Абдул Қайс аймоғининг элчилари

505

 

Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалар билан саҳбатлашиб ўтирганларида: «Йўл йироқлигига, озиқ-овқат тахчиллигига қарамай, Шарқ аҳлининг яхшиси бўлган бир жамоа бу ерга Исломни ихтиёрий равишда қабул қилиш учун келади. Эй Аллоҳ, Абдул Қайс аймоғини мағфират қилгин», дедилар. Абдул Қайс аймоғининг элчилари етиб келгач, Пайғамбар алайҳиссаломни кўрган заҳоти уловларидан ўзларини таппа-таппа ташлаб, салом беришга ошиқишди. Абдуллоҳ ибн Авф Ашаж элчилар орасида энг ёши кичиги бўлгани учун туяларни чўктириб, юкларни ташитди ва шундан кейингина оқ матодан тикилган кийимларини кийиб, Расулуллоҳга салом берди. У пачоққина, кўримсиз одам бўлгани учун Расулуллоҳнинг ўзига тикилиб қараганларидан хижолат чекиб: «Эй Расулуллоҳ, одамнинг чиройига нон ботириб еб бўлмайди, инсон тили ва дили билан одам», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Сенда Аллоҳ ва унинг Пайғамбари яхши кўрадиган икки хислат — мулойимлик билан тамкинлик бор экан», дедилар ва шундан кейин элчиларга мурожаат қилдилар: «Хор-зорликда қолмай, надомат чекмай келган қавмни қучоқ очиб кутиб оламиз». Элчилар: «Эй Расулуллоҳ, биз бу ерга олис жойлардан* келдик. Икки ўртада Музор кофирларининг қабиласи бор, биз сизнинг ҳузурингизга фақат қон тўкиш ҳаром қилинган ойлардагина келишимиз мумкин. Шунинг учун адо этишимиз лозим бўлган ишларни очиқ айтиб, тушунтиринг», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Аввало, сизларни Аллоҳга иймон келтиришга буюраман. Бу нима дегани, биласизларми? Аллоҳга иймон келтиргин, дегани: Ла илаҳа иллалоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, рамазон ойида рўза тутиш ва ғаниматнинг бешдан бирини топширишдан иборат. Сизларнинг томошақовоқларда, Ҳантам (махсус мой билан мойланган идиш), нақир (хурмонинг илдизидан ясалган идишлар)да шароб ичишингизни ман этаман», дедилар. Ашаж: «Эй Расулуллоҳ, биз томонларнинг ҳавоси салқин, ароқ ичиб турмасак, қорнимиз шишиб, касал бўлиб қоламиз. Бизга оз-моз ароқ ичишга рухсат бермасангиз, бўлмайди», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Йўқ, озгинага рухсат берсам, кўпроқ ичасизлар. Кейин бир-бирингизга қилич кўтариб уришасизлар», дедилар. Ўша пайтда юқорида номлари зикр этилган идишларда шароб ичиш расм бўлгани учун Расулуллоҳ ичкиликка қўшиб улардан фойдаланишни ҳам тақиқладилар.

______________

*Уларнниг юрти форс қўлтиғига яқин жойда эди.

Мулоҳаза билдиринг