Иккинчи Ақаба байъати

1 ўн йил аввал 2306 siyrat.uz

Яна ҳаж мавсуми қайтиб келди. Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу бошлиқ ясриблик мусулмонлар киши билмас тариқа ўз қавмларининг мушрикларига қўшилиб ҳажга келдилар. Одамлар билан бирга ҳаж қилдилар. Арафотдан кейин шайтонга тош отиш вақти келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ақабада учрашишга келишдилар. Учрашув кечаси бўлганда ҳаммалари ўз қавмлари ила ухлагани ётдилар. Кечанинг учдан бири ўтгандан кейин битта-битта бўлиб ҳеч кимга билдирмасдан учрашув жойига кела бошладилар. Тўпланиб бўлгач қарасалар, етмиш уч эркак ва икки аёл: Насиба бинти Каъб ва Асма бинти Амр ибн Адий эканлар. Ҳаммалари тўпланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кутадилар. Бир вақт у Зот келаётганларини пайқадилар. Ёнларида бир киши ҳам бор эди. Яқин келганда у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос эканлиги маълум бўлди. Орада сўзлашув бўлиб ўтди. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан нимани талаб қилсалар, ўша нарсага тайёр эканликларини билдирдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ораларидан ўн иккита нақиб сайлашни сўрадилар. Улар ўн икки кишини танладилар. У Зот нақибларга: «Сизлар ўз қавмингизга худди Ийсо ибн Марямнинг ҳаворийлари кафил бўлгандек кафилсизлар. Мен ўз қавмимга кафилман», дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръон тиловат қилдилар, Аллоҳга даъват, Исломга тарғиб қилдилар ва: «Аёлларингиз ва болаларингизни нимадан ҳимоя қиладиган бўлсангиз, мени ҳам ўшандан ҳимоя қилишингиз шарти ила сизларнинг байъатингизни қабул қиламан», дедилар. Баро ибн Маърур Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини олиб, биринчи бўлиб байъат қилди. Кейин ҳамма бирма-бир байъат қилиб чиқди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Энди жойларингизга бораверинглар», дедилар. Эртасига Макка кофирлари бўлиб ўтган ишдан хабардор бўлиб қолдилар. Ясрибликлар турган жойга бориб суриштира бошладилар. Ясриб мушриклари биз бундоқ иш қилганимиз йўқ, деб қасам ичиб туриб олдилар. Мусулмонлар ҳеч нарсани билмагандек туравердилар. Ҳожилар жўнаб кетганларидан кейин мушриклар ишнинг тафсилотини билдилар. Улар ясриблик мусулмонларни ортларидан қувиб бордилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни тутиб ҳам олдилар. У кишини калтаклаб Маккага олиб келдилар. Аммо Саъд розияллоҳу анҳунинг иттифоқдошлари у кишини мушриклар қўлидан ажратиб олдилар. Бу ишдан аччиғи чиққан кофирлар мусулмонларга бўлган адоватни яна ҳам авж олдирдилар. Улар мусулмонларга аввалгидан ҳам қаттиқроқ азоб бера бошладилар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ