Расулуллоҳнинг Мадинага ҳижрат қилишлари

1 ўн йил аввал 2414 siyrat.uz

 

Пайғамбар алайҳиссалом дарров дўстлари Абу Бакрнинг ёнига бориб, Аллоҳ ҳижрат қилишларига ижозат берганини айтдилар ва икков йўл тадорикини кўришди. Абу Бакр сафарга тайёрлаб қўйган икки туянинг устига юкларини орта бошлади, битта мешга озиқ-овқат, биттасига сув солинди. Дайл ибн Бакр уруғидан Абдуллоҳ ибн Урайқитни йўл бошловчиликка ёллашди. У уста йўл бошловчи бўлгани учун, мушриклигига қарамай, уч кундан кейин Савр ғорида учрашишга келишиб, икки туяни юклари билан ишониб топширишди. Шу куни кечаси суиқасдчилар ўз манфур ниятларини амалга оширишлари керак эди. Улар Расулуллоҳнинг эшиги олдида тўпланишди. Пайғамбар алайҳиссалом ғанимларида шубҳа туғдирмаслик учун ўринларига амакиларининг ўғли Алини ётқизиб қўйдилар. Мушриклар эса у кишини кўздан қочириб қўймаслик учун эшик тирқишидан мўралаб туришди. Расулуллоҳ тўнларини Алининг устига ёпдилар-да, Ёсин сурасининг 9-оятини ўқиб, ташқарига чиқдилар. «Уларнинг олдида бир тўсиқ, орқасида бир тўсиқ пайдо қилиб, кўзларига парда тортдик, шу боис ҳеч нарсани кўришолмади». Аллоҳ қонхўрларни ухлатиб қўйди. Пайғамбар алайҳиссаломиинг уйдан чиққанларини ҳеч ким кўргани йўқ. У киши келишилган жойда Абу Бакр билан учрашдилар. Икковлон Савр ғорига кириб яширинишди. Мушриклар суиқасдлари барбод бўлганидан, туни билан Расулуллоҳни эмас, Али ибн Абу Толибни пойлаб чиқишганидан ҳайратга тушишди. Шу заҳоти Пайғамбар алайҳиссаломни излаб йўлга отланишди, у кишини тутиб берган ёки қаердалигини айтган одамга мукофот ваъда қилишди. Агар улар Савр ғорига бориб қарашса, Расулуллоҳ билан Абу Бакрни бемалол топиб олишлари мумкин эди. Ночор аҳволда қолганларидан қаттиқ ўкинган Абу Бакр йиғлаб юборди. Пайғамбар алайҳиссалом унга тасалли бериб: «Қайғурма, Аллоҳ биз билан бирга», дедилар. Чиндан ҳам Парвардигор мушрикларнинг кўзини кўр қилиб қўйди. Ғорга қараш биронтасининг эсига ҳам келмади, ҳатто Расулуллоҳнинг ашаддий душманлари Умайя ибн Халаф уларнинг бу ерга яшириниши мумкинлигини тасаввурига ҳам сиғдиролмасди. Мушриклар чор-атрофни тит-пит қилиб, изғиб юришди. Қочоқлар уч кунгача ғордан чиқмай пусиб ётишди. Абу Бакрнинг ўғли зийрак, уддабурон йигит эди, у кундузлари мушрикларга аралашиб, Расулуллоҳ билан отаси ҳақида эшитган-билганларини уларга гапириб берар, қош қорайганда изига қайтиб, ғорда тунарди. Бомдоддан кейин яна Маккага етиб келарди. Унинг изини йўқотиш учун Омир ибн Фуҳайра боқаётган қўйларини унинг орқасидан ҳайдарди. Таъқиб тугаган куни эрталаб йўл бошловчи Абдуллоҳ ибн Урайқит етиб келди. Улар Қизил денгизни ёқалаб йўлга тушишди. Кутилмаганда орқадан Суроқа ибн Молик келиб қолди, у мушрикларнинг Расулуллоҳни ўлдирган ёки тутиб берган одамга мукофот таъсис этишганидан хабардор эди. Мудлиж қабиласидан беш-ўн киши гаплашиб ўтиришганида биров келиб: «Денгиз бўйида уч-тўрт кишининг қорасини кўрдим, Муҳаммад билан бирга қочган шериклари эмасмикин?» деди. Мукофотни бир ўзи олишни кўзлаган очкўз Суроқа: «Фалончи-писмадончилар йўқолган молларини излаб юришган эди, шуларни кўргандирсан», дея гапни чалғитди ва бир оздан кейин секингина даврадан сирғалиб чиқди-да, отга миниб, қочоқларнинг изидан тушди. Уларга яқинлашганда оти мункиб йиқилди. Ўрнидан туриб яна отига минди, овоз бемалол эшитилгудек жойгача яқинлашиб келди. Расулуллоҳ парво қилмай хотиржам кетавердилар. Абу Бакр эса тез-тез орқасига бурилиб қарарди. Тўсатдан Суроқанинг оти тиззасигача қумга ботиб қолди. У отини қамчилаб жойидан жилдиришга уринди. Жони азобда қолган жониворнинг оёқлари қумдан чиқар-чиқмас, чанг-тўзон кўтарилиб, кўзлари ҳеч нарсани кўрмай қолди. Шум нияти ғалати йўсинда барбод бўлганидан қаттиқ ваҳимага тушган Суроқа ёрдам сўраб Пайғамбар алайҳиссаломни чақирди.

Расулуллоҳ ҳамроҳлари билан Суроқа етиб келгунча кутиб турдилар. У мушрикларнинг ёвуз ниятларини, Расулуллоҳни тутиш учун ҳамма чораларни ишга солишаётганини, ҳатто пул сарфлашаётганини айтиб берди ва ёнидаги бор озиқ-овқат билан йўлга керакли нарсаларни уларга таклиф этди. «Бизга нарсаларинг керак эмас, фақат қувлаб келаётганларга кўрмадим, десанг, бас», дейишди улар. Суроқа омонлик хати сўраган эди, Расулуллоҳ Абу Бакрга ёзиб беришни буюрдилар.

Аллоҳ катта илтифот кўрсатиб ўз Пайғамбарини бало-қазолардан асради. Мадиналиклар Расулуллоҳ келаётганларидан хабар топиб, ҳар куни Ҳаррага — қора тошли сой бўйига чиқишарди ва қуёш тикка келгандагина қайтиб кетишарди. Шундай кунларнинг бирида бир яҳудий Пайғамбар алайҳиссаломнинг олисдан элас-элас кўринаётганларини хабар бериб: «Ҳай араб жамоаси, сизлар кутаётган Пайғамбар келяпти!» дея қичқирди. Ансорлар апил-тапил сой бўйига югуриб, Расулуллоҳнинг йўлларига пешвоз чиқдидар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ