг барчаси Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимояланиш, эҳтиёткорлик чораларини ёки душман томонни қўрқитиш, уларнинг қалбларига хавф солиш чораларини кўришларида ўта ҳушёр ва жуда сергак бўлганларини кўрсатиб турибди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ақлларининг ўта комиллиги ул Зотнинг муомалалари, чиройли сиёсатлари (бошқарувлари) ҳамда турли табақадаги инсонларнинг кўнгилларини топишларида намоён бўлади. Албатта, Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай қилишлари уларни дўстликка олиб келиш, қалбларини ўзлари келтирган ҳақ томон мойил қилишлари учун бўлгандир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетамиз, пасткаш ва ёмон кишиларнинг ёмонлигу ёвузлигидан сақланиш ҳамда уларнинг қалбларини ҳидоят йўлига мойил қилиш мақсадида чиройли муомала қилиб кўнгилларини овлашга ҳаракат қилардилар. У Зот қавмнинг ёмон кишисини ҳам қалби ўзларига улфат бўлсин, деб очиқ юз ила кутиб олардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларга ҳушомадгўйлик қилиш садақадир», деб айтардилар. Ҳушомадгўйлик мақталинган амал бўлиб, у тилёғламаликдан фарқлидир. Чунки ҳушомадгўйлик бу дунё ёки дин (оҳират) ишининг манфаати учун ёки дунё билан бирга дин (охират) ишининг манфаати учун дунёни сарфлашдир. Тилёғламалик эса дунё манфаати учун дин (охират)ни сарфлаш демакдир. 6. Пайғамбар алайҳиссалом амир ва подшоларга ақлий ҳужжатлар ва мақбул ҳикматларни етказадиган элчиларни юборишлари учун заковатли, ақлли кишиларни танлаб олишларида. Зеро бундай элчиларнинг подшоҳлар ҳузурларида обрў-эътибор қозонишлари, уларга моҳирлик ила ҳужжат келтириб баён қилиб беришлари уларнинг заковатли бўлганларига очиқ-ойдин гувоҳдир. Мана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ало ибн Ҳадрамийни Исломга даъват қиладиган мактуб ила подшоҳ Мунзир ибн Сова ҳузурига элчи қилиб юборадилар. Ало ибн Ҳадрамий унинг ҳузурига келганида: «Эй Мунзир, сен ақлли кишисан, ҳаргиз охиратни таҳқирлай кўрма! Мана бу мажусийлик энг ёмон диндир. Унда на арабларга ҳурмат кўрсатиш бор ва на аҳли китоблар ҳақида илм бор. Сизлар никоҳлаш ҳаром бўлганларни никоҳга оласизлар. Ейиш мумкин бўлмаган нарсаларни ейсизлар. Бу дунёда қиёмат куни сизларни ейдиган оловга ибодат қилиб сиғинасизлар. Сен ақлсиз, рай (тафаккур, идрок) сиз одам эмассан. Ўйлаб кўр! Дунёда бирон бир ёлғон гапирмаган кишини тасдиқ этмаслигинг, бирон бир маротаба хиёнат қилмаган кишидан хотиржам бўлмаслигинг ва албатта, ваъдасига ҳаргиз хилоф қилмаган кишига ишончмаслигинг мумкинми ахир?» Мен айтган нарсаларим ҳақиқатдан ҳам худди шундай бўладиган бўлса, мен айтган Зот қасам ичиб айтаман, Пайғамбардир. У шундай Пайғамбарки, у ҳақида бирор ақлли киши: «Қанийди, у буюрган нарсалар қилишдан қайтарилса ёки у қайтарган нарса қилишга буюрилса эди, деб ёки қанийди, у афвини зиёда қилса ёки жазолашини камайтирса», деб айта олмайди. Зеро ундан содир бўлаётган барча нарсалар ақлли кишиларнинг истаклари ва фикрларига мос келади», деб айтади. Шунда Мунзир ибн Сова Ало ибн Ҳадрамийга: «Қўлимдаги дин – мажусийлик динига назар солиб, уни охират эмас, фақат дунё учун эканини билдим. Сўнгра сизларнинг динингизга қарадим. Бас, уни охират ва дунё учун эканини билдим. Мени унда ҳаёт орзуси, ўлим роҳати бўлган динни қабул қилишимдан нима ҳам ҳалақит қила оларди? Дарҳақиқат, кеча Ислом динини қабул қилаётган кишилардан ажабланган эдим. Бугун эса бу Ислом дини маъқул дин бўлишига қарамай, уни қабул қилмаётганлардан ажабландим. Албатта, Муҳаммад юборган элчини улуғлаш, у келтирган динни улуғлаш демакдир. Албатта, мен нима қилишим ҳақида, яъни Исломни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик хусусида эмас, балки бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига боришми ёки у кишига мактуб ёзиб юборишми ё бошқа нарсами шу хусусида ўйлаб кўраман», деб айтади. Албатта, Мунзирнинг: «Бугун эса уни қабул қилмаётганлардан ажабландим», деб айтган гапи у киши томонидан Ислом ҳақ дин эканига эътироф ҳисобланади . Яна бир саҳобий мўминлар онаси Умму Саламанинг туғишган укаси Муҳожир ибн Абу Умайя Махзумий розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳимяр подшоҳларидан Ҳорис ибн Абду Кулолнинг ҳузурига элчи қилиб юбордилар. Муҳожир ибн Абу Умайя подшоҳнинг ҳузурига келгач: «Эй Ҳорис, сен Расулуллоҳ Исломни таклиф қилган энг биринчи подшоҳлардан эдинг. Бироқ сен подшоҳларнинг обрў-эътиборда энг улуғи бўла туриб, (унинг таклифини қабул қилмай) янглишдинг. Агар сен подшоҳлигинг учун шундай қилган бўлсанг, бошқа подшоҳларга назар сол. Агар сени бугунги кунинг хурсанд қилиб турса, эртанги кунингдан қўрққин. Дарҳақиқат, сендан олдин ҳам қанча-қанча подшоҳлар ўтган бўлса, уларнинг қилган ишлари, фаолиятлари кетиб, улардан бор-йўғи қуруқ хабарлар қолган, холос. Узоқ вақт яшаб, кўп орзу-истаклар қилиб юборганлар-у, лекин ўзлари билан оз нарсаларни олиб кетганлар.Улар орасида ўз ажали етиб ўлганлари ҳам, қасос, ўч олиниб ўлганлари ҳам бўлган. Мен сени шундай Робб таолога итоъат этишингга даъват этаманки, агар ҳидоят йўлини истасанг, у Зот сени ман қилмайди, агар у Зот сени ҳидоят йўлига бошлашни истаса, бирон бир киши сенга тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, сени уммий бўлган шундай Пайғамбарга эргашишингга чорлайманки, у буюрган нарсадан гўзалроқ нарса йўқ, у қайтарган нарсадан қабиҳроқ нарса йўқдир. Билгинки, сенинг шундай Парвардигоринг борки, у Зот тирикларни жонини олувчи, ўликларни тирилтирувчи ҳамда кўзларнинг хиёнатини, қалбларнинг беркитадиган нарсаларини билади», деб айтади . Ҳотиб ибн Абу Балтаъа айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Искандария подшоси Муқовқиснинг ҳузурига элчи қилиб юбордилар. Мен унинг ҳузурига Раслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бериб юборган мактубни олиб келдим. Менга ўз қароргоҳидан жой берди. У ерда бир неча кеча тунадим. Сўнгра ўз патриархларини жамлаб, кейин элчи орқали мени ўз ҳузурига чақиртирди. Келганимда, менга қараб: «Сенга мени тушунишингни хоҳлаб турган бир гап гапирмоқчиман», деб айтди. Шунда мен: «Нима демоқчисан, айт», дедим. Шунда у: «Менга соҳибинг ҳақида хабар бер. Қани айт-чи, у Пайғамбарми?», деди. Мен: «Ҳа, шундай, у Аллоҳнинг элчиси», деб жавоб бердим. Шунда сўрашда давом этиб: «Агар ҳақиқатдан ҳам Пайғамбар бўладиган бўлса, нега унда қавми ўз юртидан ўзга юртга чиқариб юборса ҳам, уларнинг зарарига баддуо қилмади?», деди. Шунда мен: «Марям ўғли Исони Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик берасанми?», деб сўрадим. Шунда у: «Ҳа, у ҳақиқатдан ҳам, Аллоҳнинг элчиси», деб айтди. Шунда сўрашни давом этиб: «Нега унда Аллоҳ таоло у Зотни токи осмон дунёсига кўтаргунига қадар, қавми уни азобламоқчи бўлиб, хочга қоқишни истаганларида ҳам Аллоҳ таолодан уларни ҳалок қилишини сўраб баддуо қилмаган», дедим. Шунда Муқовқис: «Сенга тасанно бўлсин! Сен ҳикмат соҳибининг ҳузуридан келган ҳикматли киши экансан, мана бу ҳадяларни сен билан бирга Муҳаммад ҳузурига юбораман. Ҳамда сени ўз юртингга эсон-омон етказиб қўядиган кишиларни ҳам сен билан юбораман», деб айтди. Ҳотиб ибн Абу Балтаъа айтадилар: «Муқовқис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга учта жория қизларни ҳадя қилди. Уларнинг орасида Расулуллоҳ фарзандлари Иброҳимнинг онаси ҳам бор эди. Уларнинг бирини Раслуллоҳ Абу Жаҳм ибн Ҳузайфа Адавийга, бошқа бирини эса Ҳассон ибн Собит Ансорийга ҳадя қилдилар. Муқовқис яна ялтироқли, зийнатланган кийимлар ҳам ҳадя қилган эди.  
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ