Муҳожирлар ва ансорийларни биродарлаштириш

1 ўн йил аввал 2323 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлар билан ансорийларни биродарлаштирдилар. Ҳаттоки улар бир-бирларининг меросини олишгача ҳақли бўлдилар. Ансорлар муҳожир биродарларини устун қўйиб, ўзларига жуда керак бўлиб турган нарсаларини ҳам уларга бердилар. Масалан, уйларининг ярмини, асбоб-анжомларини, мол-мулкларини ва бошқа ҳамма керакли нарсаларини. Ҳатто муҳожирлар Расулуллоҳга: «Эй Расулуллоҳ, буларга ўхшаганларни ҳеч кўрмаганмиз, оз бўлса, бизга берадилар, кўп бўлса сероб қиладилар. Етарли маишатнинг кифоясини қилишяпти, фароғатга бизни шерик қилишяпти. Ҳатто ажрнинг ҳаммасини булар эгаллаб олмасалар», дея арз қилишган. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўғ-э, уларга ташаккур айтиб, ҳақларига дуо қилиб турсангиз, ундай бўлмайди, иншааллоҳ», деганлар. Ансорийлар ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий алайҳиссалом ансорларни чақириб, уларга Баҳрайнни (шу номдаги ҳозирги диёрни) бермоқчи эканликларини айтганларида, ансорлар, муҳожир биродарларимизга ҳам худди шунга ўхшаш жойни бермасангиз, бизга бунинг кераги йўқ, дедилар». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни диндош биродарлар, деб эълон қилганларидан кейин муҳожирлардан бир кишини олиб, ансорийларнинг биттаси билан ака-ука қилиб қўйганлар. Бу диний биродарлик (ёки алоқа) қариндошлик, туғишганлик алоқаларидан устун саналган. Улар ҳамма масалаларда, ҳатто мерос масаласида ҳам мана шу алоқага таяниб иш кўрганлар. Уларнинг бир-бирларига валийликлари бир-бирларига ёрдам беришда, мерос тақсимлашда, хун тўлашда, қарзларини ўташ ва туғишганлар орасида бўладиган бошқа ҳомийлик ва жавобгарлик масалаларида ўз аксини топган. Бу иш бутун дунёга пешқадамлик қилиши зарур бўлган жамият учун ғоят керакли эди. Ҳамжиҳат бўлган жамиятгина муваффақиятга эришади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ