Пайғамбар алайҳиссалом баданий қувватларининг комиллиги (10)

1615

Пайғамбар алайҳис салом баданий қувватларининг  комиллиги

Аллоҳ таоло Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда қалбнинг шижоатлиги билан баданнинг қувватлигини жамлаган. Бу  эркакликдаги комиллик ҳисобланади. Ибн Саъд, Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотам, Байҳақий, Абу Нуъайм ҳамда Бухорий раҳматуллоҳи алайҳимлар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, у киши айтадилар: «Биз Хандақ куни чуқур қазиётган эдик. Шунда бир катта тош чиқиб қолди. Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб: «Чуқур қазиётганимизда, катта тош чиқиб қолди», деб айтишди. Расулуллоҳ: «Мен ўзим чуқурликка тушаман», деб ўрниларидан турдилар. Ҳолбуки, ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қорниларига тош бойланган эди. Биз уч кундан бери бирор нарса тотиб кўрмаган эдик. Пайғамбар алайҳиссалом лўмни олиб, ҳалиги катта тошни урдилар. Тош қумдек сочилиб кетди». Бошқа ривоятлар мазкур катта тошни «харсангтош» бўлган, деб тавсифлаган. Шунингдек, ана шу ривоятлар саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўзлари ҳалиги харсангтошни жойидан кетказиша олмай, ҳатто лўмлари ҳам синиб кетганидан кейин борганлигини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу харсангтошга урган зарбалари фақат уч маротаба бўлганини баён қилади.

Саҳобаларнинг харсангтошни парчалашга бўлган ҳаракатларининг кўплигидан билаклари, қўллари толиқиб кетганига қарамай, харсангтош Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч зарбаларидан ортиғини кўтара олмагани ул Зотнинг энг қувватли инсон эканликларини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Мана шу Пайғамбар алайҳиссаломнинг қувватлари эди. Ваҳоланки, ул Зот очликдан қорниларини тош билан боғлаб олган эдилар. Уч кундан бери бирор таом ҳам оғизларига олмаган эдилар. Ҳолбуки, очлик инсон баданида қанчалик заифлик, озишликни келтириб чиқаришини барчамиз биламиз. Ана энди уч кун емаслик оқибатида келиб чиқадиган қаттиқ очлик ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оч бўлмаганларида эди, шак-шубҳасиз, қувватлари бундан-да ортиқ даражада бўлар эди. Сиз эштганингиздан-да зиёдароқ бўладиган қувват ҳам бўлиши мумкинми?

Абу Нуъайм, Байҳақий бир неча йўллардан ривоят қилишган ҳадисда, Имом Байҳақий Исҳоқ ибн Ясордан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рукона ибн Абд Язидга: «Исломни қабул қил», дедилар. Рукона: «Агар сен айтаётган нарса ҳақ эканини билганимда эди, қабул қилган бўлардим», деди. Шунда Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи васаллам: «Нима дейсан, агар сени курашда енгсам, мен айтган нарсаларни ҳақ деб биласанми?», дедилар. (Рукона қурайшликлар орасида энг бақуввати, пахлавони эди). Шунда Рукона: «Ҳа», деди. Расулуллоҳ ўрниларидан туриб, уни (кўз юмиб очгунича) ерга ағдардилар. Шунда Рукона:  «Яна бир бор, эй Муҳаммад», деб айтди. Расулуллоҳ солалллоҳу алайҳи васаллам қайта уни ушлаб, шу топда ерга қулатдилар. Бу ҳолатни кўрган Рукона: «Бу сеҳрдир, мен бундай сеҳрга ўхшашини ҳечҳам кўрмаганман. Аллоҳ билан қасам ичиб айтаманки, сен елкамни ерга қўйган вақтингда ҳеч нарса қила олмай қолдим», деб кетади».

Дарҳақиқат, бу ҳадисни Руконанинг ўзи ҳам ривоят қилгандир. У ҳадисда Руконанинг Исломни қабул қилгани очиқ-ойдин айтилган. Рукона розияллоҳу анҳунинг: «Аллоҳ билан қасам ичиб айтаманки, сен елкамни ерга қўйган вақтингда ҳеч нарса қила олмай қолдим», деб айтган гапига қаранг. Бундан билиниб турибдики, Рукона розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларида айтишга арзигулик нарса бўлмай қолди. Ҳолбуки, у киши розияллоҳу анҳу Қурайш орасида бадани жиҳатидан энг бақуввати эди. Пайғамбар алайҳиссаломдан олдин бирон бир киши Рукона розияллоҳу анҳуни енгмаган эди.

Ҳадис матнидаги лафзлар Имом Бухорийнинг ривоятига тегишлидир.

Ҳадис матнининг лафзлари Байҳақийнинг ривоятига тегишлидир.

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам−комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.     

Мулоҳаза билдиринг