Ҳамроул Асад ғазоти

3 йил аввал 1997 siyrat.uz


Пайғамбар алайҳис-салом мушриклар узил-кесил ғалаба қозониш ниятида орқага қайтиб, шаҳарни талон-тарож қилиш эҳтимолининг олдини олиш ниятида саҳобаларни душманни таъқиб этишга чақирдилар ва сафарга фақат Уҳуд жангида қатнашганлар бориши мумкинлигини уқтирдилар. Саҳобалар жароҳатларига малҳам қўйиб, Уҳуд ғазоти учун боғланган аъламни ечмасданоқ жангга отланишди. Бу сафар байроқ Али ибн Абутолибга тутқазилди. Расулуллоҳ ўз ўринларига Мадинада Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни қолдирдилар. Лашкар жадал йўлга чиқиб, Мадинадан саккиз мил олисдаги Ҳамроул Асад деган жойга етиб келди.

Пайғамбар алайҳис-саломнинг тахминлари тўғри чиқди: мушриклар Мадинани босиб олиб тўла зафар қозонмай кетаётганлари учун қаттиқ баҳслашаётган, изига қайтиб, мусулмонларни бош кўтармайдиган қилиб қўйишни кўзлаб туришган экан. Расулуллоҳнинг лашкар тортиб келаётганларини эшитгач, Уҳуд жангида қатнашмаганлар ҳам улар билан бирга отланган бўлса керак, деган хаёлга боришди. Қўрқувдан ўтакалари ёрилиб орқа-олдига қарамай Маккага қочишди. Расулуллоҳ қўлга тушган шоир Абу Аззани ўлимга буюрдилар. У Бадрда асирга тушганда мусулмонларга қарши ташвиқот юргизмаслик шарти билан қўйиб юборилган эди. «Эй Муҳаммад, қизларим учун қўйиб юбор, болаларимни етим қилма. Бундан кейин сенга қарши бир оғиз ҳам гапирмасликка ваъда бераман", дея ёлборди. "Йўқ, сенинг Маккага соғ-саломат бориб, Муҳаммадни икки марта боплаб лақиллатдим, дейишинга йўл қўйилмайди. Мўмин одам чаён чаққан тўшакка иккинчи марта қўлини тиқмайди, — дедилар расулуллоҳ қатъият билан ва Зайидга юзланиб буюрдилар. — Унинг калласини танидан жудо қил!" Буйруқ шу заҳоти ижро этилди.

Расулуллоҳнинг юқоридаги гапларидан алдам-қалдамдан сақлан-маган одам ақлли ҳисобланмаслиги, ҳокимиятнинг асосини мустаҳқамлаш учун, қатъиятли бўлиш зарурлиги англашилади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ