Табук ғазотига чиқмаган уч киши ҳақида ҳикоя

1 ўн йил аввал 2091 siyrat.uz

 

Каъб ибн Молик Хазражий, Мурора ибн Робиъ Асий ҳамда Ҳилол ибн Умайя Авсийлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб қилган айблари учун узр сўрашди. Каъб кириб келганда Расулуллоҳ захархандалик билан: «Нега кўпчиликдан ажраб қолдинг?» дея хушлаймайгина сўрадилар. Каъб: «Эй Расулуллоҳ, сиздан бошқа одамнинг ҳузурида бўлсам, сўзамоллик санъатимни ишга солиб узр айтардим, уни гапимга ишонтириб ғазабидан қутилиб қолардим. Лекин бугун ёлғон гапириб, сизнинг розилигингизга эришганим билан Аллоҳнинг ғазабига учрашим мумкин. Худо ҳақи, ростини айтсам, мендан хафа бўласиз, бироқ ҳақ гапни айтмай, иложим йўқ. Аллоҳнинг карами кенглигига ва узримни қабул қилишига умид боғлаб, тўғрисини айтаман. Ғазотга чиқмаслигимга ҳеч қандай сабаб йўқ эди» деди.

Пайғамбар алайҳиссалом «Ростини айтдинг, бор, Аллоҳнинг ҳукмини кут», дедилар. Каъбнинг икки шериги ҳам ростини айтиб узр сўрашди. Расулуллоҳ уларга ҳам юқоридаги жавобни бердилар ва мусулмонларга аралашиб, муомала қилишни тақиқладилар, ҳатто хотинлари билан яқин муносабатда бўлишни ҳам ман этдилар. Ҳилол ибн Умайянинг хотини ўртага тушиб, эрининг қарилиги ва оғирини енгиллаштирадиган хизматкори йўқлигини айтиб, шафқат сўради. Расулуллоҳ унинг узрини эътиборга олиб, эрининг хизматида бўлишга ижозат бердилар. Гарчанд Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат кўрсатган бўлсалар-да, берилган жазо уларга кенг оламни тор қилди, бирон кимса билан гаплашолмай юраклари зардобга тўлди, ёлғиз Аллоҳдан ўзга нажоткорлари йўқлигини англаб, унга сиғиниб, ёлборишди. Карами кенг Парвардигор уларнинг тавбасини қабул қилди.

Пайғамбар алайҳиссалом уларга одам юбориб, Аллоҳ таолонинг бу катта неъматидан башорат бердилар. Тўда-тўда одамлар уйларига бориб учовлонни Аллоҳ таоло гуноҳидан ўтгани билан қутладилар. Каъб масжидга кирган пайтида Пайғамбар алайҳиссалом уни очиқ чеҳра билан қаршилаб: «Эй Каъб, сенга ҳаётингдаги энг яхши кун келганидан  башорат бераман», дедилар. Каъб: «Бу башорат сиз томондан келганми ёки Аллоҳ томониданми?» деб сўради. «Аллоҳ томонидан», дея жавоб бердилар Расулуллоҳ. Қувончи ичига сиғмай кетган Каъб: «Эй Расулуллоҳ, менинг тавбамни қабул этгани учун бор мол-мулкимни Аллоҳга ва унинг Расулига садақа қилдим», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Мол-мулкингнинг бир қисмини олиб қол, ўзингга ҳам керак бўлиб қолади», дедилар ва шундан кейин учовлоннинг тавбаси қабул қилинганлиги ҳақидаги Тавба сурасининг 118-оятини ўқиб бердилар: «Аллоҳ ғазотдан қолиб кетган уч кишининг тавба қилишига ҳам ижозат берди. Чунки кенг олам уларга тангу тор бўлган, юраклари сиқилган, улар Аллоҳдан ўзга сиғинадиган ҳеч ким йўқлигини англаб етишган эди. Тавба қилишгани учун Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул айлади. Аллоҳ тавбани, албатта, қабул этгувчи, бениҳоя меҳрибон(зот)дир».



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ