Қамал

1 ўн йил аввал 2145 siyrat.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мушриклар йигирма кундан ортиқ, бир ойга яқин шу ҳолатда турдилар. Баъзи бир камон отишишларни айтмаганда, орада уруш бўлмади. Мусулмонлар қамалда қолдилар. Вазият оғирлашганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғатафоннинг лашкарбошилари Уяйна ибн Ҳисн ва Ҳорис ибн Авфга элчи юбориб, агар одамлари билан қайтиб кетишса, Мадинадаги хурмозорнинг учдан бирини беришларини айтдилар. Икки томон сулҳ устида шартлаша бошлади. Аҳднома ёзилди, аммо гувоҳлар олдида тасдиқланмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сулҳни тасдиқлашдан олдин Авс қабиласи бошлиғи Саъд ибн Муоз ва Хазраж қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳумоларга одам юбориб, бўлаётган ишдан хабар бердилар ва маслаҳат сўрадилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бу ишни ўзингиз ёқтириб амалга оширмоқчисизми ёки Аллоҳнинг сизга буюрган амри бўлиб, уни қилмоғимиз зарурми? Ёхуд биз учун қилаётган ишингизми?» деб сўрашди улар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар учун қилаётган ишимдир. Аллоҳга қасамки, бу ишни қилмас эдим. Илло, кўрдимки, араблар сизни худди бир камондан ўққа тутаётгандек тўпланиб турибдилар. Улар сизга қарши ҳар томондан ташланмоқдалар. Шунинг учун уларнинг шавкатини бир оз бўлса ҳам синдирмоқчи эдим», дедилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳам, улар ҳам Аллоҳга ширк келтириб, бут-санамларга ибодат қилиб юрардик. Аллоҳга ибодат қилиш тугул, уни ҳатто танимас эдик. Ўшанда улар Мадинанинг мевасини меҳмондорчилик ёки савдо туфайли ейишдан бошқа умидлари йўқ эди. Энди Аллоҳ бизни Ислом ила азиз қилган, ҳидоятга бошлаган, сиз билан, Ислом билан эъзозлаган бир пайтда уларга молу мулкимизни берамизми?! Аллоҳга қасамки, бизга бунинг зарурияти йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Ўзи биз билан улар орасида ҳукм чиқармагунича, уларга қиличдан бошқа нарсани бермаймиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Майли, сенинг айтганинг бўлсин», дедилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу аҳднома ёзилган саҳифани олиб, ундаги ёзувларни ўчирди. Сўнгра: «Бизга қарши уриниб кўрсинлар!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотнинг саҳобалари шундай шиддатли ва хавфли вазиятда турдилар. Душман уларни ҳам юқори, ҳам қуйи томондан ўраб олган эди. Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча урушлар ва хавф-хатарли воқеаларга шоҳид бўлдим. Мурайсиъда, Хайбарда, Ҳудайбияда бўлганмиз, Фатҳда ва Ҳунайнда ҳам. Уларнинг ҳеч бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Хандақчалик қийин ва хавфли бўлмаган. Мусулмонлар жуда ҳам оғир ҳолатда эдилар. Қурайшликлар бола-чақа ва аёлларга ҳужум қилиб қолиши мумкин эди. Мадинани то тонг отгунча қўриқлаб чиқишарди. Хавфнинг катталигидан мусулмонлар тонг отгунча такбир айтиб чиққанларини эшитар эдик», дейдилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ