Тоиф аҳолисига ёзилган мактуб

3 йил аввал 1918 siyrat.uz

 

Пайғамбар алайҳиссалом Тоиф аҳолисига қарата хат ёзиб, элчилардан бериб юбордилар:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад Пайғамбардан мўъминларга: «Важ*даги дарахтларни кесиш, ҳайвонларни овлаш ҳаромдир. Бунга амал қилмаган одамнинг кийимини ечиб дарра урилади».

Ислом дини олдин халқимизнинг қалбига тузукроқ ўрнашиб олсин ва нодон хотин-халажларнинг эсхонаси чиқиб кетмасин, деган ўйда Расулуллоҳдан сақифликлар чўқинадиган бутни йўқотишни бир ойга кечиктиришни илтимос қилишди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг бу илтимосига розилик бердилар.

Элчилар йўлга чиққанларидан кейин Усмон ўз ҳамроҳларига юзланиб: «Мен сақифликларни яхши биламан, биз ҳозирча мусулмон бўлганимизни улардан сир тутайлик, бировлар билан урушишнинг, ноҳақ қон тўкишнинг ёмонлигини айтиб қўрқитайлик. Уларга: «Муҳаммад бизни машаққатли ишларга даъват этган эди, кўнмай бош тортдик, у бутларимизни парчалашни, зино қилмасликни, ароқ ичмасликни, судхўр бўлмасликни талаб қилди, деймиз», деди. Ҳамроҳлари унинг таклифини маъқул кўриб, юртига етиб келишгач, қабиладошларига: «Биз қурол билан қарши чиққан одамларни енгиб, ўз динига киргизган ўта золим одамнинг ёнидан келдик», дея юқоридаги келишилган гапларни айтишди. Бу гапларни эшитган Сақиф аҳолиси Муҳаммад алайҳиссаломга ҳаргиз итоат этмасликка аҳд қилишди. Элчилар: «Ундай бўлса, қурол-яроғингизни шайлаб, қўрғонларингизни пухталаб урушга тайёргарлик кўринг», дейишди. Одамлар жанговар тайёргарликни бошлаб юборишди, бироқ орадан икки-уч кун ўтгач, Аллоҳ таоло уларнинг дилларига қўрқув, ваҳима солди. Улар кенгаша-кенгаша элчиларни чақириб келишди. «Биз ҳар қанча тайёргарлик кўрмайлик, барибир, Муҳаммад билан урушиб енголмайдиганга ўхшаймиз. Яхшиси бориб, у даъват этган ишларни қабул қилинглар», дейишди. Шундан кейингина элчилар сирни очиб, аллақачон мусулмон бўлишганини, фақат уларнинг жаҳолатидан хавфсираб шундай йўл тутишганини айтишди. Қабиладошлари ажабланиб: «Буни биздан яширишнинг нима ҳожати бор эди?» деб сўрашди. «Табиатингизда шайтон кибри бор, у сизларни доим васвасга солиб туради, шу нарса йўқолмагунча мусулмон бўлганимизни сир тутишга қарор қилдик, ўша пайтда сизлардан ҳар қандай ёмонликни кутиш мумкин эди», дейишди элчилар. Шу кундан эътиборан Сақиф аҳолиси иймон келтириб, мусулмон бўлишди.

_________________

*Важ — Тоифдаги бир жилғанинг номи.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ