Ҳижратнинг ўнинчи йили қўшин юбориш

522

 

Шу йилнинг рабиул охир ойида Пайғамбар алайҳиссалом Яманнинг Нажрон деган жойидаги Абду Мадон аймоғига Холид ибн Валид бошчилигида қўшин юбориб, уларни уч марта Ислом динига даъват этишни, агар бош тортишса, жанг қилишни буюрдилар. Мусулмонлар қўшини Нажронга етиб боргач, Холид ибн Валид отлиқ аскарларни чор атрофга йўллаб мусулмон бўлишса, омон қолажакларини айттириб, одамларни Ислом динига даъват қилдирди. Мусулмонлардан Ислом динининг аҳкомларини эшитган Абду Мадон аймоғининг одамлари ёппасига иймон келтиришди. Холид уларга Ислом дини билан Қуръони Каримдан таълим берди ва Пайғамбар алайҳиссаломга бу ердаги аҳвол ҳақида мактуб йўллади. Расулуллоҳ Абду Мадон аймоғидан элчи юборилишини сўраб, хат юбордилар. Уларнинг вакиллари келгач, Сарвари олам:«Жоҳилият даврида сизлар билан урушганларни қандай енгар эдинглар?» деб сўрадилар. Элчилар: «Аҳил эдик, бир ёқадан бош чиқарардик, бировларга тажовуз қилмасдик», дея жавоб беришди. «Бундан кейин ҳам мана шу фазилатларингизни сақлаб қолинглар. Мусулмонлар аҳил, ҳамжиҳат бўлишлари керак», дедилар Расулуллоҳ ва бу аймоққа Зайд ибн Ҳусайнни оқсоқол этиб тайинладилар.

Мулоҳаза билдиринг