Ваҳийнинг бошланиши

3 йил аввал 2491 siyrat.uz

 

Расулуллоҳ камолот чўққиси бўлмиш қирқ ёшга етганларида Аллоҳ инсониятни жаҳолат зулматидан маърифат ойдинлигига чиқариш учун у кишини башоратчи ва огоҳлантирувчи пайғамбар қилиб танлади. Астроном Маҳмуд Пошонинг аниқлашича, бу воқеа мелодий 610 йил 2-ойининг бошида юз берган. Ваҳий дастлаб ўнгидан келадиган тушлардан бошланган. Бу тушлар ҳаддан ташқари аниқ худди ўнгида содир бўлгандек равшан эди. Аллоҳ ўз бандасини ҳар бир ишга босқичма-босқич тайёрлаб, камолотга етказади. Фариштадан илк ваҳийни қабул қилиш одам боласи учун ғоят мушкул эди. Шу боис Расулуллоҳ Аллоҳга юзланиш учун дунёнинг ишларига қўл силтаб, халқдан узилиб, ёлғизликни ихтиёр этдилар. Танҳолик кишининг руҳини поклайди. Пайғамбар алайҳиссалом Макка яқинидаги Ҳиро ғорида талай кунларни танҳоликда ўтказдилар. Бундай ҳолат баъзан ўн кун, баъзан бирор ойга чўзилар, сарвари олам бобокалони Иброҳим алайҳиссалом динига биноан истиқомат қилардилар. Истиқоматдан қайтгач, Хадижанинг ёнида бир неча кун бўлиб, навбатдаги узлатга ҳозирлик кўрардилар. Бундай истиқомат то илк дафъа пайғамбарлик ваҳийси келгунча давом этди. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ тоғ тепасида турганларида тўсатдан рўпараларида бир одам пайдо бўлиб: «Эй Муҳаммад, мен Жаброилман, сен эсанг Аллоҳнинг бандаларига юборган элчисисан!» деди ва шундан кейин: «Ўқи!» дея амр этди. Расулуллоҳ: «Мен ўқишни билмайман», дедилар. Чиндан ҳам у киши ўқишни, ёзишни билмас эдилар. Жаброил Пайғамбар алайҳиссаломни қучоқлаб қаттиқ қисди, Расулуллоҳнинг оёқ-қўлларидан мадор кетиб, бўшашиб қолдилар. Жаброил қўйиб юбориб яна: «Ўқи!» деди. Пайғамбар алайҳиссалом тағин: «Ўқишни билмайман», дея жавоб қайтардилар. Жаброил яна у кишини қаттиқ қисиб, қўйиб юборди-да, «Ўқи!» деб буюрди. Расулуллоҳ тағин: «Ўқишни билмайман», дея жавоб қайтардилар. Жаброил у кишини учинчи марта қаттиқ қучоқлаб қўйиб юборгач: »Инсонни қуюқ қондан яратган Роббингнинг номи билан ўқи. Роббинг бениҳоя ҳурматга сазовордир. У қалам билан ёзишни ўргатди, инсонга билмаган нарсаларини билдирди», деди (Алақ сурасининг 1−5-оятлари).

Пайғамбар алайҳиссалом фаришта билан илк бор учрашувдан қаттиқ ваҳимага тушиб, уйга шошилдилар. Қўрқувдан пайдо бўлган титроқни босолмай Хадижага: «Мени ўраб қўйинглар, яхшилаб ўраб қўйинглар!» деб буюрдилар. Хадижа у кишини ўраб-чирмаб, титроқлари босилгунча тепаларида ўтирди. Расулуллоҳ юз берган воқеани баён этиб: «Ўзимдан хавфсираб қолдим», дедилар, чунки у киши Жаброил ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасдилар. Шу боис фаришта қучоғига олиб, қаттиқ қисганда қўрқув ва оғриқдан жонлари ҳалқумларига келиб қолди. Хадижа умр йўлдошларига тасалли бериб: «Аллоҳ қариндош-уруғларига раҳм қиладиган, ожизу нотавонлардан марҳаматини аямайдиган, йўқсилларнинг ҳолидан хабар оладиган, мазлумларга ёрдам қўлини чўзадиган, меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутадиган сиздек одамни ҳаргиз ёмон аҳволга солиб қўймайди. Яратган эгам сизга шайтонни рўбарў қилиб, васвасага солмайди. Иймоним комилки, Аллоҳ халқингизни ҳидоят қилиш учун сизни танлабди», деди. Хадижа ўз фикрини исботлаш учун илоҳий китобларни ўқиган, аввалги пайғамбарларнинг таржимаи ҳолидан хабардор олимларга учрашишни кўнглига тугиб, Расулуллоҳни амакисининг ўғли Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига олиб борди. Варақа жоҳилият даврида насроний динига кирган, иброний ёзувни пухта эгаллаб, бу ёзувда Инжилга жуда кўп шарҳлар ёзган, ёши ўтиб, кўзи ўтмаслашиб қолган мўътабар олим эди. Муҳаммад алайҳиссалом у кишига кўрган-кечирганларини бир бошдан гапириб бердилар. Варақа: «Аллоҳнинг Мусо пайғамбарга юборган шариати − мана шу", деди. Бу зот Жаброилнинг Худо томонидан ўз пайғамбарларига юбориладиган элчиси эканидан хабардор эди, «Кошки, ёш йигит бўлсам, — деди Варақа афсус-надомат билан, — қавминг ота-бобоси эътиқод қилиб келган динини ўзгартиришни тарғиб этганинг учун сени ёмон кўриб, душманлик қилишади, туғилиб ўсган юртингдан ҳайдаб чиқаришади». Расулуллоҳ бу гапдан ҳайратга тушдилар, чунки у Зот ҳусни хулқ, ростгўй бўлганликлари учун қабиладошлари яхши кўриб, Муҳаммад амин, яъни ишончли Муҳаммад, дейишарди. Варақа: «Пайғамбарлик шарафига эришган одамнинг душмани бўлади», деди. Қуръони каримдаги Иброҳим сурасининг 13-оятида бу ҳақда тўхталиб: «Кофирлар пайғамбарларга: «Сизларни ё тупроғимиздан ҳайдаб чиқарамиз, ё динимизга қайтишинглар керак», дейди», деб Худо ўз элчиларининг бошига тушадиган ишлардан огоҳ этади. Умри поёнига етиб қолганини сезган Варақа Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига астойдил ишониб: «Сен одамларни динга даъват этганингда тирик бўлсам, қўлимдан келганича ёрдам берардим», деди. Чиндан ҳам орадан кўп ўтмай Расулуллоҳга суянчиқ бўлиши мумкин бўлган бу одам оламдан ўтди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ