Нажрон элчилари

606

 

Насроний Нажронларнинг олтмиш кишидан иборат элчилари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига ташриф буюришди. Улар эгнига қимматбаҳо кийимлар кийиб, бармоқларига тилла узуклар тақиб олишган эди. Улар Расулуллоҳга сурат солинган гиламлар билан жундан тўқилган кийимлар ҳадя этишди. Сарвари олам суратли гиламни эгаларига қайтардилар ва уларни Исломга даъват қилдилар. «Биз сизлардан бурунроқ ҳақ йўлни топганмиз», деб мусулмон бўлишдан бош тортишди. Расулуллоҳ: «Сизларнинг мусулмон бўлишингизга, аввало, салбга  (хочга) чўқинишингиз, иккинчидан, чўчқа гўштини ейишингиз, учинчидан, Аллоҳнинг боласи бор, деб эътиқод қилишингиз ҳалал беради, дедилар. Элчилар: «Исога ўхшаб отасиз яратилган бирон кимса борми?» деб сўрашди. Бунга жавобан Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги Оли Имрон сурасининғ 59-оятини нозил қилди: «Аллоҳнинг наздида Ийсо Одам алайҳиссаломга ўхшайди. Аллоҳ Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратди, кейин унга бўл, деган эди, у бўлди».

Аллоҳ таоло насронийларнинг эътиқоди чекланганлигини ошкор этиш учун Оли Имрон сурасининг 61-оятини нозил қилди: «Сен Ийсо ҳақида батафсил маълумотга эга бўлганингдан кейин кимки сен билан баҳолашса, уларга: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимизни ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни йиғиб, Аллоҳнинг лаънати ёлғончиларга бўлсин, дея Аллоҳга ёлбориб дуо қилайлик, дегин» Пайғамбар алайҳиссалом бу шартни таклиф этганларида насронийлар қатъиян бош тортишди. Ҳар йилнинг сафар ойида минг кишилик кийим, ражаб ойида минг кишилик кийим билан бир уқия олтин миқдорида хирож тўлашга рози бўлишди. Хирожни топшириб олишга ишончли бир одам юборилишини таклиф этишди. Расулуллоҳ уларнинг юртига Абу Убайда Омир ибн Жарроҳни юбордилар. Шундан эътиборан Абу Убайда Ислом умматининг ишончли одами деб аталди.

Мулоҳаза билдиринг