У Зот алайҳиссаломнинг жисми шарифларининг васфи

1 ўн йил аввал 2208 siyrat.uz

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмнинг ичида ўрта бўйли: новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас; тиниқ рангли: ўта оппоқ ҳам эмас, ўта буғдой ранг ҳам эмас, (сочлари) ўта жингалак ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас эдилар. Қирқ ёшларида у Зотга (ваҳий) нозил этилди. Бас, Маккада ўн йил (ваҳий) нозил бўлиб турди. Мадинада ўн йил. У Зот қабз қилинганларида соч ва соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди». Шарҳ: Анас розияллоҳу анҳунинг гапларига биноан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма йил ваҳий тушганга ўхшаб кўринади. Аслида эса йигирма уч йил. Бу ерда сўз пайғамбарликни одамларга етказиш ҳақида кетмоқда. Ана ўша таклиф Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтдан уч йил сўнг у Зот қирқ уч ёшга тўлганларида бўлган экан. Биринчи уч йилдаги даъват сирли равишда бўлган. Демак, Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтдан вафотларигача бўлган муддатни эмас, балки пайғамбарлик таклифларини одамларга етказиш ҳақидаги амрдан вафотларигача бўлган муддатни қайд қилганлар.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, елкалари кенг, сочлари кўп бўлиб елкаларига тушиб турадиган киши эдилар. Устиларида қизил рангли кийим бўларди. Ҳеч қачон у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ кимсани кўрмаганман». Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Баро розияллоҳу анҳу васф қилаётган қизил рангли кийимни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий киймаганлар. Кўпроқ оқ рангли кийим кийганлари маълум. Бу ҳақда «Либос китоби»да батафсил сўз кетган. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида юзи энг гўзали, хулқи энг гўзали бўлиб,  қаддилари  новча ҳам, пакана ҳам эмас эди». Икки шайх ривоят қилган. Баро розияллоҳу анҳудан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?» деб сўралди. У киши: «Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди», деди». Бухорий ва Термизий ривоят қилган. Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. Ер юзида мендан бошқа у Зотни кўрган одам йўқ», деди. Унга: «У Зотни кўрганингда қандоқ эдилар?» дейилди. «Хушрўй оқ, мўътадил қоматли эдилар», деди у». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган. Унинг бир лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У Зот хушрўй оқ бўлиб, худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар», дейилган». Шарҳ: Абу Туфайл розияллоҳу анҳунинг: «Ер юзида мендан бошқа у Зотни кўрган одам йўқ», деганларининг ўз маъноси бор. Мана шу гапни айтаётган пайтларида саҳобаи киромлардан тирик қолган киши фақат шу киши эди. Абу Туфайл розияллоҳу анҳу юзинчи ҳижрий санада вафот этганлар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари кенг ва товонларининг гўшти оз эди». Муслим ва Термизий ривоят қилган. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, қўл-оёқлари катта, бошлари катта бошлардек катта, кўкрак жунлари узун эдилар. Юрганларида салобат билан худди баландликдан тушаётгандек бўлиб юрар эдилар. У Зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим». Али розияллоҳу анҳу қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилса: «Жуда новча ҳам, жуда пакана ҳам эмасдилар. Қавм ичида ўртача эдилар. (Сочлари) ўта жингалак ҳам, ўта юмшоқ ҳам эмас эди. Баданларида ҳам, юзларида ҳам гўштлари кўп эмас эди. Думалоқ юзли эдилар. Ранглари қизғиш оқ эди. Юрсалар пастликка тушиб кетаётгандек юрар эдилар. Бурилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун жисмлари билан бурилар эдилар. Икки кураклари орасида муҳри нубувват бор эди. У пайғамбарларнинг муҳридир. Одамларнинг энг қўли очиғи, энг кўнгли очиғи эдилар. Одамларнинг энг ростгўйи, энг ювоши, энг муомаласи осони эдилар. Биринчи бор кўрган одам у Зотдан ҳайиқар эди. У Зотга аралашиб, танишган одам муҳаббат қилиб қолар эди. У Зотни васф қилувчи: «У Зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим», дер эди». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларидан кўра гўзалроқ нарсани кўрмаганман. Худди ер у Зотга ўралиб келаётганга ўхшар эди. Биз эса ўзимизни қийнаб юрамиз. У Зот эса бемалол юрардилар». Ушбу учовини Термизий ривоят қилган.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ