Mуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон (13)

1132

Пайғамбар алайҳис саломнинг фасоҳат ва балоғатларининг  комиллиги

Давоми…

Аммо энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатдаги каломлари, барчамизга маълум фасоҳатлари, пур маъноли сўзлари ҳамда бизларгача етиб келган  ҳикматларига келсак, бу борада кўплаб олимлар девонлар битиб, унинг лафзларию маънолари хусусида китоблар тўплаганлар. У китоблар орасида фасоҳат ва балоғатда тенги йўқ бўлганлари ҳам мавжуддир. Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари билан табаррукланиш мақсадида одатдаги каломлари ва фасоҳату балоғатларидан барчамизга фойдали бўладиганларини зикр қилиб ўтамиз:

  • «Албатта, амаллар ниятларга қараб бўлади». (Икки шайх ривояти).
  • «Амал қилувчининг амалидан фақатгина ният қилгани бўлади. Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир». (Табароний ривояти).
  • «Эй Аллоҳнинг отлиқ аскарлари, мининглар». (Икки шайх ривояти).
  • «Барча ов ёвоййи эшакнинг қорнида». (Ромаҳурмузий ривояти). Яъни бу ҳадис худди мақол каби ишлатилади. Ундан мурод ов қилишда ёвоййи эшакка етадигани йўқ дегани. Одатда бу сўз бир ишни бошқалардан кўра қойиллатиб қиладиган кишига нисбатан айтилади. Валлоҳу аъламу.
  • «Уруш макру хийла қилишдан иборат». (Икки шайх ривояти).
  • «Гўнгқўнғиздан ва ёмон жойда катта бўлган чиройли аёлдан сақланинглар». (Ромаҳурмузий ривояти).
  • «Жиноятчи фақат ўзига жиноят қилган бўлади». (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).
  • «Жасоратли, кучли киши бу инсонлардан ғолиб бўлган эмас, балки нафсидан ғолиб бўлгандир». (Ибн Ҳиббон ривояти).
  • «Кучлилик бу кураги ерга тегмаганлик билан эмас. Ҳақиқий жасур киши ғазаб пайтида ўзига эгалик қила оладиган кишидир». (Икки шайх ривояти). Яъни бақувват киши бу бошқаларни енгадиган киши эмас, балки ўзини енгадиган кишидир.
  • «(Эшитилган) Хабар кўз билан кўрганчалик эмасдир». (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).
  • «Мажлислар омонатдорлик устига барпо бўлади». (Уқайлий ривояти).
  • «Бало сўз, нутққа муваккал қилингандир (топширилгандир)». (Ибн Абу Шайба ва бошқалар ривояти).
  • «Ёмонликни тарк қилиш ҳам садақадир».
  • «Бахилликдан ёмонроқ касаллик бўлиши мумкинми?» (Бухорий ривояти).
  • «Икки эчки сузишмайдиган масала». Яъни хилоф ҳам низо ҳам бўлмайдиган масала ёки мутлақо ҳал бўлган масала.
  • «Ҳаё буткул яхшиликдир». (Муттафақун алайҳи).
  • «Ёлғон қасам ичиш диёрни саҳро ҳолатга олиб келади». (Фирдавснинг муснадида ривоят қилинган).
  • «Қавмнинг саййиди уларнинг хизматчисидир». (Абу Абдурроҳман ас-Суламий ривояти).
  • «Илмнинг фазилати ибодатнинг фазилатидан яхшироқдир». (Табароний ва бошқалар ривояти).
  • «Отларнинг пешоналарида яхшилик бордир». Бошқа бир ривоятда: «…. пешоналарида яхшилик боғлангандир», дейилган. (Муттафақун алайҳи).
  • «Савобни энг тез қўлга киритишга сабаб бўладиган яхшилик бу ўзгаларга яхшилик қилиш ва силайи раҳмдир (яқинлар билан борди-келди қилиш). Жазоси, азоби энг тез келадиган ёмонлик эса бу бировга зулм қилиш ва қариндошликни узишдир». (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).
  • «Албатта, баъзи баёнлар сеҳрдир, баъзи илмлар жаҳолатдир, баъзи шеърлар ҳикматдир». (Абу Довуд ривояти).
  • «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар бепарводирлар. Сиҳат-саломатлик ва бўш вақт». (Имом Бухорий ривояти).
  • «Макру хийла ва алдашнинг олиб борадиган жойи жаҳаннамдир». (Байҳақий ва Баззор ривояти. Тарғиб қилинадиган ўринларда ушбу ҳадисга амал қилинади).
  • «Маслаҳатчи ишончга лойиқдир». (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).
  • «Надомат тавбадир». (Табароний ва Имом Аҳмад ривояти).
  • «Яхшиликка далолат қиладиган худди уни қилган киши кабидир». (Аскарий ва Таьароний ривояти). Тарғиб қилинадиган ўринларда ушбу ҳадисга амал қилинади).
  • «Бир нарсани яхши кўришинг (кўзингни) кўр ва (қулоғингни) кар қилади». (Аҳмад, Абу Довуд ва бошқалар ривояти). Ҳасан ҳадис.
  • «Ориятга олинган нарса адо қилинувчидир. Фойдаланишга бериб турилган нарса қайтариб берилувчидир. Дин ҳукм чиқарувчи. Кафил эса зомин (жавобгар) бўлувчидир». (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
  • «Сендан олдин Уккоша ўзиб кетди». (Имом Бухорий ривояти).
  • «Мол-мулкнинг энг яхшиси ухловчи кўзнинг бедор бўлувчи кўзидир». Бу ҳадиснинг маъноси: албатта, мол-мулкнинг энг яхшиси манфаати доимий бўлувчисидир, худди инсонлар оқизиб қўядиган булоқ сувлари каби. Уни оқизиб қўйган эгаси ухласа ҳам булоқ кеча ва кундуз оқаверади, савоби ҳам ёзилаверади.
  • «Киши молининг энг яхшиси кўп туғувчи бия ва четларига хурмо экилган йўлакдир». (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).
  • «Ким амал қилишни кечиктирса, орқага сурса, насаби тезлатиб қўймайди». (Имом Муслим ривояти).
  • «(Биродарингизни) гоҳ-гоҳида зиёрат этинг, сизга бўлган муҳаббати зиёдалашади». (Ҳасан ҳадис).
  • «Албатта, сизлар инсонларни мол-мулкларингиз билан ҳаргиз тезлата ололмайсизлар, бас, уларни ўз ахлоқларингиз билан тезлатинглар». (Абу Яъло ва бошқалар ривояти).
  • «Албатта, бу дин мустаҳкамдир. Сен унга мулойимлик ила киргин». (Имом Аҳмад ривояти. Санади яхшидир. Бир ривоятда қуйидаги зиёдалар келтирилган: «(Бошқалардан узилиб ўзи ёлғиз қолган киши кўзлаган жойига етиб бора олмайди, туясини ҳам соғ қолдирмайди»). (Баззор ривояти). Бунинг маъноси: бу ёлғиз қолган киши мурод олдиндагиларга етиб олиш мақсадида уловини аямай, унга тоқати етмайдиган нарсаларни юклайдиган киши назарда тутилган. У бу ҳолатида қанча шошилмасин на кўзлаган ерига етиб олади ва на туяси соғ қолади.
  • «Албатта, дин осондир. Ҳаргиз бирортангиз динга қарши урушмасин, акс ҳолда мағлуб бўлади». (Имом Бухорий ривояти).
  • «Оқил нафсини сарҳисоб қилиб, ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қиладиган кишидир. Ожиз киши эса ҳавойи нафсига эргашиб, Аллоҳ таолога кўплаб умид қиладиган кишидир». (Имом Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоят қилишган. Имом Ҳоким саҳиҳлар қаторига киритганлар).
  • «Қалбингизда нимага тараддудланиш топсангиз, уни тарк қилинг» (васвасага эътибор берманг) . (Табароний ривояти).
  • «Аёл кишининг чиройи, моли, дини ҳамда насабига қараб никоҳланилади. Диндорини лозим тут, акс ҳолда қўлинг тупроққа қоришиб қолади». (Муттафақун алайҳи).
  • «Қиш фасли мусулмоннинг баҳоридир. Кундузи қисқа бўлганида рўза тутади, тунлари узун бўлганида бедор бўлади». (Байҳақий ва бошқалар ривояти. Ҳайсамий: «Бу ҳадиснинг санади ҳасандир», деб айтганлар).
  • «Қаноъатли бўлиш битмас-тугамас молдир, йўқ бўлмайдиган хазинадир». (Табароний ва бошқалар ривояти. Ушбу ҳадисда маъноси саҳиҳ саналган калом мавжуддир).
  • «Истихора қилган ноумид бўлмади, маслаҳатлашган надомат чекмади, иқтисод қилган фақир бўлмади». (Табароний ривояти. Ушбу ҳадисга одоб-ахлоқ ўринларда амал қилинади).
  • «Нафақа (сарф-ҳаражат)да иқтисод қилиш ҳаётнинг ярмидир. Инсонларга дўстона муносабатда бўлиш ақлнинг ярмидир. Гўзал савол бериш илмнинг ярмидир». (Имом Байҳақий  ва бошқалар ривояти).
  • «Ақлчалик тадбир йўқдир, азият етказишдан тийилишчалик тақво йўқдир ҳамда гўзал хулқчалик обрў-эътибор, шон-шуҳрат йўқдир». (Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти).
  • «Ҳақиқий мусулмон бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир. Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ҳижрат қилган (нарсаларни тарк қилган) кишидир». (Муттафақун алайҳи).
  • «Тадбир қилиш ҳаёт кечиришнинг ярмидир, инсонлар муҳаббатига сазовор бўлиш ақлнинг ярмидир, ғам-ғусса қариликнинг ярмидир. Бола-чақаларнинг озлиги икки бойликнинг биридир». (Имом Дайламий ривояти).
  • «Омонатдорлиги йўқ кишининг иймони йўқдир, аҳду паймони йўқ кишининг дини йўқдир». (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).
  • «Қадрдон дўстларга гўзал муомалада бўлиш иймондандир». (Имом Ҳоким «мустадрок»ларида ривоят қилганлар).
  • «Кишининг чиройи тилининг фасоҳатидадир». (Қодоий                                                                                                                                                 ривояти).
  • «Иккита еб тўймас очкўз бор: бири толиби илм, яна бири дунёни талаб қилувчи». (Имом Табароний ва бошқалар ривояти).
  • «Нодонликдан кўра ашаддийроқ фақирлик йўқдир. Ақлдан кўра азизроқ мол йўқдир, ужубланишдан кўра ашаддийроқ ёлғизлик, одамовилик йўқдир». (Имом Ибн Можа ривояти).
  • «Гуноҳ унутилмас, яхшилик ўчмас, Дайён Зот ўлмас, бас, қандай хоҳласанг, шундай бўл». (Фирдавс муснадидаги Дайламийнинг ривояти).
  • «Илмга ҳалимлик қўшилганидан кўра гўзалроқ бирор бир нарса йўқдир». (Аскарий ривояти).
  • «Ризқни ер ости бойликлари (ёки зироатли ерлар)дан изланглар». (Абу Шурайҳ ривояти).
  • «Дунёда худди мусофир ёки йўловчи каби бўлгин, ўзингни қабр аҳлларидан деб ҳисобла». (Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти).
  • «Яхшилик, мурувватли ишлар ёмон, ҳалокатли ишлардан сақлайди, махфий тарзда садақа бериш Робб таолонинг ғазабини сўндиради, силайи раҳм қилиш умрни зиёда қилади». (Имом Табароний ривояти).
  • «Афвли, кечиримли бўлиш бандага азизликни зиёда қилади, тавозуъли бўлиш мартабасини юксалтиради, бирон бир мол садақа туфайли камайиб қолган эмас». (Имом Муслим ривояти ва бошқалар турли лафзлар билан ривоят қилганлар).

Мазкур ҳадислардан яна бошқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари, маърузалари, хутбалари, дуолари ҳамда ўзгалар билан келишувлари ҳақида кўп сонли ровийлар бир-бирларидан ривоят қилганлар.

Ҳеч шак-шубҳасизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча соҳада хоссатан фасоҳат ва балоғат соҳасида у Зотга бирор кишини қиёс қилиб бўлмайдиган даражада юксак мақомдадирлар, бу борада энг пешқадамликни қўлга киритгандирлар.

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам −комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.     

Мулоҳаза билдиринг