Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етган озорлар

1 ўн йил аввал 2332 siyrat.uz

Оддий мусулмонларга турли азоблар бериб ўз мақсадларига эриша олмаган кофирлар уларнинг сардори Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришга ўтдилар. Дастлаб улар ўзларининг эсипастларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи, сеҳргар, шоир, коҳин ва мажнун, деб озор беришга гижгижладилар. Улар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга озор бериш учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмадилар. Бир куни мушрикларнинг бошлиқлари Каъбаи муаззаманинг ёнида гаплашиб ўтирар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб Байтуллоҳни тавоф қила бошладилар. Кофирлар эса у Зотни масхара қилиб устиларидан кула бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб, қаттиқроқ гап айтган эдилар, улар бемазагарчиликларини йиғиштирдилар. Эртасига яна ўша ерда ўтирган эдилар, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Шунда кофирлар бирдан ёпирилиб туриб у Зотни ўраб олдилар. Улардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан тутиб судрай бошлади. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўртага тушдилар ва йиғлаб туриб: «Аллоҳ Роббим, дегани учун бир одамни ўлдириб юборасизларми?» деб ажратиб олдилар. Аммо кофирлар Абу Бакрнинг ўзининг бошини ёрдилар ва соқолидан ушлаб тортдилар. Бу дегани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа мусулмонларга кофирлар тегмай қўйди, дегани эмасди. Бошқа мусулмонларга нисбатан ҳам улар ашаддийлашиб борар эдилар. Бир куни Абу Бакр одамларни Аллоҳ таолонинг динига даъват қилаётган эди. Мушриклар бирдан унинг устига ёпирилдилар. Улар Абу Бакр розияллоҳу анҳуни оёқлари остига олиб тепкилай кетдилар. Аёвсиз калтаклардилар. Утба ибн Робиъа бўлса икки кавуши билан у кишининг юзига тушира бошлади. Оқибатда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзи таниб бўлмайдиган ҳолга келди. Қариндошлари келиб у кишини кўтариб кетишаётганда ўлганига шубҳалари йўқ эди. Аммо кечга бориб Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳушларига келдилар. У киши ҳушларига келишлари билан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?» деб сўрадилар. Қариндошлари бу гапи учун Абу Бакрни маломат қилдилар ва сўкдилар. Шунда мусулмон аёллардан Умму Жамил у кишига яқинроқ келди. Абу Бакр ундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўради. У бўлса: «Мана, онанг, сенинг гапларингни эшитиб турибди», деди. «У билан ишинг бўлмасин», деди Абу Бакр. «Саломатлар, тинчлар», деди Умму Жамил Абу Бакрнинг ўзи эшитадиган қилиб. У орадаги сирни кофир қариндошлар билиб қолмаслиги учун тиришар эди. Абу Бакр бўлса: «Аллоҳ учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бормагунимча таом ҳам емайман, шароб ҳам ичмайман», деди. Икки аёл қулай пайт пойлаб турдилар. Одамлар тарқалиб, атрофга сукунат ҳоким бўлганда икки томонидан суяшиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ҳолини кўриб, кўп ачиндилар ва унинг ҳаққига, онасининг ҳаққига дуо қилдилар. Онасини динга даъват қилган эдилар, у аёл иймонга келди. Бунга ўхшаш ҳолатлар борган сари кофирларнинг ҳайратини ошириб борар эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ташвиқот ишлари олиб бориш ҳақида маслаҳатлар қилишар эди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ